Қайднома

Қидирув

Эътироф: Олимпиадада «олтин» олган олтилик

Эътироф: Олимпиадада «олтин» олган олтилик

  09.03.2022 04:14
  0
  363
Эътироф: Олимпиадада «олтин» олган олтилик

Олис 1896 ва 1932 йиллардаги ўйинларни инобатга олмаганда, футбол ёзги Олимпиада ўйинларининг доимий иштирокчиси бўлиб келмоқда. Ҳозиргача кўплаб афсонавий ўйинчилар ушбу мусобақада қатнашиб, нуфузли олтин медалларни қўлга киритишга улгуришди. Қуйидаги материалда шундай омадлилардан айримлари ҳақида ҳикоя қилади.

Самуэль Это~О (Камерун, 2000)

Кейинчалик футбол оламининг буюк афсоналари қаторига кўтарилган африкалик ҳужумчининг 4 марта «қора қитъа»нинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилгани бежиз эмас - 1997 йилда Камерун термасида дебютини нишонлаганида, у эндигина 15 ёшга чиққанди. 2000 йилда Австралия мезбонлигида ўтган Олимпия ўйинларида Самуэль «асов шерлар» таркибида шоҳсупага кўтарилди.

Неймар (Бразилия, 2016)

Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ташкил этилган Олимпия ўйинларида Неймар терма жамоадаги катта ёшли футболчилардан бири сифатида майдонга тушганди. Мамлакатнинг биринчи рақамли ҳужумчиси ўзига билдирилган ишончни тўла оқлади - майдон эгалари Олимпиада чемпионлигини қўлга киритишди. Мазкур турнирда Неймар 4та гол урди. Жумладан, Гондурасга қарши ярим финал баҳсида 2та ва Германия билан бўлган, 1:1 ҳисобида ниҳоясига етган ҳал қилувчи беллашувда битта. Шунингдек, пенальтилар сериясида ғалаба келтирувчи сўнгги зарбани ҳам айнан у амалга оширганди.

Дани Алвеш (Бразилия, 2021)

Бразилия терма жамоасининг яна бир вакили. 38 ёшу 93 кунлик бўлганида шоҳсупага кўтарилган ҳимоячи Олимпиада олтин медалига сазовор бўлган энг кекса футболчидир. У мусобақанинг барча ўйинларида тўлиқ тўп сурди, битта ассистни амалга оширди ва якунда фаолиятидаги 43-совринни (рекорд) расмийлаштирди.

Лев Яшин (СССР, 1956)

Футбол тарихида энг буюк дарвозабон мақомида эътироф этилган Лев Яшин терма жамоага 1954 йилда таклиф этилганди. Атиги икки йилдан кейин Собиқ иттифоқ терма жамоаси Олимпия ўйинлари олтин медалларини қўлга киритгач, дарвозабон бутун дунёга донг таратди. Кейинчалик Лев Иванович майдондаги мислсиз жасорати эвазига ХХ асрнинг энг яхши дарвозабони сифатида тан олинди. 1963 йилда берилган «Олтин тўп» соврини эса, Яшиннинг тенгсиз эканлигини тасдиқлади.

Ференц Пушкаш (Венгрия, 1952)

Шак-шубҳасиз, энг ёрқин афсоналардан бири. Юксак эътирофга сазовор бўлган Ференц Пушкашнинг сермаҳсуллигини шу пайтгача бирор-бир снайпер такрорлай олмаган - Венгрия терма жамоаси таркибидаги 85та учрашувда 84та гол! 1952 йилдаги Олимпия ўйинлари айнан венгер футболининг «Олтин жамоа» даврига тўғри келганди. Пушкашнинг Венгрияси йўлида дуч келган барча рақибларини, жумладан, чорак финалда Туркияни 7:1, ярим финалда Швецияни 6:0 ҳисобларида таслим этганди. Ҳал қилувчи баҳсда эса Югос­лавия ҳам ишончли тарзда (2:0) маҳв этилди. Пушкашнинг ўзи ўша турнирда 4та - Туркия дарвозасига 2та, Швеция ҳамда Югославия дарвозаларига биттадан гол урганди.

Лионель Месси (Аргентина, 2008)

Аргентиналик даҳонинг рўйхатдан жой олишига шубҳа бўлганмиди? Албатта, йўқ. 21 ёшли вундеркинд миллий жамоанинг қаторасига иккинчи марта Олимпиада олтин медалларини қўлга киритишига сезиларли ҳисса қўшганди. Аргентина 6 учрашувнинг барчасини ўз фойдасига ҳал қилди, дарвозасидан ўтказиб юборган 2та голга 11та гол билан жавоб қайтарди. Нав-қирон Лео эса гуруҳ босқичи доирасида Кот-Д`Ивуар ва чорак финалда Нидерландия терма жамоалари дарвозаларини ишғол этди. Якунда Месси Олимпиада турнирининг энг яхши футболчиси унвонига сазовор бўлди, унинг жамоаси эса нуфузли мусобақада қаторасига 12та учрашувда (2004 йилда ҳам 6та ўйинда ғалабага эришганди) зафар қучган рекордчига айланди.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz