Қайднома

Қидирув

Функционерлар: Қаттиққўл аёл – Бундесқиролича

Функционерлар: Қаттиққўл аёл – Бундесқиролича

  05.03.2022 06:06
  0
  439
Функционерлар: Қаттиққўл аёл – Бундесқиролича

Биринчи ва иккинчи Бундеслигани ўз ичига олган Германия футбол лигаси (DFL) янги йилни янги президент билан қарши олди. Эндиликда Европадаги энг кучли биринчиликлардан бирини аёл функционер бош­қармоқда. Алоҳида факт шуки, Доната Хопфен DFL тарихидаги биринчи аёл раҳбардир. Кристиан Зайферт ўрнини эгаллаган 45 ёшли хонимни ўтмишдошининг самарали  фаолияти сира хавотирга солаётгани йўқ. Зайферт даврида Бундеслига чиндан ҳам, шиддатли тараққиётга эришди. Медиаменежер ва инноватор хоним эса энди Германия чемпионатини жаҳон футболидаги энг рақамлаштирилган лига даражасига олиб чиқиш хусусида баралла ваъда бермоқда. «Ўз анъана ва қадриятларимизни авайлаган ҳолда, дунё футболида энг рақамлаштирилган илғор чемпионат мақомини олишни истаймиз», - деди Хопфен Германия жамоатчилигига йўллаган видеомурожаатида. Хоним шунинг баробарида қўл остидаги ходимларга алоҳида уқтирди: «Иложи бўлмаяпти» қабилидаги баҳонага энди ўрин йўқ. Бу сўзни мутлақо унутинг!»

***

Доната Хопфен 15 йил давомида Германия­даги етакчи нашрлардан бири Bild таҳририятида инновация бўлимини бошқарди. Касбдошлари журъат этмаган паллада айнан у Бундеслига ўйинларини намойиш этиш ҳуқуқини сотиб олди. Доната мамлакатда энг кўп нусхада чиқадиган нашрга ўтган асрнинг 90-йиллари охирида Ройтлинген ва Мадриддаги таҳсилдан кейин амалиёт учун бош суққанди. Синов муддати тугагач, тиришқоқ қиз Accenture консалтинг агентлигидан иш топди. Доната айнан шу ерда замонавий лойиҳаларни рўёбга чиқариш борасида илк кўникмаларни ҳосил қилди. 2003 йили ёш мутахассис Bild нашрига қайтиб, яна инновацион дастурлар билан шуғуллана бошлади. Тез орада газетанинг бизнес тараққиёти бўлими унинг тасарруфига топширилди. Хопфен хоним кейинчалик Bild Digital директори сифатида нашр таркибидаги барча онлайн хизмат турларини бошқаришга ўтди.

Bild 2013 йили айнан Хопфен ташаббуси билан биринчилардан бўлиб онлайн-обуна амалиётини жорий қилиб, BildPlus иловасини чоп эта бошлади. Тўғри, ушбу қалтис қарор аввалига айтарли самара бергани йўқ. «Газетхонлар кўпинча Bild муқовасининг жарангдор сарлавҳасини кўришлари билан уни киоскдан 2 центга олиб кетаверадилар. Онлайн-обунанинг йўлга қўйилиши билан даврий нашрнинг бу устунлиги йўқолади», - деганди ўшанда медиаэксперт Оливер Нумрих. Хопфен эса бунга ишонч билан изоҳ берди: «Таваккалчиликка мамнуният билан қўл ураман. Лекин ундан аввал барча оқибатларини ҳисоблаб чиқаман. Зеро, ҳар ишда энг ёмон натижа нима бўлишини билиш жуда муҳим».Доната хато қилмаганди: ҳозирда Bild сайёрамиз нашрлари орасида етакчи 10таликдан жой олган, унинг онлайн-обуначилари сони аллақачон 500 мингдан ошган. Фақат АҚШ, Британия ва Япония нашрлари олдинда, холос.

Айнан 2013 йили газетанинг электрон вариантини чиқариш ҳам йўлга қўйилди. Электрон Bild аввалига 24 минг ўқувчига етказиб берилган бўлса, ҳозир обуначилар 5,5 бараварга кўпайди - 112 минг. Хуллас, Доната Хопфен лойиҳалари айни кунда Bild жамоасига роса қўл келмоқда. Зеро, босма нашр нусхаси кескин камайиб бориши ортидан катта зарар юзага келдики, буни инновацион ғоялар даромади қопламоқда. Рақамларда келтирсак, 2003 йили газета 4 млн. нусхада чиққан бўлса, 2013 йилда бу кўрсаткич 2,5 миллион, 2021 йил охирида эса 1,4 миллионга тушиб қолди. Аслида пасайиш бутун Европа газеталарига хос. Шунга қарамай, Bild ҳамон етакчилар қаторида. Дарвоқе, Horizont журнали 2014 йили Доната Хопфенни «Медиа соҳасида йил аёли» сифатида эътироф этди. Бунда унинг Bild гуруҳида жорий қилган янгиликлари инобатга олинган, албатта. Қўшимчасига, корчалон аёлни нашриёт бошқаруви раиси лавозимига таклиф этишди. Яъни Хопфен газетанинг босма ва онлайн вариантларига раҳбарлик вазифасини ўз зиммасига олди. Шу аснода медиа­менежер биринчи навбатда, иккала вариант­га битта таҳририят жавоб беришини таъминлади.

***

Доната Хопфен Бундеслига билан илк марта Bild нашрининг онлайн хизматини йўлга қўйиш жараёнида алоқа ўрнатди. Аниқроқ айтсак, хоним обуна қадрини ошириш мақсадида Германия чемпионати учрашувларини тезкор ёритиш ҳуқуқини сотиб олди. Шу тариқа асосан босма варианти билан танилган Bild замонавий мультимедиа ахборот воситаси мақомига кўтарилди. «ТВ-ҳуқуқлар ҳисобига шиддатли парвозни амалга оширдик. Футбол ва видео - нашримизнинг муҳим йўналиши. Қолаверса, бу BildPlus обуначилари учун қўшимча совғадир», - дея таъкидлаганди Хопфен. Раҳбар аёл нашриётдан кетиш арафасида, яъни 2017 йили Fussball Bild босма журналини чоп этишга ҳам улгурди. Бироқ уста медиаменежерсиз қолган журнални 2 йилдан кейин қониқарсиз молиявий кўрсаткичлар туфайли ёпишга тўғри келди.

***

Хопфенни ўта қаттиққўл аёл сифатида таърифлашади. Унинг ўзи барча аёл раҳбарлар хусусида шундай фикр шакллангани, бундан хафа эмаслиги ва ёрқин фаолияти баробарида намунали она бўлишга интилишини айтади. Хопфен 2017 йили Bild гуруҳидан воз кечиб, Verimi компаниясига ўтиб кетди. У Американинг гигант гуруҳларига жавоб сифатида ташкил этилган компанияда давлат ва тижорат сайтларига кириш имконини берадиган ягона тизим яратиш ишларида иштирок этди. Лекин атиги 1 ойдан сўнг янги иш жойидан ҳам кетишига тўғри келди. Айтишларича, у ерда Донатага муҳим қарорларни мустақил равишда қабул қилиш имкониятини беришмаган. Хопфен хоним Австралия ва АҚШда фаолият юритадиган медиамагнат Руперт Мердокни ўзи учун намунали бизнесмен сифатида кўради. Ишда қаттиққўл бўлсада, оилада 2016 йили дунёга келган эгизакларнинг меҳрибон онасидир. Доната Бундеслига бошқарувини қўлга олгач, турмуш ўртоғи ва фарзандлари билан Берлиндан Франкфуртга кўчиб ўтди. «Ҳомиладорлик даврида чиқарган хулосам шуки, раҳбарлик лавозимида ишлайдиган аёлларнинг фарзанд кўришлари ҳанузгача нормал ҳолат сифатида қабул қилинмаяпти. Бунинг асосий сабаби - болалик аёлларнинг камлиги. Айни шу фактга амин бўлгач, намунали она сифатида гавдаланишга аҳд қилдим. Муҳими, аёлнинг оналик бахтидан маълум вақт ўтгач, яна ўз ишига қайтиши. Бу табиий жараён эканлигини жамоатчиликка тушунтириб боришимиз керак», - дейди Доната.

***

Хопфен ҳозирда барча юмушларни аъло даражада уддаламоқда. Бундеслига тасарруфини ўз зиммасига олганидан кейин шахсий ҳаёт намунаси янада таъсирчан бўлишига шубҳа йўқ. Унга матбаа борасида етарли тажрибага эга «Боруссия» Д. клуби бош директори ёрдам қўлини чўзишга шай. Умуман, янги президентнинг медиа оламидан яхши хабардорлиги Бундеслига вакилларини қониқтирмоқда. Уларнинг хулосаларига кўра, Хопфен кўп жиҳатларда ўз ўтмишдоши йўналишидан боради. Шунинг баробарида янгиликларни ҳам жорий этади. Айтганча, 2005 йили раҳбарлик лавозимига тайинланган Зайферт ҳам медиакомпаниядан чиққан ва футбол бобида фақат мактаб даражасидаги ўйинлар тажрибасига эга эди, холос. Шунга қарамай, у узоқ вақт Бундеслигани муваффақиятли бошқарди. Ҳозирда Германия элит лигасининг ТВ-ҳуқуқлар йўналишидаги даромади 5 баравар ортиб, 1,5 млрд. еврога етган. Бундан ташқари, Бундеслига коронавирус даврида бошқа лигаларга нисбатан анча кам талофат кўрди. Алоҳида айтиш жоиз, Зайферт ҳам Доната Хопфен номзодини энг оптимал танлов сифатида маъқуллади. Янги президент Бундеслига назорат кенгаши  раи­си Ханс-Йоахим Ватцке билан ҳамкорликда ишлайди. Дортмунд «Боруссия»си бош директорини DFLга Донатадан сал аввалроқ, янги йил арафасида таклиф этишганди. «Хопфен билан учрашиб, сермазмун суҳбатдан катта қониқиш ҳосил қилдим. Унга тўлиқ ишонаман ва қўлдан келганича ёрдамимни аямайман. Оператив жараёнларга аралашмайман, лекин лига стратегиясини белгилашда қатнашаман, албатта», - дейди Ватцке.


Доната Хопфен олдида  турган долзарб вазифалар

- Давом этаётган пандемия балоси трибуналарда мухлислар камайиши ёки чемпионат тўхтатилишига олиб келиши мумкин. Бу масалада сиёсий доиралар кўмагини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

- «50}1» қоидасига оид баҳс-мунозаралар. Германия монополияга қарши кураш муассасаси айни пайт «Вольфсбург», «Байер» ва «Хоффенхайм» клубларининг асосий сармоядорларига берилган имтиёзлар сабабини ўрганмоқда. Хопфеннинг вазифаси - томонларни қониқтирадиган ечимни топиш ва суриштирув судга бормаслигини таъминлаш.

- УЕФАнинг молиявий «Фэйр-плей» қоидаларини ислоҳ қилиш режаси бадавлат соҳибларга оқибатидан хавотирланмаган ҳолда клубларга сармоя киритиш имконини беради. Бу ҳолатда Германияда «50}1» қоидаси туфайли клубларнинг еврокубоклардаги рақобатбардошлиги пасайиши мумкин. Бундай ислоҳотга йўл қўймаслик - футбол тизими мутасаддиларининг бош вазифаларидир.

- Бундеслига ва Германия футбол иттифоқи яқин йиллар ичида умумий даромадни ўзаро ва клублар ўртасида тақсимлаш формуласини қайта кўриб чиқиши керак. Хусусан, ҳозир ҳаваскорлар футболи учун йилига 6 млн. евро ажратилмоқда, аммо бу етарли эмас. Хуллас, икки ташкилот ўртасидаги муносабат «энг қуйи нуқта»да турибди. Демак, барчага мақбул ечим топиш учун уддабуро музокарачи керак.

- ТВ-ҳуқуқларни хорижга сотиш масаласи. Германия футболи дунёнинг турли бурчакларида харидоргир. Бироқ Яқин Шарқ ва Хитой борасида аниқ муаммолар бор. Бундан ташқари, пандемия даврида 250 миллиондан 180 «лимон»га тушган даромад миқдорини қайта ошириш муҳим.

- Албатта, инновациялар. DFL Зайферт давридаёқ турли инновацион лойиҳалар (вертикал трансляциялардан тортиб, кенг статистика хизмати)га сармоя кирита бошлади. Бутун фаолияти давомида рақамли технологияларни амалда қўллаш асносида бизнес лойиҳаларини яхшилаш билан шуғуллаган Хопфендан эса камида Bild нашри ва консалтинг агентликларидаги каби инновацион йўлни давом эттиришини кутишади. TeraVolt консалтинг фирмаси вакили Тобиас Кюнкелнинг фикрича, Бундеслига маркетинг йўналишида ҳали юқори нуқтага кўтарилган эмас: «Бундеслигага доир медиаҳуқуқлар баҳоси ошишда давом этади. Негаки, ҳозир ҳам видеоконтент узатиш масаласида техник чекловлар кўп. Оддий айтганда, телетрансляциялар ҳамма жойга оптимал сифатда етиб борганича йўқ. Барчаси янги технологиялар, 5G ва толали кабель тармоқларининг кенгайиши ҳисобига ўзгариши мумкин».

Доната Хопфен ва Бундеслига ўртасидаги шартнома 2024 йилнинг охиригача мўлжалланган. Демак, медиаменежер хоним футбол тепасида 3 йил фаолият олиб боради. «Барчасига дадиллик билан нигоҳ ташлаш ва янги ғояларни босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этиш - менга завқ ва ғайрат берадиган омил», -  деганди Доната аввалги иш жойида. Афтидан, немислар Бундеслигага энг муносиб номзодни танлашгандек.

 МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади

 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz