Ҳаётда адолатли, тўғрисўз, ҳалол инсонлар доимо қадр-қиммат топишган. Улар мўмай даромадга интилишмасада, оддийлик, камтарлик фазилатлари умр йўлларини безайди, шу тариқа эл-юрт орасида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлишади. Ҳакам, назоратчи ва мураббий сифатида танилган «Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси», ФИФАнинг собиқ рефериси Константин Смирнов бугун (1 март) 60 ёшини қаршилади. Махсус мухбиримиз шу баҳона юбиляр билан бафуржа суҳбатлашди.
- Константин Борисович, аввало, 60 ёшга тўлганингиз билан қутлаймиз. Эрталабдан велосепедда қаергадир шошаётгандексиз. Кўпчилик шахсий автомобиль ёки жамоат транспортидан фойдаланади, сиз эса...
- Табрик учун раҳмат. Велосипед минишга келсак, бу жисмоний ҳаракат, демак, саломатликка фойда. Қолаверса, автомобиль, шоҳона ҳаётга қизиқмадим. Оддийликни хуш кўраман, бировдан ўзиб кетишга интилмайман. Укам Евгеней ҳам доимо велосипеддан фойдаланади.
- Ўзбек тилида равон сўзлайсиз. Бу қизиқишданми ёки турмуш муҳити талабидан?
- Қаерда яшасанг, аввало, маҳаллий халқнинг маданияти, урф-одатлари, тили ва динини ҳурмат қилиш керак. Ўзбек йигитлари билан бир маҳаллада яшаб, барча анъаналар, жумладан, тилни ҳам ўрганганман. Ахир тил билган эл билади. Отам Борис Смирнов Шаҳрисабзда туғилган. Онам Роза Смирнова қаршилик, ҳамшира бўлиб ишлаган. Укам Евгений ҳам спортчи. Ҳозирги кунда Россиянинг Саратов вилояти Вольск шаҳридаги мактабда жисмоний тарбия фанидан сабоқ бериш баробарида ёш футболчиларни шуғуллантиради. Турмуш ўртоғим Елена «Ўзтелеком»нинг вилоят бўлими ходимаси. Ўғлим Дмитрий Ўзбекистоннинг 13 карра чемпиони «Севинч» аёллар жамоасида мураббийлик қилмоқда.
- Катта спорт, хусусан, футболга кириб келиш тарихингизни эсласак...
-Қаршидаги 1-сонли мактабда таҳсил олганман. Футболга қизиқишимда мураббий Қўзи ака Сағдиевнинг хизмати катта. 9 ёшдан унинг секциясида шуғуллана бошлагандим. 1970 йили Қаршига машҳур Минск «Динамо»си келиб, ўртоқлик учрашувида майдонга тушган. Эсимда, стадион мухлислар билан лиқ тўлганди. Ўшанда майдон четида тўпни футболчиларга қайтариб турган болакайлар қаторида эдим. 1978-1996 йиллар оралиғида «Қаршистрой», «Геолог», «Машъал» ва «Насаф» жамоалари сафида фаолият юритдим. Хусусан, 17 ёшда «Қаршистрой» сафида дебют қилгандим.
- Мустақиллик йиллари бошида «Машъал» ҳимоясида ишонч билан тўп сурдингиз. Ҳар ҳолда, статистик кўрсаткичларингиз чакки эмас.
- Ҳа, 1991-1996 йиллар давомида «Машъал»нинг 100тадан ортиқ расмий ўйинида иштирок этдим, ҳимояда ҳаракатланганимга қарамай, 8та гол ҳам урдим.
- Ўша даврдан кейинги футбол тараққиётида нималарни алоҳида кўрсата оласиз?
- Истиқлол футболга туб бурилиш бағишлади. Мана, ортда қолган йиллар Ўзбекистон миллий ва олимпия жамоалари қатори клублар ҳам ўз шакли ва инфратузилмасига эга бўлди. Оддий айтганда, футболимизни, жамоаларимизни Осиё таниди. 1997-2006 йилларда Ўзбекистон чемпионати элит лигаси ўйинларида бош ҳакам сифатида ишладим. Вақтида ФИФА рефериси Анатолий Коваленко сабоғидан баҳра олдим. 2002 йили эса ўзим ҳам ФИФА ҳаками мақомига эришдим. Шу тариқа Жанубий Корея ва Малайзияда ўтказилган Осиё ўйинлари футбол йўналишида бош ҳакам вазифасини бажардим. Шунингдек, БАА, Эрон, Веьтнам, Малайзия ва Жанубий Кореяда ОЧЛ доирасидаги ўйинларни бошқардим. Яна ЖЧ-2006 саралаш босқичидан ўрин олган Веьтнам - Ливан учрашувида ишлаганим ҳам эсимдан чиқмайди. 2010 йили хизматларим эътирофи ўлароқ, ФИФАдан ҳакамлар инструктори, 2015 йили эса ОФКдан мураббийлик лицензиясини олдим.
- Айни пайт шогирдларингиз жуда кўп. Кимларни эътироф этишни истардингиз?
- Фаолиятини «Насаф»да бошлаб, кейинчалик «Пахтакор» сафига қўшилган Ўзбекистон миллий жамоаси ҳимоячиси Шерзод Аъзамов илк сабоқни мендан олганди. «Насаф» бош директори Алишер Юсупов ҳам шогирдим ҳисобланади. Ҳакамлик йўналишида эса ФИФА реферилари Равшан Эрматов, Валентин Коваленко ва Виктор Серазитдиновга сабоқ берганимдан фахрланаман. Умуман, Суперлига ва Про лига ўйинларида ишлаётган шогирларим бир талай: Наим Қосимов, Фирдавс Норсафаров, Комил Расулов, Артём Калинин, Фарҳод Усмонов, Зуфар Элбоев, Зилола Раҳматова, Ҳуснора Жумаева... 43 йиллик меҳнат фаолиятимда мураббийлик соҳаси алоҳида ўрин тутади. Ҳозирги кунда Қарши Давлат университети факультетлараро жисмоний маданият ва спорт кафедрасида катта ўқитувчи бўлиб ишлаяпман. Бундан ташқари, Ўзбекистон миллий чемпионати ўйинларида назоратчи ролини бажараман.
- Демак, талабалар аудиторияси бегона эмас.
- Ўтган давр мобайнида 3 босқичли спорт мусобақалари доирасида футбол бўйича талабалар терма жамоасига мураббийлик қилдим, Универсиада финал босқичида фахрли ўринларни эгалладик. Яқинда университетимизда замонавий стадион фойдаланишга топширилди. 2022 йилдан университет талабаларидан шакллантирилган «Лочин» жамоаси Ўзбекистон чемпионати Иккинчи лигасида иштирок этади. Мақсад катта - талабаларни футболга ошно қилиб, жамоанинг юқори лигаларда иштирок этишини таъминлаш.
- Бизда инсон, унинг меҳнати доимо қадрланади. Бу фикрга 60 йиллик ҳаёт йўлингиз эътирофи ҳам далолат...
- Худди шундай. Мендек оддий оила фарзандининг Осиё ва жаҳон ареналарида ҳакамлик қилиши - мўъжиза, истиқлол тортиқ этган бахт. Илгари ФИФА ҳакамлигига собиқ иттифоқнинг фақат йирик шаҳарларидан номзодлар танланганини эшитганмиз. Эндиликда ўзбекистонлик ҳакамлар ҳам халқаро ўйинларни бошқаришяпти. Қаранг, шогирдим Равшан Эрматов 3та ЖЧга бориб, ўйинлар сони бўйича рекорд ўрнатди. Бир вақтлар ФИФА ҳаками Анатолий Коваленко менга устозлик қилган бўлса, унинг фарзанди Валентин шогирдим ҳисобланади. Ҳозирда салоҳияти катта истеъдодли ёшлар кўп. Фақат уларни тўғри йўлга бошлашимиз керак. Меҳнатим қадр-қиммат топиб, «Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси» кўкрак нишонига муносиб кўрилдим. Бу ғайратимга ғайрат қўшиб, футболимиз равнақи, ёшларимиз камолоти йўлида янада фаол бўлишга ундайди. Ўз ўрнида, бағрикенг ўзбек халқи, муҳтарам Юртбошимизга миннатдорчилик билдираман. «ИнтерФутбол» газетаси жамоаси ва унинг ўқувчиларига соғ-омонлик тилайман.
Ҳусан ТЕМИРОВ суҳбатлашди
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20