Қайднома

Қидирув

Бугунги рақибимиз билан танишамиз: «Бани Яс» қандай куч?

Бугунги рақибимиз билан танишамиз: «Бани Яс» қандай куч?

  15.03.2022 06:36
  0
  360
Бугунги рақибимиз билан танишамиз: «Бани Яс» қандай куч?

«Насаф» бугун (15 март) таъбир жоиз бўлса, жорий мавсумдаги энг муҳим ўйинларидан бирини ўтказади. Рўзиқул Бердиев жамоасини олдинда ОЧЛ-2022 гуруҳ босқичи йўлланмаси масаласини ҳал қилувчи «плей-офф» учрашуви кутмоқда. Рақиб БААнинг «Бани Яс» клубида устунлик бор - мезбонлик фактори. Хўш, бу жамоа ҳақида яна нималарни билиш керак?

Умумий маълумот

«Бани Яс» - узоқ тарихга эга ва халқаро турнирларда ўйнаш тажрибасига эга жамоа. 1982 йили тузилган ушбу клуб ортда қолган даврда 3 марта БАА чемпиони бўлган. «Бани Яс» мамлакатнинг йирик бизнесменларига тегишли. Демакки, улар жамоа ривожи йўлида катта сармоя ажратишади. Хусусан, ҳозирги таркиби легионерлар ҳисобига кучайтирилган. «Бани Яс» ўтган мавсум миллий лигада маррага 2-бўлиб етиб келди. Жамоа бунга қадар «Президент кубоги»да зафар қучганди. Умумий баҳо берганда, «Бани Яс» охирги йилларда чемпионат ўртамиёнага айланиб қолган.

Халқаро натижалари

«Бани Яс» ОЧЛ гуруҳ босқичида илк марта 2012 йили иштирок этган. Ўшанда жамоа «Пахтакор» билан 1та квартетга тушганди. БААдаги ўйинда мезбонлар 2:0 ҳисобида устун келишган, Тошкентда эса кучли томон аниқланмаганди - 1:1. «Пахтакор»нинг ягона голи Дилшод Шарофутдинов ҳисобига ёзилганини қўшимча маълумот сифатида келтириш жоиз. «Бани Яс» эса якунда «плей-офф»га чиққан, аммо «Ал-Ҳилол»га 1:7 ҳисобида ютқазган. «Насаф»нинг бўлажак рақиби шунингдек, 2014 йили ОЧЛ саралаши «плей-офф» босқичида ўйнаб, Қувайт­нинг «Ал-Қодисия»сига 0:4 ҳисобида имкониятни бой берган.

Легионерлар

Молиявий томондан бақувват «Бани Яс» хорижлик футболчиларга катта эътибор қаратади. Айни пайт жамоани руминиялик Даниэль Исаила бош­қармоқда. 1972 йили туғилган мураббий мавсум-2020дан буён клуб билан бирга. Даниэль бунга қадар бир муддат Саудия Арабистонида ишлаган. Таркибида жами 6 нафар легионер бор: бразилиялик Жоао Виктор (21 ёш) ва Сайле да Сильва (21 ёш), сербиялик Саша Ивкович (28 ёш), аргентиналик Гастон Алварес (28 ёш) ва Никола Хименес (26 ёш), швециялик Исаак Телин (29 ёш), танзаниялик Саид Ҳамис (21 ёш). Тўғри, уларнинг ҳаммаси ОЧЛда иштирок этолмайди.

Маҳаллий футболчилар

Жамоа таркибида БАА миллий жамоасига номзод футболчилар ҳам бор. Хусусан, Амир Абдулраҳмон клубнинг биринчи рақамли етакчиси мақомида. Шунингдек, ёшлар ва ўсмирлар терма жамоаларига номзод йигитлар кўп.

«БАНИ ЯС» (БАА)

Ташкил топган йили: 1982

Стадиони: «Бани Яс» (cиғими - 9047)

Президенти: Саиф бин Зайд ал Наҳиён

Бош мураббийи: Даниэль Исаила (Руминия)
***

ОЧЛ-2022. Саралаш босқичи. «Плей-офф» ўйини Соат 21:15 «БАНИ ЯС» (БАА) - «НАСАФ» Бош ҳакам: Али Сабоҳ ал Қайси (Ироқ) Лайнсменлар: Ҳайдар Абдулҳасан, Амир Довуд (Ироқ) Захира ҳаками: Зайд Томер (Ироқ) Назоратчи: Эдвард Макгрегор (Австралия) Комиссар: Бачир Абдулхолиқ (Ливан) Эслатма, «Бани Яс» - «Насаф» жуфтлиги ғолиби «E» гуруҳига тушади. Бу квартетда «Ал-Садд» (Қатар), «Ал-Файсали» (Саудия Арабистони) ва «Ал-Виҳдат» (Иордания) клублари бор. 

ИЗЗАТБЕК


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz