Қайднома

Қидирув

Каземиро: «Карточкалар ўз йўлига, принципларимдан асло воз кечмайман»

Каземиро: «Карточкалар ўз йўлига, принципларимдан асло воз кечмайман»

  04.03.2022 08:38
  0
  544
Каземиро: «Карточкалар ўз йўлига, принципларимдан асло воз кечмайман»

«Реал»нинг бразилиялик таянч ярим ҳимоячиси Каземиро - майдонда толмас жангчи. Ҳа, у рақибларга нисбатан қўполлик ишлатишга мойил ва бир қарашда, меъёридан кўп карточка олаётгандек, аммо жамоа­га катта наф келтираётгани хусусида баҳслашиш ўринсиз. Panen-ka нашри журналистлари Каземиро билан суҳбат жараёнида айни шу мавзуни ҳам ўртага ташлашди. Қизиқ, футболчи ўзининг ўйин услуби ҳақида нима дейди?

Яширин кучининг сири

- Азалдан футболга иштиёқим баланд. Болалигимда ҳар доим жамоада энг ёши саналганман. Дейлик, ўйин соат 17:00га белгиланган бўлса, «Балки таркибга футболчи етишмас...» қабилидаги хаёл билан соат 13:00даёқ стадионга ошиқардим. Ўша вақт ҳар қандай позицияда ўйнашга кўнардим. Умуман, болалигимда дарвозадан тортиб, ҳар бир нуқтада ўйнаб кўрганман. Турли позицияларда ҳаракатланиш ўзимга ҳам ёқарди. Ҳаттоки, дарвозага қўйишса ҳам, сира ранжимасдим. Дейлик, ҳужумчи ролидан воз кечиб, ярим ҳимояга мослашишда қандайдир муаммо сезмаганман. Ўйлашимча, кучли сифатларимдан бири шу - позицияларга тезда мослашиш. Агар ўйин қўпол ўтаётган бўлса, ўзимни қандай тутишни яхши биламан. Жанг қилиш керакми, тайёрман, нозик узатмалар орқали ҳаракатланиш зарурми, яна ўз жойимдаман. Футболга бундай ёндашув - мослашиш қобилияти болалигимдаёқ шакл­ланган, менимча.

Карло Анчелоттининг ўйинига муносабати

- Менимча, мураббий услубимни тўғри тушунади. У буни яширмайди: «Ҳам чиройли, ҳам хунук ўйинга бирдек жиддий ёндашадиган кам сонли футболчилардансан». Менимча, ҳаммаси айнан болаликдан шаклланади. Эсимда, ёшлигимдан энг оддий, ҳеч қандай аҳамияти йўқ баҳсда ҳам боримни берардим.

Таянч ярим ҳимоячи

ролига ёндашув

- Футболга дахлдор бир муҳим статистик маълумотни кўпчилик билмаса керак - ҳар бир ўйин 95-97 дақиқа давом этади. «Реал» футболчиси ўртача ҳисобда 2,5 дақиқа тўп билан муомалада бўлса, қолган 92-94 дақиқа давомида югуради, бўшлиқларни ёпади, эркин ҳудуд яратади... Баъзан мухлислар шу 2,5-3 дақиқалик ҳаракатни кузатиб, баҳо беришади: «О, қандай даража!» Аммо қол-ганини унутишади. Рақибнинг қарши ҳужумини тўхтатиш учун қоида бузишга тўғри келади, шу аснода бўшлиқ ёпилади. Бу катта иш, ўйин эса 97 дақиқадан иборат. Баъзан тўпсиз ишлаш энг муҳим жиҳатга айланади. Марказий ҳудуд ва таянч нуқтаси вакиллари кўпинча орқадан ўйнашади. Хуллас, биз ҳамиша қўшимча имкониятларни излашимиз керак, чунки битта хато ҳам жуда қимматга тушиши мумкин.

Модрич - Кроос - Марсело триоси

- Ҳар доим айтаман, натижа учун ҳаммаси керак: сифат, тезкорлик, қувват, озгина тажовуз ва ҳаттоки, ўринли қўполлик. Барчаси уйғунлашсагина, барқарор натижа келади. Масалан, Модрич, Кроос ва Марсело триосини олайлик, бири иккинчисига ёрдам беради ёки ўрнини тўлдиради. Бирида яхши узатма бор, иккинчисида тажовузкорлик, учинчисида сеҳр. Чиндан ҳам, ажойиб намуна. Бирдамлик ва ўзаро ритм шаклланмас экан, жамоа ҳеч қаерга боролмайди. Шу маънода айтсам, Марселога кўмаклашиш мен учун шараф, дунёда бирор латерал унинг олдига тушолмайди. Карточка олиш эвазига бўлсада, Марсело хатосини ёпишга ҳаракат қиламан одатда. Чунки у ҳам худди шундай қилишини яхши биламан. Яширмайман, футболда қўполлик ишлатиш ва карточка йиғишда давом этаман, лекин ўз принципларимдан асло воз кечмайман. Хусусан, ҳеч қачон рақибга ата­йин бутсанинг таг қисми билан ташланмайман.

«Қора» ишлар

завқи

- Майдонда «қора» ишлар, хусусан, тўпни рақибдан олиб қўйиш ҳам завқ бағишлайди. Бу мен учун гол уриш ёки унга ассистентлик қилиш билан тенгдир. Дейлик, ўйиндан сўнг аввало, рақибдан неча марта тўп олиб қўйганим билан қизиқаман. Асосийси, шу. Албатта, ҳамма гол уришни хуш кўради, лекин кимдир «қора» ишларни ўз зиммасига олиши керак-ку. Майдондаги кураш миқдори - мен учун жамоага нечоғли ёрдам берганим кўзгусидир. Тушунинг, асосий вазифам - бузиш, рақиб қарши ҳужумини тўхтатиш. Қолаверса, тактик қўполлик ва ифлос ўйин ўртасида катта фарқ бор. Аслида ҳар доим тўпга ўйнашга интиламан. Ҳа, кўп қўполлик ишлатаман, чунки жуссам катта. Умуман, шундай ҳаракатланиш ўзимга ёқади. Қайтараман, ҳеч қачон рақибни жароҳатлаш ҳақида ўйламайман. Агар кимгадир нотўғри зарба бериб юборсам, ўзимни қўярга жой тополмайман. «Фол» - ўйиннинг ажралмас қисми, аммо ифлос ўйин эмас. Онам берган тарбияга мувофиқ, майдонда рақибларга озор беришни ҳам, уларни ҳақоратлашни ҳам хоҳламайман. Албатта, тўқнашувлар бўлади, лекин бу футбол учун одатий ҳол.

Ўзаро тушуниб ҳаракатланиш аҳамияти

- Кроос ёки Модричга бир қараб, уларнинг тўпни қаерга ва қандай узатишларини тушунаман. Бу қандай шаклланганини таърифлолмайман. Йиллар давомида ўзаро боғламни ривожлантирдик. Мана, бу йил майдонда уларга янада яқинлашганимни ҳис қиляпман. Ўртамизда ажойиб дўстлик бор, «химия» майдондан ташқарига ҳам чиқади: ҳазил-мутойиба, борди-келди...

Хулен Лопетеги таъсири

- 2014Ғ2015 йиллар мавсумини айнан «Севилья»да бошлашим ҳеч гап эмасди - клубдан анча жиддий таклиф тушганди. Ўша мавсум «Севилья» Унаи Эмери бошқарувида Европа Лигасида ғолиб чиқди. Кейинчалик «Интер»да ижара муддатини ўташ варианти юзага келди. Флорентино Перес эса ҳар қандай ҳолатда ҳам, «Реал»да ўйнашимни хоҳлади. Айтганча, ўшанда яна «Порту»дан чорлов бўлди, тўғри, Португалияга боришни ўйлаганим ҳам йўқ. Фақат ўйин амалиётини хоҳлардим. Кейин Хулен Лопетеги қўнғироқ қилди ва 15 дақиқача унинг ўйин услуби ҳақида суҳбатлашдик. Очиғини айтаман, атиги 3 дақиқадан сўнг бир тўхтамга келгандим: «Бўлди, шу мураббий билан ишлашим керак». Энг муҳими, адашмагандим, чунки Хулен қисқа вақтда ҳам шахс, ҳам профессионал сифатида ўсишимга катта турт­ки берди. Бунинг учун ундан бағоят миннатдорман.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz