Фернандо Йерро «Мадрид»нинг асосий жамоасига 1989 йилда қўшилиб, Камачонинг ўрнини эгаллаганди. У дастлаб, жамоада атиги янги ўйинчи эди, холос, аммо якунда «Реал» афсонасига айланди: уч марта Чемпионлар Лигаси, икки бор қитъалараро кубок, бешта Ла Лига, бир мартадан Испания кубоги ва Европа Суперкубоги ҳамда тўртта Испания Суперкубогини қўлга киритди. «Қаймоқранглилар» либосида ўтказган 14 йиллик фаолияти мобайнида клуб тарихидаги энг кўп (601та) ўйин ўтказган 5-футболчига айланди. Бу борада фақат Рауль, Касильяс, Санчис ва Серхио Рамос ундан ўзиб кетишди. Йерро шунчаки ҳимоячи эмас, балки тўпурар эди. Фаолиятини ярим ҳимоячи сифатида бошлаган бўлсада, ўрни ҳимоя марказида эканлигини тезда англаб етди. Шунга қарамай, ўз ҳисобига 127та гол ёздириб қўйди. Бундан ташқари, у Испания терма жамоаси сафида 89та расмий ўйин ўтказган. Зидан футбол тарихидаги энг чиройли голлардан бирини урган кечада Чемпионлар Лигасининг 9-совринини қўлга киритган футболчи AS нашрига эксклюзив интервью берди.
- «Реал»да бошқа клубларда йўқ нима бор?
- Аввало - тарих, у сотиб бўлмайдиган нарса. «Реал» - дунёдаги энг муваффақиятли ва энг яхши муносабатга эга клуб. Иккинчидан, ғолиблик гени. Тўғри, бошқа клубларда яхши ўйин, тактика кўриш мумкиндир, лекин «Мадрид» учун асосийси - ғалаба қозониш! «Реал» қандай ғалаба қозонади? Тўғри, баъзида сиз ҳам билмайсиз, лекин унда клуб гербининг талаблари ва улуғворлигини оширадиган ўша ген бор. Бу сизга болаликдан мерос бўлиб ўтади, яъни фахрийлар шунга ўргатишади. Буни ҳозир ҳам кўриб турибмиз. Бугун «Реал» таркибида сиз дунёдаги энг муҳим ўйинда ғалаба қозонасиз, кейинги мавсумда эса яна чемпионлик учун курашасиз. Бу ерда сиз эришилган натижа билан яшамайсиз. Кимга қарши ўйнасанг ҳам, баъзида рақиб сендан устун эканлигини муқаррар ҳис қилсанг ҳам, «Мадрид»да ғалаба қозониш мумкинлигини ҳис қилишади ва мазкур ҳолатда шундай туйғуга эгамисиз ёки йўқ, бунинг аҳамияти йўқ.
- «Реал»да ўйнаб, босимга дош бериш қийинми?
- Шундай ажойиб жамоадошларим, футболчилар бор эдики, ҳатто ўшалар ҳам илгари айни босимга дош бера олишмаган, яъни шундай кунларни ҳам кўрдим. «Реал» ғалаба қозониш учун ўйнайди - бу клуб менталитетига мос. «Қаймоқранглилар» қаерда ўйнашмасин, футболчилари фақат ғалаба қозонаман, деган ўй билан майдонга тушишади. Эшитинг, Ла Лигадаги дебют кунимда катта ёшли футболчилар олдимга келиб: «Биз «Реал»миз ва ҳатто мавсумолди ўйинларида ҳам ютқазмаймиз», дейишди. Мен айтган ген мана шу! Нафақат «Мадрид»даги, балки бошқа клублар ёки мамлакатлардаги кўплаб жамоадошларим билан гаплашган бир мавзу бор: «Реал» Чемпионлар Лигасида шунчалик кўп ғолиб бўлди... Бу қанчалик мушкул! Масалан, «Ювентус» ёки «Валенсия»га қарши ўйинда биз фаворит эмасдик. «Реал» деярли барча финалларда ғалаба қозонган. Ҳозирги кунимизда буни кўриб, шубҳасиз, клуб гербини ҳурмат қиласиз.
- «Реал»нинг аҳамиятини ёшларга тушунтириш қийинми?
- Одатда, мушкул, лекин буни тушунтириб берадиганлар бор ва албатта, тушунмайдиганлар ҳам топилади. Раулга қаранг, ҳеч ким унга бу нимани англатишини тушунтирмоқчи эмасди. Ёки Морьентес, Гутини олайлик. Жамоага келган инсон бу ерда нима борлигини аллақачон англаб етган бўлади. Шунинг учун айтаманки, улкан иқтидорга эга жамоадошларим бор эди, лекин бундай талабларни қўйишга келганда, уддалай олмадилар. Улар босимга бардош беролмадилар. «Мадрид»да мағлубиятга учраган кун энг оғири: клуб ҳайратда, жамоатчилик фикри сенга қарши... Мен клубда 14 йил умримни ўтказдим ва ҳар сафар «қаймоқранглилар» янги марказий ҳимоячи билан шартнома имзолашни хоҳлаётгани ҳақида ўқирдим. Яна иккита гол ўтказиб юборсак, дарҳол бошқа марказий ҳимоячилар номзоди пайдо бўларди. Буни қандай ҳал қиласиз? Сизда индивидуаллик ва ўзингизга ишонч бўлиши керак, акс ҳолда, дош беролмайсиз. Бундан ташқари, мураббийлар ҳам бор. Чемпионлар Лигасида ғолиб чиққан барча мураббийларга қаранг, уларнинг барчаси бир хил: ўта вазмин ва машҳурликка қизиқмайди. Мигель Муньос, Хайнкес, Зидан ёки Анчелотти... улар асосий юлдуз улар эмас, балки майдондагилар эканлигини билишади. «Реал»да ғалаба қозонсанг - бу ажойиб, лекин ютқазсанг, ҳаммаси ёмонлашади, чунки «қироллик клуби» ғалаба қозониш учун яратилган. Бу жамоада кўплаб футболчилар ўйнашган, аммо «Реал»нинг буюклиги ҳаммасидан устун бўлган.
- «Реал» мухлислари клубдагилардан ҳам талабчанроқми?
- Мухлислар ғалаба қозонишга ўрганиб қолишган, чунки улар кўп маротаба «Бернабеу»да бўлишган, кўп ўйинчиларни кўришган, кўплаб сов-ринларни нишонлашган. Шунинг учун бу ерда стандартлар вужудга келган. Агар 9-рақамда тўп сурсангиз, мухлислар сиздан доим ҳақ сўрашади, лекин албатта, ёшингиз ўтгани сари формангиз ёмонлашади, сермаҳсуллик пасаяди - бу ҳаммага хос. Аммо мухлислар сизни энг яхши ҳолатда кўришни хоҳлашади ва бу яхши, чунки улар ҳаракатларингизни энг яхши пайтингизда кўришган ва буни уларга яна бера олишингизни билишади, аслида эса бу имконсиз. Кейин вақти келиб, камроқ ўйнашни ва гуруҳда кўпроқ ишлашни бошлайсиз. Қайси «Реал» футболчиси буни бошдан кечирмаган? Ёшингиз ул-ғаяди ва ўрнингизга бошқасини излашга тўғри келади - бу ҳаёт қонуни. «Мадрид»га 1989 йилда келганимда, кимдир кетиши керак эди. Менга 5-рақамли шкафни беришди, у ерда эса олдин ўша афсонавий Камачо жойлашганди. Мен кетганимда эса бу жой Серхио Рамосга берилди. Шунинг учун клуб яна ғалаба қозониш учун сиздан ўзингизни қайта кашф қилишингизни талаб қилади. Ғалаба, ғалаба ва яна ғалаба... Бу «Реал»да ҳар сонияда миянгизга қуйиладиган шиордир.
- «Бернабеу»нинг ўзига хос нимасидир борми?
- Садоқат. Мазкур стадиондада мухлислар 5:0 ҳисобидаги ғалабадан кўра, кўпроқ «камбэк»лардан хурсанд бўлишади, чунки севимли жамоалари курашини томоша қилишдан завқланишади. Ва бу содир бўлади, чунки тарихда бундай ақл бовар қилмайдиган эпизодлар кўп кузатилган. Бу туйғуни тушунтириб бериб бўлмайди. «Реал»да кўплаб юлдузлар бор эди ва уларнинг барчасини бир нарса - ишга 100 фоиз фидойилик бирлаштирди. Мен ғолиблик менталитети ҳақида аввал айтганларимга қайтаман. «Мадрид»дагилар ўзларига «Ҳа, биз жуда яхши ўйнадик, лекин ғалаба қозондикми?», деган савол беришади. Агар жавоб «йўқ» бўлса, одамлар уйларига норози кайфиятда қайтишади. Барча клублар ҳам ғалаба қозонишни хоҳлайди, лекин «Бернабеу»да ҳаммаси бошқача.
МУҲАММАДХОН тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20