Карен Сафаров - футболимиздаги тиним билмас фахрийлардан. Асосан «Андижон»даги ўйинлари билан танилган собиқ футболчи ҳамиша ҳаракатда, қандайдир янгиликка қўл уриш пайида. Дейлик, Сафаров ташкил қилган «Футбол фахрийлари лигаси» 15 йилдан буён ўтказиб келинмоқда. Карен ака махсус мухбиримиз билан суҳбатда айнан шу турнир ва янги режалари ҳақида бафуржа гапириб берди.
- Футболимизда ҳар қандай ҳолатдан қатъий назар, ҳар йили ўтказиладиган фахрийлар турнирини йўлга қўйган шахссиз. Аввало, шу хусусда гапириб берсангиз...
- Ҳа, «Футбол фахрийлари лигаси» турнирини ташкил этганимга 15 йил бўлмоқда. Қандай қийинчилик учрамасин, мусобақа ҳар йили ўтказиб келяпмиз. 2008 йилнинг июль ойида «Жар» стадионида ташкил этилган дастлабки турнирга 4та жамоани таклиф қилгандим - Ўзбекистон миллий жамоаси, «Пахтакор», «Трактор» ва «Андижон» клубларини. Бироқ ҳокимлик сўнгги лаҳзаларда сафар харажатини кўтаришдан бош тортгач, андижонлик фахрийлар ўйинларга кела олишмади. Оқибатда шошилинч тарзда бошқа жамоа қидиришга тушдим. Турнир стартига 2 кун қолган паллада барчаси барбод бўлишидан жиддий хавотирга тушгандим. Яхшики, вақтида арман диаспораси жамоаси ҳисобига квартетни тўлдирдик. Ўшанда арманлардан алоҳида жамоа йиғиш фикри туғилди ва дарҳол Вадик Абрамов, Ашот Бабажанян ва Карен Адамянга қўнғироқ қилдим. Эсимда, Арсен Балаян ҳаттоки, илтимосимга биноан, Москва вилоятидан учиб келганди.
- Хўш, фахрийлар турнири бугун қандай ривожланмоқда?
- 2020 ва 2021 йиллардаги охирги икки турнир Андижонда ўтказилди. Уларнинг бирида биз ғолиб чиқдик, иккинчисида фарғоналиклар. Шу баҳона Олег Буров, Асад Дўрмонов ва Шуҳрат Назиров каби яқин дўстларим билан кўришдик, чақчақлашдик. Бу йил май ойида тўпланишни режалаштиряпмиз, яна Андижонда.
- Сиз яна фахрийлар ўртасида «Пахтакор»-79 хотираси учун ўтказиладиган ўйин ташаббускори саналасиз...
- «Пахтакор»-79 хотира учрашувини 2010 йили ташкил қилгандим. Бундай ўйин қаторасига 10 йил узлуксиз ўтказилди. Фақат 2020 йили пандемия имкон бермади, ўзим ҳам ўша вақт Тошкентда эмасдим. Ўтган йили эса Саша Шапран билан хотира учрашувини қайта тикладик. Хуллас, охирги 12 йилда 11та ўйин ортда қолди.
- Одатда хотира ўйинида кўплаб машҳур собиқ футболчилар майдонга тушишади.
- Ҳозирга қадар бундай учрашувларда чамаси 300 нафарга яқин футболчи қатнашди. Бундан ташқари, баъзи ўйинларда қадрдон дўстим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Козим Қаюмовнинг ҳам майдонга тушгани кўпчиликни алоҳида қувонтирди.
- «Футбол фахрийлари лигаси» ва «Пахтакор»-79 хотира ўйинлари ҳақида буклетлар тайёрлаган экансиз...
- Ҳа, фақат ҳозирча электрон шаклда. Худо хоҳласа, жорий йил ёзга қадар буклетларни одатий шаклда чиқарамиз. Улар 3та: «Футбол фахрийлари лигаси»нинг биринчи ва иккинчи беш йиллиги, «Пахтакор»-79 хотира учрашувлари. Дўстларимга аллақачон намуналарни кўрсатдим, улар барчага бирдек ёқди.
- Келажак учун қандай режа ва ғояларингиз бор?
- Жорий йил баҳор, ёз ва кузда Фарғона водийсининг уч вилоятида 3та блиц-турнир ташкил этмоқчиман. Номини ўйлаб қўйганман: «Миллионлар ўйинининг улкан байрами». 3та жамоа майдонга тушади: «Нефтчи», «Навбаҳор» ва «Андижон». Уларнинг таркибида фақат собиқ футболчилар ўйнашлари мумкин, ҳаваскорлар қўйилмайди. Ўйлашимча, ўйинлар ушбу клублар стадионларида ташкиллаштирилиши керак. Концерт дастури ҳам режалаштирилган. Фарғоналиклар мени аллақачон қўллаб-қувватлашди, наманганликлар билан эса ҳали гаплашиш имкони бўлмади, лекин ишончим комил, улар рад этишмайди. Яқин орада йиғилиб, барчасини аниқлаштириб оламиз. Умид қиламанки, чиндан ҳам, катта футбол байрами бўлади.
Қолаверса, май ойига «Футбол фахрийлари лигаси» турнири белгиланган. Шунингдек, сентябрь ойида 4та жамоа ўртасида халқаро мусобақа уюштириш ниятидаман. Битта меҳмон иштирокчи аниқ - Қирғизистоннинг «Алай» жамоаси. Кейинги йили қатнашчилар сони 6тага кўпайиши мумкин. Охир-оқибат, 3 йилдан сўнг «Футбол фахрийлари лигаси» халқаро фестивалга айланишидан умидворман. Мақсад фахрийлар жамоалари сонини 12тага етказиш. Афсуски, Тошкентда бу ишлар ҳеч кимга керак эмас, шунча йил ғояларимга эътибор ва қизиқиш қаратолмадим. Андижонда аксинча, кўпчиликда қизиқиш кучли. Кўрамиз.
- «Андижон» клуби ҳам фахрийлар футболига эътибор қаратяптими?
- Йўқ, ҳар ҳолда, охирги 2 йилда буни сезмадим. Турнирни Андижон вилояти футбол ассоциацияси қабул қилмоқда, лекин барчаси мен хоҳлагандек эмас. Клуб эса ҳозирча бефарқ.
- Айтишларича, клубнинг янги раҳбари футболни жуда яхши кўради. У ҳам жамоа, ҳам Андижон футболи учун катта ишлар қилишга тайёр.
- Ҳа, у ҳақда яхши гаплар эшитяпман, Андижон футболи манфаати йўлида ишлаш истаги бутун шаҳарга маълум. Аммо уни шахсан танимайман. Агар қизиқса, ўз ғояларим билан таништираман, албатта. Бутун Осиёда ўхшаши йўқ катта турнирларни йўлга қўйиш асносида Андижонни фахрийлар футболи марказига айлантириш мумкин. Бироқ клубнинг ўзи ва ҳокимлик қизиқиш билдирадими-йўқ, буни билмайман.
- «Андижон» юбилейи тантаналари ўтказилмади, ваҳоланки, ҳаракат йўқ эмасди...
- Клубнинг 40 йиллигини нишонлаш масаласини илк марта 2004 йили яқинда ҳаётдан кўз юмган Олег Сазонов кўтарганди. Бироқ клубдан садо чиқмади. 2014 ва 2019 йилларда эса юбилей ўтказишни ўзим таклиф қилдим. Биринчисида «Андижон» раҳбарияти мени қўллаб-қувватлади, бироқ вақти яқинлашганда, мен билан гаплашган раҳбарларни истеъфога чиқаришди. Янгилар эса жамоани юқори лигада олиб қолишга эътибор қаратишди, юбилейга вақт йўқ эди. Бироқ жамоа финишга 4та тур қолган пайт шармандали тарзда лигада қолишдан умид узди. Иккинчисида клуб раҳбариятининг ўзи қўнғироқ қилиб, 55 йиллик юбилей дастури ва сценарийсини ёзиб беришимни сўради. Шунда барчасини тайёрладим, аммо ташкилий ишлар билан шуғулланиш вақти келганида, яна бефарқлик бошланди. Аслида 50 ва 55 йиллик юбилейларга ҳаммаси тайёр эди. Энди олдинда 2024 йилга тўғри келадиган 60 йиллик юбилей бор. Агар клуб бу сафар ҳам бир четда қараб турадиган бўлса, ўзимиз - собиқ футболчилар байрам уюштирамиз.
- Қизиқ, клуб ҳақида ёзаётган китобингизда нималар бор?
- «Жонажон клубим 60 ёшда» ёки «Андижон» юбилейи» номли китобни 2024 йилнинг қишида чоп эттиришни режалаштиряпман. Унинг устида 30 киши ишлаяпти, 5 йилдан буён материаллар йиғилмоқда. Китоб 75 фоиз тайёр, ҳозир суратлар тўплами келишини кутяпмиз. Ўтган йили август ойида Ахбор ака Имомхўжаев меҳмони бўлганимда, бир неча суратлар берди, ундан бағоят миннатдорман. Китобимизда кўплаб қизиқарли воқеалар, тарихий фактлар, турли жадваллар, хотиралар ва фотосуратлар берилади. Ишончим комил, у эсда қоладиган даражада чиқади. Агар клуб бу китобнинг юзага чиқишига бефарқ қараса, ўзимиз чоп эттирамиз, ҳаттоки, зарар кўрсак ҳам. Китоб - бу хотира!
- «Футбол фахрийлари лигаси», «Пахтакор»-79 хотира ўйинлари, блиц-турнирлар, халқаро мусобақалар, буклетлар, юбилей китоби... Фахрийлар футболида яна ким шунча иш билан банд?
- Билмайман, қизиқмайман ҳам. Чунки ким биландир мусобақалашаётганим йўқ. Бу ишлар ўзимга ёқади ва умид қиламанки, ҳаммаси фахрийлар футболи фойдасига...
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20