Қайднома

Қидирув

Демба Ба қиёфаси ёдингиздами?

Демба Ба қиёфаси ёдингиздами?

  12.03.2022 11:22
  0
  375
Демба Ба қиёфаси ёдингиздами?

Ҳужумчи Демба Ба эсингиздами, унинг қиёфаси-чи? 36 ёшли сенегаллик ўтган йилнинг сентябрь ойида футболчилик фаолиятига нуқта қўйди. Тўғри, у миллионлар ўйинидан бутунлай узоқлашгани йўқ. Дейлик, телевидениеда соҳа эксперти сифатида иш бошлади. Эътиборли томони, Ба илк чиқишидаёқ томошабинларни ҳайратга солди. Йўқ, ноёб таҳлилий хулосалари эмас, балки янги имиджи билан. Демба Ба бутун фаолияти давомида тақирбош эди, энди унда нафис соч турмаги бор. Чиндан ҳам, мутлақо ўзгача кўриниш. Айтишларича, Демба чамаси 1 йилча олдин сочини ўстиришга қарор қилган. Sports.ru сайти вакиллари Демба Ба имиджидаги кескин ўзгаришдан ҳайратланиб, унинг футболдаги йўлини эслатишни жоиз билишди. Аввало, айтиш керак, сенегаллик ҳужумчи охирги 10 йилликнинг биринчи ярмида АПЛ майдонларида ёрқин нур сочди. Умуман, унинг фаолият йўли анча қизиқарли. Дейлик, Англиядан ташқари, Германияда ҳам чакки таассурот қолдирмади, бутсаларини михга илганидан кейин эса уни «Локо» тизимига чорлашгани хусусида гаплар чиқди.

*** 2007 йили Бельгиянинг «нотаниш» клуби «Мукрон» 22 ёшли ҳужумчини Германияга қўйиб юборди - сенегаллик бақувват йигит ўз ўйини билан «Хоффенхайм»нинг ўша вақт­даги бош мураббийи Ральф Рангник назарига тушганди. Муҳими, Демба янги муҳитга тезда мослашди ва камтарин клубни бошқа «оддий» юлдузчалар билан бирга юқорига судради. Яъни сенегаллик ҳужумчи Чинеда Обаси, Луис Густаво, Сеяд Салихович, Карлос Эдуардо ва Ведад Ибишевич қатори кенг жамоатчиликка танилди.

*** Демба яна 4 йилдан сўнг Англия футболига юзланди. Аниқроқ айтсак, Бундеслигада бор салоҳиятини намойиш этган ҳужумчи 2011 йилнинг январида «Вест Хэм» билан шартнома тузди. Бироқ Лондон клуби ўша мавсум АПЛдан тушиб кетди ва Демба «Ньюкасл» таклифини қабул қилди. Асосийси, «ҳаккалар» ҳужумида Паписс Сиссе билан ажойиб жуфтлик ташкил этиб, АПЛ тарихига кирди.

*** Гол уришдан тўхтамаган Демба 2013 йилнинг январида «Челси» сафига қўшилди, аммо «Стэмфорд Бриж»да ўз ўрнини тополмади. Шунга қарамай, «аристократлар» тарихида ҳам ёрқин из қолдирди, барибир: Стивен Жеррард сирпаниб кетганидан кейин «Ливерпуль» дарвозасига ўта қиймати баланд голни урди. Аслида Банинг ўзи дастлаб ўша голи қадрини унча англамаган: «Очиғи, бошида қандай голга муаллифлик қилганимни билмагандим. Орадан бир неча йил ўтгач ҳам одамлар ўша гол ҳақида гапиришаётганини эшитганимдан кейин унинг баҳоси анча баланд эканлигини тушундим. Улар ҳамон ўша голни эслатишади!»

*** Сенегаллик ҳужумчи «Челси»даги даврдан кейин пул ғамлаш мақсадида навбати билан Туркия ва Хитойда ўйнади. Фао­лиятининг охи-рги 3 мавсумида эса Истанбулда тўп суриб, бу орада ирқчиликка доир можаро марказига ҳам тушди. Ҳужумчи шундан сўнг Швейцарияга йўл олди ва «Лугано» таркибида атиги 3 марта майдонга тушиб, профессионал фут-болдан жимгина четга чиқди. «Кўнгил тўла миннатдорчилик ҳисси билан футболчилик фаолиятим якунланганини эълон қиламан. Қандай ажойиб ва такрорланмас саёҳат! - дея чиройли оҳангда хайрлашди Демба. - Ҳа, бу йўлда катта қийинчиликларни бошдан кечирдим, лекин футбол мени ажойиб эҳтирослар билан сийлади: мухлислар иштиёқи ва меҳри, ҳар бир гол қувончи, трибуналар шовқин-сурони, жамоадошлар билан майдон ва унинг ташқарисидаги муносабатлар... Барчаси қалбимда абадий қолади».

*** PariFoot au Senegal сайти 2021 йилнинг сентябрь ойида Ральф Рангник собиқ шогирдини «Локомотив» спорт директори лавозимига таклиф қилаётгани ҳақида хабар берди, аммо бу миш-мишлигича қолди.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz