Қайднома

Қидирув

Сардорлик масъулияти кимга ишонилган?

Сардорлик масъулияти кимга ишонилган?

  14.03.2022 06:56
  0
  343
Сардорлик масъулияти кимга ишонилган?

Сардорлардан майдонда ҳар томонлама етакчилик салоҳиятини намойиш этиш, жамоадошларини ўйин давомида олдинга бошлаш, кези келганда, майдон ташқарисида ҳам уларни ёлғизлатмай, бош мураббийнинг футболчилар орасидаги ёрдамчиси бўлиш талаб этилади. Бир сўз билан айтганда, жамоа сардори шериклари ва мураббий ўртасидаги кўприк вазифасини ўтайди. Бундан кўринадики, сардорлик масъулияти ҳар томонлама оғир бўлади. Одатда, маҳаллий футболчи ёки тажрибаси юқори бўлганларга боғични тақиш ишониб топширилади. Хўш, айни пайт Суперлига клубларида кимлар сардорлик қилиб келмоқда? Қуйида шу ҳақда сўз юритамиз.

«ПАХТАКОР» - Шерзод АЪЗАМОВ

Амалдаги чемпион таркибида лидерликни қўлга оладиган ижрочилар бисёр, жамоадошларини ортидан етаклай олиш қобилиятига эга ижрочилар кўп. Бироқ сардорлик боғичи ҳимоячи Шерзод Аъзамовга топширилган. Вице-сардорлик эса Драган Черан гарданига тушади. Иккиси ҳам «шерлар»нинг ишонган футболчилари ҳисобланишади.

«СЎҒДИЁНА» - Жасур ҲАСАНОВ

Улуғбек Бақоев мураббийлигидаги «Сўғдиёна» янги мавсумда ОЧЛ йўлланмасига эга чиқиш йўлида курашади. Шу мақсадда, Бақоев бир неча тажрибаси катта футболчиларни жамоага таклиф қилди. Натижаларнинг ижобий кўриниш олишида етакчининг ўрни катта бўлади. Жасур Ҳасанов эса жамоанинг энг тажрибали футболчиси ҳисобланади. Бежиз унга сардорлик боғичи топширилмаган. Улкан тажрибасига таянган ҳолда, ёш жамоадошларини етаклаши кўзда тутилган.

АГМК - Санжар ТУРСУНОВ

Олмалиқликлар сафида майдондаги мураббий лавозими тажрибали футболчи Санжар Турсуновга юклатилган. Фаолияти давомида кўплаб жамоалар шарафини ҳимоя қилган Турсунов олмалиқликлар сафида ҳам йўлбошчи, дейиш мумкин. Миржалол Қосимов таркибни шакллантиришда тажрибали йигитларни таклиф қилишга одатланган. Хусусан, Санжар таркибда бўлмаган кезлари ўрнини Анзур Исмоилов эгаллаши мумкин.

«НАСАФ» - Умар ЭШМУРОДОВ

Рўзиқул Бердиев жамоасида Умар Эшмуродов сардорлик боғичини олган. У майдонда оғир-вазминлиги билан бошқалардан ажралиб туради. Кўп вазиятларда ҳакамлар билан тортишмасликни лозим топади. Вақти келганда, жамоа манфаати йўлида ўз ҳаққини талаб қила оладиган етакчи ҳам ҳисобланади. Қисқаси, Эшмуродов ёш бўлишига қарамай, етакчилик ролини аъло даражада бажаради. Вице-сардорлик Ғолиб Ғайбуллаев чекига тушган.

«БУНЁДКОР» - Даврон ЭРГАШЕВ

Жорий мавсум «қалдир-ғочлар»да сардорлик боғичи тожикистонлик ҳимоячи Даврон Эргашевга топширилди. Бу вазифани аввалги йилларда Лутфулла Тўраев бажариб келаётганди. Янги мавсум аввалида эса Тўраев Суперлигага қайтган «Нефтчи» таркибига қўшилди. Натижада, «Бунёдкор» раҳбарияти ва мураббийлар штаби масъулиятли вазифани Эргашевга топширишга қарор қилди. Даврон бу борада анча тажрибали, унинг майдонда оғир-босиқлик билан тўп суришини кузатиш мумкин.

«НАВБАҲОР» - Азим АҲМЕДОВ

Аҳмедовлар сулоласининг кенжа вакили «Навбаҳор» клуби сардори ҳисобланади. Самвел Бабаян мавсум аввалида таркибни сезиларли даражада кучайтирди. У таклиф этган футболчиларнинг деярли барчаси етакчиликни қўлга олишга қодир. Шундай бўлсада, сардорлик боғичи Азимда қолдирилди. Мабодо, қандайдир сабабга кўра, Аҳмедов майдонга тушмаса, бу вазифани Игорь Голбан ўз зиммасига олиши мумкин.

«ЛОКОМОТИВ» - Кахи МАХАРАДЗЕ

Янгиланаётган «Локомотив»-да сардорлик вазифасини ўтган мавсумлардан буён Кахи Махарадзе бажармоқда. Грузиялик чарм тўп устаси ҳамон «темирйўчилар»га содиқ эканини кўрсатиб келмоқда. Лекин айрим ҳолатларда Махарадзе сардорларга хос бўлмаган ишларни бажаради. Кўп тортишади, даҳанаки жангларга киришади. Ёш жамоадошларига намуна бўлиши, уларни олдинга етаклаши ва лидерлик вазифасини бажариши кераклигини инобатга олсак, Кахидан оғир-босиқликни ўрганиши ҳам талаб этилади.

«ҚЎҚОН-1912» - Мурод ХОЛМУҲАММЕДОВ

Бахтиёр Ашурматов устозлигидаги қўқонликларга анча йиллардан буён Мурод Холмуҳаммедов сардорлик вазифасини бажармоқда. Айтиш керакки, у жамоанинг нафақат сардори, шу қаторда лидери ҳам ҳисобланади. У жамоадошларини ғалабалар сари етаклай оладиган футболчидир. Шу томонлари сабабли ҳам қўқонлик ишқибозларнинг ёқимтойига айланган. Муҳим ўйинларда жарима тўпларидан голлар ургани ҳолда, «Қўқон-1912»га муҳим ғалабаларни тақдим этмоқда. Холмуҳаммедов майдонда бўлмаган вақтларда унинг ўрнини Александр Мерзялков эгаллайди. Тажрибали футболчи ҳам сардорлик вазифасини муваффақиятли бажара оладиганлар сирасидан.

«ҚИЗИЛҚУМ» - Игнатий НЕСТЕРОВ

Навоийликлар бу борада тажрибали футболчиларга ишонч билдиришмоқда. Жорий мавсумдан сардорлик боғичи Игнатий Нестеровга топширилди. Илгари Эркин Бойдуллаев бу вазифани бажариб келарди. Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ кипери тажрибаси ва ёш жиҳатидан жамоадошларидан катталиги туфайли ҳам боғич тақишга ҳақли. Боз устига, у майдонда шерикларини ғалабалар сари етаклай олади.

«СУРХОН» - Бахтиёр ҚОСИМОВ

Испаниялик мутахассис Анхель Лопес мавсумолди тайёргарлик вақтида таркибни ҳаминқадар кучайтирди. Легионерлар лимити испаниялик, сербиялик ва тожикистонлик футболчилар ҳисобига тўлдирилди, маҳаллий ўйинчилар билан шартнома имзоланди. Жумладан, ўтган мавсум «Андижон»да тўп сурган Бахтиёр Қосимов ҳам «Сурхон» сафини тўлдирди. Ва қисқа муддатда жамоа сардори мақомини олди. Қосимов бўлмаган вақтда боғични тажрибали ҳимоячи Бобур Акбаров тақади.

«МЕТАЛЛУРГ» - Саламат ҚУТИБОЕВ

Мавсум-2021даги муваффақиятсизликлардан хулоса чиқариб, таркибни сезиларли даражада кучайтирган «Металлург»да сардорлик боғичи Саламат Қутибоевга берилди. Илгари бу вазифани Акбар Исматуллаев бажариб келаётганди. У эса йил бошида бекободликлар билан хайрлашди. Айрим маълумотларга кўра, Исматуллаев футболчилик фаолиятини якунлаган. Қутибоев майдонда бўлмаган вақтда сардорлик боғичи Фозил Мусаев ва Александр Лобановдан бирининг гарданига тушади.

«НЕФТЧИ» - Лутфулла ТЎРАЕВ

Суперлигага қайтганидан сўнг кўплаб трансферларни амалга ошириб, ўз олдига юқори мақсадларни қўйган «Нефтчи»да сардорлик вазифаси Лутфулла Тўраевга топширилган. У мазкур вазифани илгари ўйнаган жамоаларида ҳам аъло даражада бажарган, демакки, Фарғона клубида бу борада муаммога дуч келмаслиги турган гап. Бироқ Суперлиганинг 1-турида Тўраев «Қўқон-1912»га қарши баҳсда жароҳат олиб, майдонни барвақт тарк этди. Вице-сардорликни эса Ойбек Қиличев бажарди. Ўз навбатида, Қиличев захирага олинаётганда, боғични жамоанинг янги аъзоси - Мирзоҳид Ғофуровга топшириб чиқиб кетди.

«ДИНАМО» - Темур ИСМОИЛОВ

Самарқандликлар ҳам янги мавсум Суперлигада муносиб иштирок этиш ниятидалар, Про лигага тушиб кетиш уларнинг режасига кирмаслиги аниқ. Шу мақсадда жамоага сербиялик мутахассис таклиф қилинди. Ҳозирда «Динамо»да сардорлик вазифасини Темур Исмоилов бажармоқда. Қолган жамоадошларига қараганда анча ёш бўлсада, ушбу футболчи боғич тақиш масъулиятини ўз зиммасига олишдан чўчимади.

«ОЛИМПИК» - Бекзод ШАМСИЕВ

Суперлигадаги энг ёш таркибга эга бўлган жамоанинг тажрибали рақибларга қарши қай тариқа ўйин кўрсатиши қизиқ. Темур Кападзе дружинасида сардорлик вазифасини Бекзод Шамсиев бажармоқда. Про лигадаги вақтда ҳам ушбу лавозим Шамсиевга тегишли эди. Якунда у ўз вазифасини аъло даражада бажаргани, жамоадошлари билан Суперлигага йўлланма олганидан хабарингиз бор.

И.АБДУВАҲОБОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz