Қайднома

Қидирув

Бахтиёр Қосимов: «Фаолиятимда туб бурилиш ясашни истадим»

Бахтиёр Қосимов: «Фаолиятимда туб бурилиш ясашни истадим»

  13.03.2022 18:18
  0
  388
Бахтиёр Қосимов: «Фаолиятимда туб бурилиш ясашни истадим»

Термизнинг «Сурхон» жамоа­си мавсум олдидан таркибни сезиларли даражада кучайтирди. Мураббийликка испаниялик мутахассис таклиф қилинди, маҳаллий футболчилар билан шартнома имзоланди. Жумладан, фаолиятини «Андижон»да ўтказган ярим ҳимоячи Бахтиёр Қосимов ҳам «Сурхон» сафида кўриниш берди. Ажабланарлиси, у дарҳол термизликлар сардорига айланди. Махсус мухбиримиз ушбу футболчи билан боғланиб, унинг фикрларига қулоқ тутди.

- «Сурхон»га ўтишингиз қай тариқа амалга ошди?

- Ўтган мавсум поёнига етганидан сўнг уйда, оилам даврасида дам олаётганимда, «Сурхон»да иш бошлаган испаниялик мураббий жамоага таклиф этди. Европалик мутахассислар бўлгани боис, менда қизиқиш уйғонди. Фаолиятимда ўсиш кузатилиши мумкинлигини ҳис қилган ҳолда, таклифга розилик билдирдим. Ўз навбатида, «Андижон» билан шартномам муддати якунланганди ва жамоа раҳбари билан маслаҳатлашган ҳолда, термизликлар сафига қўшилдим.

- Испаниялик Анхель Лопес ҳақидаги фикрингиз.

- У ёш бўлишига қарамай, шу вақтгача бир нечта давлатларда ишлашга улгурган. Кўриниб турибдики, жуда истеъдодли мутахассис. Ўзига яраша принциплари бор. Ўйлайманки, бу мураббий бошчилигида «Сурхон» қандай жамоа шакллантирганини чемпионат мобайнида барча кўради. Анхелнинг юртимизга ташрифи бежиз эмаслигини жамоамиз бошқача футбол намойиш этиши орқали кўрсатади. Мураббий ҳар бир ўйинда жанг қилишимиз кераклигини уқтириб боряпти. Лопеснинг келганига ҳали кўп вақт бўлмади, лекин унинг маҳаллий мураббийлардан фар-қи шуки, доимо ўз ишига ўзгача ёндашиб, футболчилардан ҳам айнан шуни талаб қилади.

- Чемпионатни ғалаба билан бошлай олмадинглар. «Олимпик» билан учрашувда жамоага нима етишмади?

- Биринчи навбатда, омад кулмади. Вазиятлар юзага келди, бироқ ҳужумларни гол билан якунлашда совуққонлик ва омад етишмади. Имкониятларимиздан унумли фойдалана олмадик. Гарчи «Олимпик» ёш бўлсада, яхши қаршилик кўрсатди. Уларда ҳам дарвозамизни ишғол қилиш учун имкониятлар пайдо бўлди.

- «Сурхон»дан ташқари, бош­қа жамоалар томонидан ҳам таклифлар бўлдими?

- Таклифлар бўлди. Аммо «Сурхон»нинг қизиқиши жиддийлигини тушундим. Испаниялик мураббийнинг шахсан ўзи чақиргани боис, қолган вариантларга катта эътибор қаратганим йўқ. Чунки европалик мутахассис билан ишлаш жараёнида ўзим учун янгилик олишни истадим.

- Бир неча мавсум «Анди-жон»да ўйнадингиз. Жамоани тарк этиш қийин бўлмадими?

- Тўғриси, осон бўлмади. Чунки бу клубда узоқ вақт ўйнадим. Лекин фаолиятимда туб бурилиш ясашни истаганим учун ҳам «Андижон»ни тарк этдим. Вақти келиб яна собиқ жамоага қайтаман, деган умиддаман.

- «Сурхон» олдига аниқ вазифа қўйилганми?

- Албатта. Раҳбарият юқори вазифаларни кўзламоқда. Барча ўйинларда ижобий натижа қайд этган ҳолда, сов-риндорлар қаторида бўлишни режалаштирганмиз. Бу осонликча амалга ошмайди. Лекин биргалашиб, ҳамжиҳатликда юқорига кўтарилишимизга ишонаман.

- Жамоада легионерлар ҳам бор. Айтайлик, испания­лик футболчиларни учратиш мумкин. Улар сизда қандай таассурот қолдиришди?

- Барчаси юқори савиядаги футболчилар. Айниқса, Луис Кесаданинг ҳаракатлари ёқди. «Реал Мадрид» академияси тарбияланувчиси экани яққол кўзга ташланди. Техникаси жуда юқори, майдонни яхши кўра оларкан. Бундан ташқари, ҳаётда жуда очиқ инсон эканини ҳам айтишим мумкин.

ИЗЗАТБЕК суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz