Қайднома

Қидирув

«Камбэк» - қўшимча эҳтирос!

«Камбэк» - қўшимча эҳтирос!

  13.03.2022 15:00
  0
  346
«Камбэк» - қўшимча эҳтирос!

ЕВРОКУБОКЛАРДА КУЗАТИЛГАН ЭНГ САРА «КАМБЭК»ЛАР. Мана,«кўҳна қитъа»да клублар ўртасидаги ЧЛ, ЕЛ ва КЛ турнирлари тобора оловли нуқтасига яқинлашмоқда. Дейлик, бугун асосий мусобақа - ЧЛда дастлабки «плей-офф» бос­қичининг жавоб баҳслари бошланади. Албатта, ҳаммасини ҳал қилувчи иккинчи ўйинга қизиқиш икки ҳисса ортиқдир. Мисол учун, ҳайрат­омуз «камбэк»лар кўпинча айнан жавоб баҳсларида кузатилади. FourFourTwo нашри шуни инобатга олиб, ўз талқини бўйича еврокубоклар тарихидаги энг эффектли 20та «камбэк»ни алоҳида саралади. Демак, бугун рейтингнинг дастлабки қисмига кўз югуртирамиз.

20-ўрин: «Барселона» - «Челси» - 5:1 (икки ўйин натижаси - 6:4)

ЧЛ-1999|2000. 1|4 финал

Роман Абрамович инглиз футболида ўз империясини қуриши арафасида «Челси» Англия кубоги, Лига кубоги ва Европа Кубок эгалари кубогини қўлга киритишга улгурганди. Шунинг учунми, мухлислар «кўклар»ни «Барса»га қарши ўйинлардан олдин ЧЛ ярим финалига «чиқариб қўйишганди». Бироқ... Ўша чорак финал қарама-қаршилиги 4 бўлимли классик олишувга айланади. Жанлука Виалли шогирдлари Лондонда меҳмонларга биринчи бўлимнинг ўзида 3та гол «улашишади». Танаффусдан кейин Луиш Фигу урган 1та жавоб голи «Барса»да умумий ғалабага умид уйғотади. «Камп Ноу»да мезбонлар аввалига 4та гол уриб, умумий ҳисобда олдинга ҳам чиқиб оладилар. Лекин Туре Андре-Флунинг ягона аниқ зарбаси билан ҳаммаси «овер-тайм»га кўчади. Кейин Селестин Бабаяро қизил карточка олади ва каталонияликлар ҳал қилувчи голни нишонлашади.

 

19-ўрин: «Партизан» - «КПР» - 4:0 (икки ўйин натижаси - 6:6)

УЕФА кубоги-1984|1985. Иккинчи босқич

Яқин ўтмишда «плей-офф»га чиққан аутсайдер клублар кўпинча ўз майдонларида ғалаба қозониб, сафардаги натижа ортидан мусобақа билан хайрлашарди. «Партизан» - «КПР» тўқнашувида эса бунинг акси кузатилган. Англия клуби «Хайбери»да 6:2 ҳисобида устун келади (ўшанда УЕФА «Лофтус Роуд»даги плас­тик майдонда ўйнамаслик бўйича қарор чиқарган ва бу айнан лондонликлар фойдасига хизмат қилганди). Бироқ жавоб учрашуви тамоман бош­қача тус олади. «Ўйин бошланмасидан олдин мағлуб бўлгандик. Очиғи, шогирдларим Сербияда майдонга тушиб, аренадаги муҳитни кўргач, қандайдир саросимага тушиб қолдилар. Тан оламан, мени ҳам аренадаги манзара анча чўчитиб юборди», - деганди «КПР» мураббийи Алан Маллери ўйиндан сўнг маъюс оҳангда. Хуллас, «Партизан»­нинг «бўрон» каби ҳужумлари ва мухлисларнинг эҳтиросли қўллаб-қувватлашларига гувоҳ бўлган мураббий тез орада биринчи ўйиндаги 6:2 ҳисоби кейинги босқич йўлланмаси учун камлик қилишини тушуниб етади. 5 кун олдин 1 йиллик ҳарбий хизматдан қайтган Звонко Живкович ҳисобни 4:0га оширгач, «КПР» ихтиёрида ярим соатча вақт қолганди. Бироқ меҳмонлар минг уринишмасин, жавоб голини уролмайдилар, барибир.

 

18-ўрин: «Зальцбург» - «Лацио» - 4:1 (икки ўйин натижаси - 6:5)

ЕЛ-2017|2018. 1|4 финал

Қувватбахш ичимликликлар кишининг жисмоний ҳолатига турлича таъсир кўрсатиши кўпчиликка маълум. Эҳтимол, шунинг учундир «РБ Лейпциг» апрель оқшомларидан бирида ЕЛ чорак финалида 2та гол устунлигидан фойдаланолмади. Германия клуби каби «Ред Булл» компанияси тасарруфида фаолият юритадиган «Зальцбург» аксинча, Римдаги омадсизликка ўз майдонидаги ғайрат-шижоатли ўйин билан муносиб жавоб қайтарди ва ярим финал йўлланмасини қўлга киритди. Ҳа, рақиб ҳимоя чизиғининг суст­кашлиги ва ҳакамнинг айрим қарорлари мезбонлар фойдасига ишлади. Лекин ўша оқшом майдон эгаларини тўхтатиб қолишнинг иложи йўқ эди. Мунас Даббурнинг ўта кучли зарбаси эвазига ҳисобни очган Австрия клуби ке­йинчалик қандайдир 4 дақиқаю 7 сония оралиғида яна 3та гол урди! Тўғри, «нов­вослар» ўша фантастик зафар ортидан оғриқли мағлубиятни қабул қилиб олишди. Бироқ бу «камбэк» мухлислар хотирасига абадий муҳрланди.

 

17-ўрин: «Вердер» -

«Андерлехт» - 5:3

ЧЛ-1993|1994. Гуруҳ

босқичи

«Везер мўъжизаси». Бельгия жамоасига қарши учрашув «Вердер»нинг Везер дарё­си соҳилида қайд этган буюк ғалабалари қаторидан жой олди. «Мусиқачилар» бунга қадар 2 марта (1987 йили «Спартак» М. ва 1988 йили «Динамо» Бр. билан ўйинларда) 3та тўп фарқини бемалол бартараф этиш мумкинлигини исботлагандилар. Бременликлар кейинчалик, 1999 йили «Лион»ни ҳам шу аснода маҳв этишган. «Везер мўъжизаси»га қайтсак, «мусиқачилар» 66-дақиқада ҳам 0:3 ҳисобида ортда қолишаётганди. Чунончи, «Андерлехт» таркибида савияли футболчилар тўпланишганди: Жон Босман, Филипп Альберт (гол муаллифи), Данни Боффин («дубль» муаллифи) ва маҳаллий мухлислар томонидан юксак эътирофга лойиқ топилган дарвозабон Филипп де Вильде. Хуллас, ке­йинчалик Греция миллий жамоасини Евро-2004 турнирида шоҳсупага олиб чиққан Отто Рехагель раҳбарлигидаги «Вердер» қолган вақтда кучли жала ва анчайин совуқ об-ҳаво шароитига қарамай, ўз мухлисларига 5та гол тортиқ этганди.

 

16-ўрин: «Монако» - «Реал» - 3:1 (икки ўйин натижаси - 5:5)

ЧЛ-2003|2004. 1|4 финал

«Реал» афсоналаридан бири Фернандо Морьентеснинг ўша ўйиндан кейинги гаплари: «Ўзимни бахтиёр ҳис этиш учун Мадриддан кетишга мажбур бўлгандим. Монакога итоаткорона кайфиятда келдим. Бу ердаги кўплаб йигитлар ЧЛда ўйнаш тажрибасига эга эмаслар. Шунинг учун уларга орзу йўлида ёрдам беришга қарор қилгандим». Эҳҳе, чиндан ҳам, Фернандо Морьентеснинг кўмаги кутилганидан ҳам зиёда бўлганди жавоб баҳсида. Князлик клуби ўша мавсум финалгача етиб борган, ҳужумчи эса «Реал»ни «дафн» этиш баробарида турнирда ҳаммадан кўп гол урганди. Унинг «Сантьяго Бернабеу»да, ўйиннинг сўнгги дақиқаларида қайд этган голи шунчаки, тасалли вазифасини адо этганди. Жавоб учрашувидан четда қолган Дэвид Бекхэм эса эҳтиёткорликни унутган ҳолда, «Реал» бир оёғи билан ярим финалда эканлигини баралла таъкидлаганди. «Стад Луи II»да кечган баҳсда Зидан, Роналдо, Гути ва Рауль иштирокидаги комбинациядан сўнг умумий ҳисоб 2:5 кўринишини олгач, Бекснинг башорати рўёбга чиқадигандек туюлганди. Бироқ Людовик Жюли умумий ҳисобдаги фарқни қисқартиргач, вазият тамоман ўзгариб кетади. Ундан кейин Фернандо яна ўзини кўрсатади, Жюли эса товонининг орқа томони билан зарба йўллаш асносида «дубль» расмийлаштиради. Шундан сўнг Рауль дарвозани ишғол этади, аммо ўйиндан ташқари ҳолат ташхиси билан гол инобатга олинмайди. «Реал ўғлони» қоидаларга тўғри келадиган вазиятда эса, қулай имкониятдан дан фойдаланолмайди. Шу тариқа 3:1 ҳисобида якунланган ўйин князлик клубини ярим финалга олиб чиқади.

P.S.: давоми газетамизнинг кейинги сонларида.

Р.ИБРОҲИМОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz