Қайднома

Қидирув

10 йиллик фойда ҳисоби ёки ЕВРОПАДА ТРАНСФЕРЛАР ОРҚАЛИ ЭНГ КЎП ПУЛ ТОПГАН КЛУБЛАР

10 йиллик фойда ҳисоби ёки ЕВРОПАДА ТРАНСФЕРЛАР ОРҚАЛИ ЭНГ КЎП ПУЛ ТОПГАН КЛУБЛАР

  12.03.2022 06:26
  0
  287
10 йиллик фойда ҳисоби ёки ЕВРОПАДА ТРАНСФЕРЛАР ОРҚАЛИ ЭНГ КЎП ПУЛ ТОПГАН КЛУБЛАР

«Кўҳна қитъа» футболини бизнесдан ажратиш жуда-жуда мушкул. Айниқса, кучли 5та лигада кун кўриш учун бизнес йўналишида ҳам аниқ ҳаракат қилиш талаб этилади. Тадқиқотчилар АПЛ, Ла Лига, «А» серия, Бундеслига ва Лига 1нинг молиявий ҳисоботларини ўрганиб чиқиш асносида охирги 10 йил давомида қайси клублар бизнеснинг трансферлар бобида ишни аъло даражада бажарганини аниқлашди. Хўш, бу даврда футболчи олди-сотдиси ортидан энг кўп фойда кўрган кучли 10таликда қайси жамоалар бор?

10-ўрин - «ЭМПОЛИ» (Италия)

Харажат: 75 млн. евро

Даромад: 175 млн. евро

Нисбат: +100 млн. евро

«Эмполи»да сотиш масаласи ҳамиша биринчи рақамли мақсад саналмайди. Жамоа бир йилда трансферлардан 1 миллион евро топса, кейингисида бу сумма 20 «лимон»ни ташкил этиши ҳеч гап эмас. Яна бир томони, камтарин клуб трансферларга кўп сарфламайди, лекин кимнидир сотиш имконияти туғилса, бу ишни пайсалга солмайди. Охирги энг йирик тушум Исмоил Бенносирнинг «Милан»га трансферидан тушди - 12 миллион евро.

 

9-ўрин - «ХОФФЕНХАЙМ» (Германия)

Харажат: 227 млн. евро

Даромад: 335 млн. евро

Нисбат: +108 млн. евро

Элит рўйхатга тушган Бундеслиганинг ягона вакили. Зинсхайм жамоаси мавсум-2019|2020нинг ўзида Жоэлинтон, Карим Демирбай, Нико Шульц ва Надим Амири трансферлари ортидан +100 миллион евро йиғди. «Хоффенхайм» бунга қадар Никлас Зюле ва Сандро Вагнерни «Бавария»га манфаатли тарз­да пуллаганди.

 

8-ўрин - «СЕНТ-ЭТЬЕН» (Франция)

Харажат: 111 млн. евро

Даромад: 222 млн. евро

Нисбат: +111 млн. евро

Лига 1 клуби рейтингга асосан 2та йирик трансфер туфайли кирди: Вильям Салиба «Арсенал»га, Весле Фофана «Лестер»га жами 60 млн. евродан кўпроққа сотилди. «Сент-Этьен» кичик операцияларга эътиборли. Яъни жамоа одатда футболчилар трансферида кўп қатнашади.

 

7-ўрин - «АТЛЕТИК» (Испания)

Харажат: 109 млн. евро

Даромад: 224 млн. евро

Нисбат: +115 млн. евро

«Атлетик»нинг асосий фалсафаси - молиявий томондан мустақил бўлиш. Баскония клуби шунинг баробарида камдан-кам ҳолда футболчи сотади. Қисқаси, бильбаоликлар бу ишга қўл уришдими, катта фойда кўришади. Охирги 10 йилликдаги 2та йирик трансфер бунга далил: «Челси» дарвозабон Кепа Аррисабалага учун 80 миллион евро тўлаган бўлса, «Манчестер Сити» Эмерик Ляпортга эга чиқиш йўлида 65 «лимон»­дан воз кечди.

 

6-ўрин - «МОНПЕЛЬЕ» (Франция)

Харажат: 89 млн. евро

Даромад: 205 млн. евро

Нисбат: +116 млн. евро

Франциянинг турли даражадаги клублари кўпинча айнан «Монпелье»дан футболчи сотиб олади. Клубнинг ўзи эса янги иқтидорлар учун деярли пул сарфламайди. Кўзга ташланган охирги савдо - бу Гаэтан Ляборднинг «Ренн»га 15 «лимон»га пуллангани,  яна Анди Делор камроқ сумма эвазига «Ницца» таркибини тўлдирди. Умуман, «Монпелье» деярли ҳар бир ТБ (трансферлар бозори)да осонгина 20 миллион евродан кўп топади.

 

5-ўрин - «АТАЛАНТА» (Италия)

Харажат: 392 млн. евро

Даромад: 554 млн. евро

Нисбат: +162 млн. евро

Бергамоликлар айниқса, охирги 10 йилликнинг ўрталарида жуда кўп футболчи сотишди. Сўнгги икки мавсумда эса фақат ортиқча ўйинчиларга жавоб бериб, энг яхши ижрочиларни олиб қолишга ҳаракат қилишмоқда. Чунки ҳозирги «Аталанта» «А» серияда юқори ўринлар учун курашмоқда.

 

4-ўрин - «УДИНЕЗЕ» (Италия)

Харажат: 244 млн. евро

Даромад: 416 млн. евро

Нисбат: +172 млн. евро

«Удинезе» - Италиянинг катта жамоаларига футболчи етказиб берувчи «донор». Охирги йирик савдолар қаторида Родриго де Паулнинг «Атлетико» (35 миллион евро) ва Алекс Меретнинг «Наполи» (26 миллион евро)га трансферини айтиш мумкин.

 

3-ўрин - «ЖЕНОА» (Италия)

Харажат: 265 млн. евро

Даромад: 465 млн. евро

Нисбат: +200 млн. евро

Италия грандлари учун асосий таъминотчилардан бири. Генуя клуби бутун Италиядан пул йиғади. Охирги эътиборли операция­лари - Элдор Шомуродовнинг «Рома» (17,5 миллион евро), Кристиан Ромеро ва Николо Ровелланинг «Ювентус» (31 ва 23 миллион евро)га сотгани. Генуяликлар яна ижара келишувлари бўйича ҳам фаол ишлашади.

 

2-ўрин - «ЛИОН» (Франция)

Харажат: 439 млн. евро

Даромад: 686 млн. евро

Нисбат: +247 млн. евро

Охирги декадага қарасак, фақат 1 йилда «Лион»нинг трансферлар бўйича даромади 10 миллион еврога етмади. Умуман, бу даврда ажойиб келишувлар етарли: «Арсенал» Александр Лаказетт учун 55 миллион, «Бавария» Корентен Толиссо учун 25 миллион, «Барселона» Самуэль Юмтити учун 25 миллион... Охирги йилларда эса «Лион» Танги Ндомбеле («Тоттенхем») ва Форлан Менди («Реал») трансферларидан жами 100 миллион евродан кўп ишлади.

 

1-ўрин - «ЛИЛЛЬ» (Франция)

Харажат: 319 млн. евро

Даромад: 668 млн. евро

Нисбат: +349 млн. евро

Футбол бозорида олди-сотди нуқтаи назаридан эталон клуб. Қаранг, «бульдоглар» атиги 22 миллион еврога харид қилинган Виктор Осимхен учун «Наполи»дан 75 «лимон» ундиришди. Қолаверса, «Арсенал» Николя Пепе трансфери йўлида 80 «лимон»дан воз кечди. Умуман, «Лилль» ҳар йили 3-4 нафар футболчини 50-60 млн. еврога сотиш ҳадисини ўзлаштирган.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz