Қайднома

Қидирув

Эътироф: Митрович учун махсус Лига!

Эътироф: Митрович учун махсус Лига!

  10.03.2022 07:57
  0
  355
Эътироф: Митрович учун махсус Лига!

«Фулхэм» АПЛ томон тобора катта-катта қадам ташламоқда. Лондон жамоаси айни пайт Чемпионшип турнир жадвалида мутлақ пешқадам - 2-ўриндаги «Борнмут» нақ 9 очколи фарқ билан орқада. Боз устига, «Фулхэм» захирасида 2та ўйин ҳам бор. Ке­йинги ўринларда бораётган «КПР» ва «Хаддерсфилд»­да ҳам ўйинлар сони кўп, очколар миқдори эса 11та кам.

Асосийси, «Фулхэм» жорий мавсум ҳаддан ортиқ кўп гол урмоқда - 81та. Таққослаш учун айтсак, Чемпионшипдаги иккинчи маҳсулдор иштирокчи ҳисобида 49та гол бор. Лондон жамоасининг голлар нисбатига қаранг: +52 (бу кўрсаткич «Борнмут»да +23, «КПР»да +11 ва «Хаддерсфилд»да +8). «Фулхэм»­нинг шундай ажойиб статистикасини биринчи навбатда, сербиялик ҳужумчи Александр Митровичга боғлаш керак. У жорий мавсум 30та ўйинда 33та гол уришдан таш­қари, яна 7тасига ассистентлик қилди. Митрович жумладан, «Питерборо»га қарши кечган охирги ўйин (2:1)да «дубль» қайд этди. Хуллас, у ҳар бир ўйинга ўртача 1,1та гол тўғриламоқда ва ўтган асрнинг 20-йиллари қайд этилган тўпурарлик натижаси ортидан қувмоқда. Серб ҳужумчиси «Питерборо» билан баҳсда аввалига пенальтидан самара чиқариб, мавсумдаги голлари сонини 32тага етказди (голларидан 5таси - пенальти самараси) - Чемпионшип рекорди. Бунга қадар энг яхши натижа ўтган мавсум 31та гол урган «Брентфорд» вакили Иван Тонига тегишли эди. Александр учрашувнинг иккинчи бўлимида 33-голини ҳам нишонлади. Айтиш жоиз, серб йигити охирги 4та учрашувда рақиблар дарвозасини 5 марта ишғол қилди. 1та ўйинда ўртача ҳисобда 1,1тадан гол - Чемпионшип бундай маҳсулдорликни ўз тарихида умуман кўрмаганди. Диққат қилинг, турнир финишига қадар «Фулхэм» ҳисобида ҳали яна 14та ўйин бор.

Чемпионшипнинг жорий мавсуми тўпурарлар пойгасида Митровични таъқиб қилаётган Бен Бреретон аллақачон тақдирга тан бергандир. Ҳар ҳолда, у сербияликдан нақ 13та голга ортда қолмоқда. Тўғри, Александр олдида «чўқ-қи» ҳам йўқ эмас - «Мидлсбро» афсонаси Жорж Кэмселл мавсум-1926|1927 доирасидаги 37та ўйинда 59та гол урган (Англия чемпионати Иккинчи дивизиони тарихидаги мутлақ рекорд). Ўз ўрнида маълумот: Чемпионшип 2004 йили йўлга қўйилган.

Айтганча, Митрович Сербия миллий жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурардир. 27 ёшли ҳужумчи «Фулхэм» сафига 2018 йили қўшилган. У мавсум-2019|2020 якунида Чемпионшипнинг бош голеадорига бериладиган «Олтин бутса» совринини қўлга киритишга ҳам улгурганди. Ҳужумчи ўша мавсум 26та гол маррасида тўхтаган, лондонликлар эса «плей-офф» турнири орқали АПЛ йўлланмасини ютишганди. Аммо жамоа юқори лигада омадсизликка учради. Чунончи, Митрович сентябрь - апрель оралиғида бирорта гол ура олмади. Умуман, Александр ўша мавсум «Фулхэм» либосида атиги 3 марта гол қувончини туйди. Эътиборли томони, у Сербия миллий жамоаси ўйинларида рақиблар дарвозасини 7 марта нишонга олганди. Умуман, Митрович ўз мамлакати бош жамоасида ҳамиша самарали ўйнаган - жами 44та гол. Бу эса Сербия термаси тарихидаги энг яхши натижадир (ҳаттоки, собиқ Югославия даврини ҳисобга олганда ҳам).

Мана, серб ҳужумчиси асосан «Фулхэм» ўйини туфайли клуб футболида юзага келган қисқа депсинишдан сўнг жорий мавсум яна самарадорликни оширди. Катта эҳтимолки, у келаси мавсумни яна АПЛда бошлайди. Демак, серб йигитида фақат Чемпионшип эмас, элита учун ҳам муносиб футболчи эканлигини исботлаш имконияти туғилади ҳали.

2022 йил Александр Митрович учун ўта ёрқин давом этиши мумкин. Зеро, серблар бўлажак ЖЧга катта иштиёқ билан тайёргарлик кўришмоқда. Айтиш жоиз, ЖЧ-2022 саралашидан ўрин олган Португалия термасига қарши ҳал қилувчи драматик ўйинда айнан Александр сербларни Қатар томон бошлаганди.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz