Қайднома

Қидирув

Вундеркиндлар: 39 дақиқа ичида «покер»

Вундеркиндлар: 39 дақиқа ичида «покер»

  08.03.2022 06:36
  0
  357
Вундеркиндлар: 39 дақиқа ичида «покер»

Бу йигитчани эслаб қолинг. 19 ёшли Йереми Пинонинг 39 дақиқа ичидаги 4та голи эвазига «Вильярреал» «Эспаньол» устидан йирик (5:1) ҳисобда зафар қучди. Ўйиннинг бош қаҳрамони эса бир қатор рекордларни бекор қилиш билан клуб тарихидан жой олди.

Шундай ёшда покерга эришиш - ўта камёб кўрсаткич.

v учрашув оқшомида 19 ёшу 130 кунлик Пино Испания чемпионати тарихидаги энг ёш «покер» муаллифлари рўйхатида 4-ўринни банд этди. Ундан 92 йил аввал (1930) 17 ёшу 344 кунлик Хосе Ирарагорри, 19 ёшу 42 кунлик Хайме Ласкано (1929) ва 19 ёшу 125 кунлик (2015) Санти Мина дастлабки 3 поғонадан жой олишган;

v Йереми - 1948 йилдан кейин Испания чемпионатида учрашувнинг биринчи бўлимида 3та гол уришга эришган энг ёш футболчи. Ундан аввал Пабло Ольмедо 1948 йилнинг ноябрь ойида «хет-трик» қайд этганди;

v Топ-лигалар бешлиги доирасидаги учрашувнинг биринчи бўлимида 3та гол урган энг ёш футболчи - «Ренн» ҳужумчиси Усмон Дембеле. У ўша пайт 18 ёшу 296 кунлик эди. Ҳисоб-китобни 2006/2007 йиллар мавсумидан бошласак, Пино - иккинчи энг ёш «хет-трик» муаллифи;

v Шунингдек, Йереми Пино - Ла Лига доирасида «покер»га эришган «Вильярреал»­нинг дастлабки футболчиси.

 

Ким ўзи бу йигит?

Пино Канар оролларининг Лас-Пальмас шаҳрида туғилган, фаолиятини 2014 йилда маҳаллий ёшлар жамоасида бошлаган. 2017 йилда ёш иқтидор «Барселона»дан таклиф олган бўлсада, «Вильярреал»га ўтишни афзал кўрди. Боиси - асосий таркибдан энг қисқа йўл билан жой олиш: «Сариқ сувости кемаси» Пинога 4 йиллик шартнома ва рисоладагидек иш ҳақи таклиф этиб, 2020 йилнинг ёзида асосий таркибдан жой берди. Октябрь ойида у ЕЛ доирасидаги «Сивасспор»га қарши беллашувда дебютини нишонлади. Шундан кейин доимий иштирокчи мақомига эга бўлган футболчи 71 марта майдонга тушиб, 18та гол ва 5та ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Шунингдек, жамоа билан ЕЛда зафар қучиб, нуфузли турнир тарихидаги энг ёш ғолиб унвонига сазовор бўлди.

Пинонинг халқаро майдондаги фаолияти ҳам чакки эмас: анчадан бери у Испания ўсмирлар терма жамоаси сардори ҳисобланади, бир неча марта бош жамоадан таклиф олиб, Луис Энрике раҳбарлигидаги икки учрашувда иштирок этди.

 

Ўйин услуби

Футболчининг ўйин услубини Tomorrow 29/10 блогери ўзининг телеграм-каналида мукаммал таҳлил қилган. Унинг энг муҳим жиҳатларига тўхталиб ўтамиз. «Пинонинг ютуғи - фақат ўз кантераси кўмагига таяниб фаолият юритадиган клубга келганлиги. Асосий устунлиги эса - дриблинг: тўсиқларни усталик билан бартараф этади, қисқа тўхталиш ва бирданига алдашга киришиш усулларидан унумли фойдаланади. Ён ёки олдинги чизиқлардаги арзимас бўшлиқ Йеремининг самарали ҳаракатлари учун етарли. Йўналишни ўзгартириш имконини берадиган чаққон оёқлари ёрдамида у мураккаб вазиятлардан осонликча чиқиб кетади. Шунингдек, Мино ўзининг тезкорлиги ва чаққон ҳаракатлари билан рақибларини ўйин қоидасини бузишга мажбур этади. Бу эса жамоага пенальти ва хавфли жарима зарбаларини амалга ошириш имкониятини беради. Пино тўпни ўта усталик билан назорат қилади, бўйи (172 см.) унчалик баланд бўлмасада, гавдасининг барча аъзолари - қўллари, елкалари ва оғирлик марказининг нисбатан паст жойлашганидан самарали фойдаланади. Шу тариқа у рақиб ҳимоячилари учун қўшимча қийинчиликлар яратади».

Лекин қаҳрамонимиз салбий хусусиятлардан ҳам холи эмас. Ҳозирча куч-қувватини ўйиннинг бошидан охиригача тўғри тақсимлаши талаб даражасидан йироқ, дастлабки 60 дақиқадан кейин чарчаб қолади ва ўйин суръатини тушириб юборади. Ёки ўз ўрнини захира ўйинчисига бўшатиб беришга мажбур бўлади.

Навбатдаги салбий жиҳати - ота насиҳатига риоя қилмаслиги. Ҳужумнинг якуний босқичида унга одат бўлиб қолган зарбасиз ҳаракатларни камайтириб, дарвозани кўпроқ нишонга олиши кераклигини отаси ҳар бир учрашув арафасида қайта-қайта уқтиришига қарамасдан, Йереми негадир ўз билганича тўп суради. «Зарба йўллашни унутма!» - бу иборани отам доимо қулоғимга қуядилар. Бироқ майдонга тушганимдан кейин... ҳар сафар унинг маслаҳати хаёлимдан кўтарилиб қолади», - дейди Йереми кулимсираганча.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz