Қайднома

Қидирув

Мухлис бор, муҳит бор, футбол-чи?

Мухлис бор, муҳит бор, футбол-чи?

  10.03.2022 03:03
  0
  424
Мухлис бор, муҳит бор, футбол-чи?

Муҳтарам мухлис! Келинг, мулоҳазаларимиз аввалида биргаликда момохон-у онажонларимиз, опа-сингилларимизни бугунги байрам билан самимий табриклайлик! Бемалол футбол томоша қилишимиз, кейин баҳс-мунозара ва эмин-эркин мулоҳаза юритишимиз учун улар бор бўлишсин, омон бўлишсин! Зеро, аёллар қувончисиз футбол татимайди. Табрик мазмунидан «Аёллар футболга мухлислик қилишмас экан-да»  қабилида хулоса чиқармаслик керак, албатта! Бинобарин, Европа нари турсин, ўзимизда ҳам футболнинг чинакам мухлисалари жуда кўп.

Мулоҳаза ёзишдан олдин таниқли ижодкор Темур Тўрабоев, ёш ва истеъдодли тарихчи Алишер Эгамбердиев билан суҳбатлашдик, улардан аёлларнинг футболга муносабатларини кузатган ёки  кузатмаганликлари ҳақида сўрадик. Саволимиз ортидан Темур акада ажиб хотиралар уйғониб кетди. «Ёшлигимнинг ажойиб даври халқимизнинг атоқли фарзанди, буюк ак­триса Сорахоним Эшонтўраева хонадонида кечган, - дея ҳаяжон билан сўз бошлади суҳбатдошимиз. - Бир неча жаҳон чемпионати финал бос­қичини опа билан бирга кузатганман. У киши «Пахтакор» ўйинларини телевизор орқали завқ билан томоша қилишдан эринмасдилар. ЖЧ доирасидаги тунги учрашувларни эса Яйра Абдуллаева, Муҳаммаджон Сўфихўжаев, Гога Ҳидоятов каби дугона, шогирд, ўғиллари билан шахмат ўйнаш асносида кутиб ўтирардилар. Дарслардан толиқиб эртароқ ухлаб қолсам, мени ҳам ўйин бошлангач, уйғотардилар ва йигит киши футбол кўриши шартлигини таъкидлардилар. Ўша  пайт таниқли давлат ва жамоат арбоби Ёдгор Насриддинованинг ўзбек футболи ва «Пахтакор»ни шакллантириб, оёққа  қўйиш борасидаги хизматлари тез-тез тилга олинарди. Айтишларича, у киши давлат ва жамоат ишларидан чарчаган чоғ Қибрайга бориб, «Пахтакор» машғулотларини  кузатиш асносида ҳордиқ чиқаришга одатланган экан. Яна футболчиларнинг ичмасликлари, чекмасликлари, ножўя ишлар билан шуғулланмасликларига алоҳида эътибор қаратганлари ҳақида эшитганман. Қисқаси, «Пахтакор» аёлларимиз иззати ва ҳурмати учун ҳам шиддатли тўп сурарди, рақибларини аяб ўтирмасди!» Алишер Эгамбердиев эса Амир Олимхоннинг футболга қизиққани ва Қобулдаги ўйинларга бориб турганию, Зоир Мирзаевнинг мухлислиги хусусида сўзлади. Қаранг, ҳатто Амир Олимхон ҳам футболга бефарқ қарамаган, тахти ва ватанидан айрилган бир вазиятда ўйин томошаси билан ўзини овутган. Зоир Мирзаев, Хайрулло Бозоров, Шавкат Абдураззоқов каби вилоят ҳокимларидаги футболга муносабат ва мухлислик ҳам таҳсинга лойиқ.

Оташнафас шоир, драматург ва таржимон Усмон Носир таваллудининг 110 йиллиги арафасида «Репетитор» газетаси учун мақолалар тайёрлар эканмиз, Наим Каримовнинг «Усмон Носир» номли китобини ўқидик. Унда шоирнинг наинки футболга қизиққани, балки ўзи ҳам зўр ўйнагани тафсилотлари ҳам битилган. Замондошларининг эслашларича, оловқалб шоир майдонда олов янглиғ тўп сурган, жамоадошларини ўз ортидан эргаштирган. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси яқинда «Ёд этингиз камтарин Чустийни ҳам» номли китоб тақдимотини ўтказди. Унда ёзилишича, Чустий домла ҳаётининг сўнгги кунлари аҳволи оғир бўлишига қарамай, дам олиш ва даволанишга жўнашдан аввал футбол томоша қилишни лозим топган экан...

Тўғри, футболнинг инсон ҳаётида тутган ўрнини тушунтириш шарт эмас, лекин  байрамона кунларда улуғ кишиларнинг алоҳида фазилатлари ва қизиқишлари билан боғлиқ воқеаларни эслаш ёшлар учун ибратдир. Чунки биз тилга олган ва тилга олмаган улуғ инсонлардаги мухлислик маданияти ҳайратланарли даражада эҳтиромга сазовор! Улар ҳозирги ёшларга нисбатан юз чандон ортиқ даражада ишқибозлик қилган  бўлишса-да, қайсидир ўйин ёки натижа туфайли бир-бирларини ҳақоратлашмаган, футболни инсон қадридан устун қўйишмаган. Асосийси, ўз жамоалари ғалаба қозонганида, ифтихорларини рақиб мухлисларига жуда назокат  билан билдиришган.

«Навбаҳор» - «Насаф» учрашуви бошланишидан олдин собиқ ўқувчим, ҳамқишлоғим Азизбек Сафаров билан учрашиб қолдик. У - «Реал», «Ливерпуль» ва «Навбаҳор»нинг ашаддий мухлиси. Азизбек дала ва боғ ишларини шартта тўхтатиб, стадионга отланганини кула-кула сўзлаб берди. Бу - Сафаровларга хос одат! Пешқўрғонда ҳеч ким бундан ажабланмайди. Айниқса, ажойиб шифокор Исмоил ҳожи Давлатов! Исмоил ака  тилга олиниши билан Азизбек андак хижолатомуз сўз қотди: «Ҳожи ота «Барселона» ва «Манчестер Cити»га мухлислик қилади. Фарзандлари ёшида бўлсам ҳам, кўпинча футбол сабаб талашиб-тортишамиз ва у кишининг бироз ранжиганлари сезилади. Гвардиолани ёқтирмасам, нима қилай?! Жим туролмайман-да катталар гапини маъқуллаб! Майли, биз ҳам Исмоил ота ёшига етайлик ва футбол томошасидан чарчамайлик!»

Кўриниб турибдики, барчага маълум ҳақиқат шуки, мамлакатимизда ҳавас қилса арзийдиган футбол муҳити мавжуд, шунга яраша мухлислар ҳам етарли. Таниқли адабиётшунос, Ўзбекистон қаҳрамони Озод Шарафиддинов ўз вақтида «Шеър кўп, шоир-чи?» номли мақола ёзиб, ўзбек шеъриятидаги муаммоларга эътибор қаратганди. Ушбу мулоҳазаларни ёзишда у кишининг йўлидан бориб, шундай услуб танладик! Ҳа, мухлис бор, муҳит бор, футбол-чи?! Очиғи, бу саволга ҳамон жавоб топилмаяпти ва ҳозирги ҳолат давом этаверса, топилиши ҳам қийинга ўхшайди. Негаки, Суперлига  янги мавсумининг 1-тур учрашувлари жамоаларимиз эскича услубда тўп суриш, баҳслашишдан воз кечмаётганини кўрсатди. На Самвел Бабаян ва Рўзиқул  Бердиев, на Бахтиёр Ашурматов ва Илҳом Мўминжоновда футболга муносабат ўзгарибди! Уларда футболга ёндашув худди ўтган мавсумдагидай. Фасллар айланиб, яна  баҳор келди, дунё ўзгарди. Мураббийлар ва футболчиларимиз кайфиятида эса ҳали-ҳануз бир йил аввалги ҳолат! Инкор этмаймиз, уларнинг янгиликка интилишаётгани аниқ. Шу янгиликка интилиш иштиёқи ила янги мавсумга тайёргарлик жуда қизғин кечди, хорижда йиғинлар олиб борилди. Бироқ қани ўша йиғинлар ва иштиёқ натижаси?! Кимдир янги мавсумнинг илк туридаёқ янгилик кўзга ташланмаслигини айтар эҳтимол. Биз эса бу фикрга тўла қўшилмаймиз ва агар янгиланиш бўлса, у ҳар қадамда табиий равишда ўзини сездиришини таъкидлашдан чарчамаймиз.

Хўш, янгиланиш олдидаги тўсиқнинг бош омили нима? Назаримизда, бу ҳолат - мураббийлар ва футболчиларда шаклланган ички цензура, яъни қачон қандай ҳаракат қилиш билан боғлиқ эскича тафаккур қолипи оқибати! Бундай ёндашувни тактика ёки қандайдир чизмага боғлаш ноўрин. Рўзиқул Бердиев минг-минглаб мухлислар қаршисида «Навбаҳор»га қарши чинакамига очиқ жанг қилишни истамади, Самвел Бабаян эса одатига кўра, ютқазиб қўйишдан чўчиди. Бахтиёр Ашурматов аслида Илҳом Мўминжоновга етарли даражада қаршилик кўрсатиши мумкин эди, бу «Қўқон-1912» потенциалида кўринди, лекин ички цензура жамоани очиқ курашдан тийиб турди, бизнингча!  Бундай «ўзаро ҳурмат» футболни тараққиётдан тўхтатади, ривожлантирмайди. Бошқа ўйинларда ҳам шунга яқин ҳолатлар кузатилди. Юз минг сўмдан воз кечиб, стадионга кирган мухлис сарфланган маблағи ва вақтдан афсусланмаслиги лозим! У яна стадионга талпиниши учун жамоаларимиз чинакам ФУТБОЛ кўрсатиши шарт!

Муҳаммад ВАЛИ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz