Қайднома

Қидирув

Лоақал уйда тинчлик сақласанг-чи...?!

Лоақал уйда тинчлик сақласанг-чи...?!

  03.03.2022 08:28
  0
  489
Лоақал уйда тинчлик сақласанг-чи...?!

Штеффен Баумгарт чиндан ҳам, Бундеслигадаги энг эҳтиросли мураббий эканлигини яна бир бора исботлади. «Кёльн» устози коронавирусга топширган тест таҳлили ижобий натижа бергани туфайли «Фрайбург»га қарши ўйинни оиласи даврасида, юмшоқ диванда кузатишга мажбур бўлди. Бироқ ўша машҳур кепкасини кийиб олган Штеффен  вақт ўтгани сайин уйда эканлигини бутунлай унутиб, ўзини худди стадион майдони четида тургандек тутди: бақирди, телевизорга қараб, кимгадир дакки берди, ҳаттоки, гоҳида сўкинишдан ҳам тийилгани йўқ.

Штеффен Баумгарт томоша давомида клуб видеотаҳлилчисига қўнғироқ қилиб, бақиришгача борди: «Кечирасан, ҳозир кимгадир бақирмасам бўлмайди! Ўйин бошидан буён атрофимдагиларга тинмай қичқиряпман, аммо кўнглим жойига тушмаяпти». Энг қизиғи, бу оралиқда эҳтиросли мураббийни фақат энг ёқимтой ёрдамчиси - Йори лақабли ити тинчлантиришга уринди. Аслида Штеффеннинг бу «жинни»лиги уй ичидан чиқмаслиги ҳам мумкин эди, бироқ мураббийнинг қизи ўйин пайти отаси қандай ҳолатга тушганини камерага ёзиб, барчасини ижтимоий тармоқларга жойлади.

Баумгартнинг ўзи кейинчалик ўз хатти-ҳаракатини оддийгина изоҳлади: «Йўқ, жамоам, шогирдларим ўйнаётган вақт диванда жимгина ўтирадиган одам эмасман. Ўша лаҳзаларда ўзимни майдон четида тургандек ҳис қилдим: тинмай у ёқдан буёққа юрдим, вақти-вақти билан телевизорга қараб бақирдим. Ҳаммаси табиий...». Афтидан, Штеффеннинг жон куйдириши жамоага таъсир қилган кўринади. Ҳар ҳолда, «Кёльн» мураккаб тус олган учрашувни Антони Модест урган ягона гол эвазига ўз фойдасига ҳал қилди. Умуман, ўйиннинг ўзи ҳам ҳиссиётларга бой бўлди: «Фрайбург» вакиллари қатор вазиятларда гол уришга жуда яқин келишди, фақат «эчкилар» дарвозабони Марвин Швабе сеҳрли «сейв»лар асносида жамоасини қутқариб қолди. У ожиз қолган бир ҳолатда эса, ҳакам пассив ўйин­дан ташқари ҳолат ташхиси билан «Фрайбург» голини инобатга олмади.

Баумгарт «Кёльн» бошқарувини ўтган ёзда қўлга олди. У бунга қадар «Падерборн»ни шуғуллантириб, 5 йил оралиғида камтарин жамоани учинчи дивизиондан Бундеслигага олиб чиққанди. Штеффен янги клубда ҳам аллақачон ҳурмат топишга улгурди. Дейлик, бир неча ой олдин «Кёльн» етакчиси Модест ўз голини мураббий олдида рақс тушиш билан нишонлаганди. Бунда унинг Штеффен бошидаги кепкасини кийиб олгани умумий манзарага қўшимча чирой бағишлади. Январь ойида эса мураббий 50 ёшга тўлди ва клуб вакиллари унга ясама Stffn Bmgrt Whisky шишасини совға қилишди.

Кёльнда ҳамма мураббийни яхши кўради. Дейлик, маҳаллий Express газетаси «Фрайбург»га қарши ўйин олдидан бутун бир саҳифада Штеффен юзини акс эттирди. Энг муҳими, Баумгарт хушчақчақликни яхши натижалар билан уйғунлаштирмоқда. Ҳар ҳолда, ўтган мавсум Бундеслигада «жон» сақлаб қолиш учун курашган «Кёльн» айни пайт еврокубоклар йўлланмасини кўзламоқда.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz