Қайднома

Қидирув

Суперлига-2022: Юбилей кўрсаткичларга ҳозирланинг!

Суперлига-2022: Юбилей кўрсаткичларга ҳозирланинг!

  03.03.2022 04:40
  0
  385
Суперлига-2022: Юбилей кўрсаткичларга ҳозирланинг!

ЎЗБЕКИСТОН ЧЕМПИОНАТИ: «ЮМАЛОҚ» НАТИЖАЛАР, ЎЙИНЛАР, ГОЛЛАР. Мана, ниҳоят, Суперлига-2022 стартига ҳам етиб келдик, ҳисоб. Барчамиз орзиқиб кутган янги мавсум кучли «интрига» тақдим этиши башорат қилинмоқда. Шунинг баробарида иштирокчи клублар кўплаб юбилей кўрсаткичлар, натижаларни нишонлайди, албатта. Марҳамат, қуйида Суперлига-2022да қайд этилиши кутилаётган «юмалоқ» рақамларга эътибор қаратишингиз мумкин.

«ПАХТАКОР»

* «Шерлар» миллий чемпио­нат ҳисобидан 2000-голни нишонлашга яқинлар. Улар бунинг учун яна 15та гол урсалар, бас.

* «Пахтакор» бу йил чем-пио­натда 900та ўйин маррасига етади. Аниқроғи, Суперлигадаги 20-учрашувида.

* «Пахтакорчилар» бу йилги мавсумда 2000-очкони расмийлаштириш имкониятига эгалар. Ҳозир бу маррагача 50 очко бор.

«СЎҒДИЁНА»

* Жиззах клубини чемпионатда юбилей - 1000-голдан атиги 38та аниқ зарба ажратиб турибди. Демак, ўтган мавсум рақиблар дарвозасини ишғол қилишда камтарона кўрсаткич билан (жами 26та гол) 2-ўринни эгаллаган «Сўғдиёна» «юмалоқ» рақамга етиш учун маҳсулдорликни ошириши керак.

* «Сўғдиёна» шунинг баробарида Суперлиганинг яна 5та ўйинида очколарни рақиблар билан бўлишиб олса, жамоанинг жами дуранглари сони 150та бўлади.

АГМК

* Олмалиқ жамоаси мамлакат чемпионати элит лигасида 15-мавсумни қарши олмоқда.

* АГМК Суперлига доирасида яна 10 марта майдонга тушса, 400та ўйин маррасини забт этади.

* Жамоанинг 150-ғалабасига яна 5та ютуқ керак.

* АГМК шунингдек, 90-дурангни қайд этади агар 5та учрашувни муроса кўчасида тугатса.

«НАСАФ»

* Қаршиликлар чемпионатнинг старт қисмидаёқ элит лига ҳисобидан 400-ғалабани нишонлаш имкониятига эгалар. Уларни бу маррадан атиги 2та ютуқ ажратиб турибди.

* Яна 5та ўйиндаги тенг ҳисоб «Насаф» статистикасига 150-дуранг сифатида ёзилади.

* «Насаф»нинг 1300-голига атиги 10та аниқ зарба керак. Қарши клуби элит лигадаги голлар сони бўйича фақат «Пахтакор», «Нефт­чи» ва «Навбаҳор»дан ортда, холос.

«БУНЁДКОР»

* «Бунёдкор» янги мавсумдаги 31та аниқ зарба билан чемпионат ҳисобидан 800та гол маррасини забт этади.

* Жамоа яна 5та баҳсда муроса кўчасини танласа, 90та дуранг кўрсаткичи қайд этилади.

* «Бунёдкор» юқори лигада 900та очко маррасига ҳам яқин. Ҳозирча бунга 17 очко етмаяпти.

«НАВБАҲОР»

* Наманган клуби Суперлига 1-турида «Насаф»ни енга олса, унинг чемпионат тарихида жамлаган жами очколари сони 1400тага етади.

* Худди «Пахтакор» каби «Навбаҳор» учун ҳам янги мавсумдаги 20-учрашув умумий ҳисобда 900-ўйин бўлади. Хуллас, Ўзбекистон чемпионати элит лигасининг барча мавсумларида фақат шу икки клуб иштирок этган.

«ЛОКОМОТИВ»

* «Темирйўлчилар» янги мавсумда чемпионат ҳисобидан 500-ўйинни нишонлашади. Бунинг учун яна 24та учрашув керак.

* «Локомотив»нинг янги мавсумдаги 20-ютуқли ўйини жамоа ҳисобига 250-ғалаба сифатида ёзилади.

* «Темирйулчилар» яна рақиб дарвозасига 28 марта йўл топишса, жами голларининг сони 800та бўлади.

«ҚЎҚОН-1912»

* Қўқонликлар бу йил 500-ўйинни нишонлашади. Бу маррага 20та учрашув қолди.

* «Қўқон-1912» тез орада чемпионат доирасида 600-очкони расмийлаштириши мумкин. Айни пайт жамоа ҳисобида 599 очко бор.

«ҚИЗИЛҚУМ»

Яққол кутилаётган юбилей кўрсаткичлар йўқ.

«СУРХОН»

Яққол кутилаётган юбилей кўрсаткичлар йўқ.

«МЕТАЛЛУРГ»

* Бекобод жамоаси элит лигада 700-ўйинни ўтказади. Айни пайт унинг ҳисобида 694та ўйин бор, демак, яна 6та керак.

«НЕФТЧИ»

* Суперлигага қайтган «Нефт­чи» мамлакат чемпионати юқори дивизионида 1600-голни нишонлаш учун бу йил рақиблар дарвозасини 34 марта ишғол қилиши керак.

«ДИНАМО»

* Яна бир эски-янги дебютантни элитадаги 250-ғалабадан атиги 9та ўйиндаги ижобий натижа ажратиб турибди.

«ОЛИМПИК»

* «Олимпик» Ўзбекистон чемпионати юқори лигаси тарихига 41-иштирокчи сифатида киради. 

Сергей КНЯЗЕВ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz