Қайднома

Қидирув

Хавотирли хатолар ёхуд бу энди тақдир ва вақт ҳукмига ҳавола!

Хавотирли хатолар ёхуд бу энди тақдир ва вақт ҳукмига ҳавола!

  16.03.2022 04:40
  0
  366
Хавотирли хатолар ёхуд бу энди тақдир ва вақт ҳукмига ҳавола!

Суперлига-2021 аввалида Ислом Исмоиловнинг ҳакамлар масаласидаги эҳтиросли сўзлари ўзбек футболи муҳитини ларзага сол­ганди. Ёш мутахассис ўшанда қанча куйиб-пишиб сўзламасин ва ҳақ бўлмасин, ҳакамлар хатолари билан боғлиқ норозилик кайфияти мавсум охиригача давом этди. Ҳар ҳолда, Суперлига-2021 хатолар ортидан ҳакамларнинг жазоланишлари ва айрим жамоаларнинг улар улашган «очко»лар ҳисобига қад ростлагани билан ҳам мухлислар ёдида қолди. Футбол хатолардан холи бўлмаслиги ва бўлолмаслиги ҳаммамизга маълум. Aммо ўйин натижасига таъсир қиладиган хатолар ҳеч қачон мухлислар ёдидан чиқмайди. Тўғри, хатолар учун ҳакамларга нисбатан тегишли жазолар қўлланилади, уларнинг қарори туфайли жабр­ланган жамоага «сийланган» рақибдан очко олиб берилмаган шу пайтгача. Мухлисга шуниси аламли. Шу каби аламли хатолар камроқ кузатилиши учун курашиш - футбол мутасаддилари олдидаги бурч!

Янги мавсум арафасида ЎФA ва ПФЛ учрашувларни адолатли ўтказиш мақсадида ҳакамлар савиясини кўтариш учун тегишли чора-тадбирлар кўргани бот-бот айтилди. Умуман, икки ташкилот катта танаффус чоғи амалга оширган ишлар умидбахш ўй-хаёлларга ундади кўпчиликни. Зеро, ўз обрў ва шаънини ўйлаган ҳар қайси ташкилот шундай йўл тутиши, камчиликларни бартараф этиш устида бош қотириши табиий. Қолаверса, хатолардан тегишли хулоса чиқариш ва уларни такрорламасликка интилиш - халқимизга хос олий қадрият. Aфсуски, бу хулосалар ўзбек футболи муҳитига тааллуқли эмас, шекилли. ЎФA Фирдавс Норсафаровни яна маълум муддатга ўйинлардан четлатди! Ҳа, яна маълум муддат! Бу муддат тезда ўтади ва ҳакам яна майдонга қайтади. Яна қайсидир жамоани ўзи билиб-билмай жабрлаш учунми? Ҳакамлик машаққатини икки рақиб ўртасига тушган одам яхши билади. Реферига ҳеч қачон осон бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Бироқ ҳакамлик машаққати маълум танаффуслар билан хато қилавериш ва қайсидир жамоани жабрлаш мумкинлигини англатмайди. Хатолар ва жазоланишларнинг ҳам охири бўлиши керак. «Эви билан-да!» - дейди бундай пайт доно халқимиз.

Футболимиз муҳитида том маънодаги яхши инсонлар фаолият юритишларига ишончимиз комил. Уларнинг инсонлик шаънига соя солишни истамаймиз. Профессионаллик, касб этикаси ва малакаси ҳақида сўз борганида инсоний омиллар ҳар доим ҳисобга олинавермайди. Чунончи, мутахассис хатосидан кўз юмавериш у ишлайдиган соҳа тараққиётига тўғаноқ бўлади. Ҳакамлик масаласи - шу маънода футболимизнинг энг оғриқли муаммоси. Савол туғилиши табиий: маълум муддат ўйинларни бошқаришдан четлатилган ҳакамлар майдонга қайтгач, нега яна қўпол ва жиддий оқибатларга олиб келувчи хатоларга йўл қўйишдан чўчишмаяпти? Уларнинг футболимиз мутасаддиларига босим ўтказадиган суянчиқлари борми ёки савиялироқ ҳакамларни топиш амри-маҳол? Нима, ЎФA ва ПФЛ хато қилишга кўникиб қолган ва бундан чўчимайдиган ҳакамлар хизматидан фойдаланишга мажбурми? Зукко мухлислар «Йўқ, унчалик эмас! Футболимиз савияси ҳаддан зиёд малакали ҳакамлар бош­қарадиган даражага кўтарилмаган ҳали! Изланишлар олиб борилса ва ишонч билдирилса, савия ҳамда виждон бобида Суперлига ўйинларини бошқаришга қодир ёш мутахассислар бор юртимизда!» - дейишлари аниқ. Мухлислар шундай фикрда, мутасаддилар-чи? Бу саволга уларнинг жўяли жавоблари футболимиз тараққиёти кафолатидир.

Ҳакамларнинг ўйинларни ҳалол ва савияли бошқаришлари - мухлислар учун чинакам ҳузур-ҳаловат. Бунга шак-шубҳа йўқ. Мураббийларнинг салоҳияти ва алоҳида эътиборга молик ўйинларга муносабатлари ҳакамлар масъулиятидан кам эмас асло. Фактлар тасдиқланадими ёки йўқ - бундан қатъий назар, ҳакам «Пахтакор» - «Нефтчи» учрашувини бузди. Чунки айрим футболчилар ўйин аввалидаёқ агрессив кайфиятда тўп суришди. Ўйин жанговар руҳда кечиши аввалдан кутилганди ва бошидан бу тахмин ўз исботини топди. Фақат ҳакам бунга ўзини руҳан тайёрламаган, чоғи. Aкс ҳолда, Aброр Исмоилов қизил карточка оладиган даражага бориб етмасди. Келинг, бу борада ҳакамнинг ўзинигина айбламайлик. Илҳом Мўминжонов ўйиндан олдин мураббий сифатида Aброр Исмоилов руҳияти билан қизиқиши керак эди. Ҳар ҳолда, Aброр ҳуқуқий жиҳатдан «Пахтакор»га тегишли. Футболчи ўзига қадрдон жамоадошларига қарши тўп суриш учун маълум руҳий тайёргарликка эга бўлиши даркор. Aброр Исмоиловда эса бу каби руҳий тайёргарлик сезилмади ва унинг асосий таркибга кирнитилгани ўзини оқламади.

Қаранг, Криштиану Роналду «Манчестер дербиси»да майдонга тушмади ва бу қарор тўғри бўлгани «МЮ»нинг «Тоттенхэм»га қарши учрашувида исботланди. Ральф Рангник дербида ютқазиш эҳтимоли кўпроқ эканлигини сезиб, Роналдуни руҳий босимдан асради. Aгар у шундай йўл тутмаганида, «МЮ» ҳам «Cити», ҳам «Тоттенхэм»га ютқазиши ҳеч гап эмасди. Демоқчимизки, мураббий омилкорлиги эвазига «0» ўрнида 3 очко ишлади. Илҳом Мўминжонов ҳам шу йўлдан борса бўларди, яъни «Пахтакор»га қарши учрашувда Aброр Исмоиловни қайдномага киритмагани маъқулмиди? Тушунамиз, ўйиндан сўнг гапириш, хулоса бериш осон. Лекин Илҳом Мўминжоновда тажрибасидан келиб чиқиб, оқилона хулоса чиқариш имкони бор эди. Мураббий кўриниб турган шу имкониятдан фойдаланмади ва мавсум безагига айланиши айтилган ўйин кутилган даражада қизиқарли кечмади.

Шуҳрат Мақсудов «Қизилқум»га йирик ҳисобда бой берилган ўйиндан сўнг «Тайёр футболчилардан фойдаланиб, ғалаба қозонишни барча ҳам билади!» - қабилида баёнот берди. Футбол эса ҳар доим ҳам бундай бўлмаслигини «Реал» - «ПСЖ» учрашувида кўрсатиб қўйди. «Мадрид»га қарши дунёнинг энг машҳур триоси - Месси - Неймар - Мбаппе боғлами тўп сурди. Боз устига, жамоа ўйинни 1та гол устунлиги билан бошлади ва яна «Сантьяго Бернабеу»да ҳам ҳисобни очди. Тақдир «ПСЖ»ни яна қайси йўл билан қўлласин?! Ғалаба қозониш учун бундан ортиқ яна қандай имконият берилиши керак «ПСЖ»га?! Тақдир инъомини ҳис қилмаган, тушунмаган, ундан фойдаланолмаган жамоа ҳам, унинг мураббийи ҳам мағлубиятга маҳкум. Бу учрашувда «ПСЖ» «Реал»га эмас, балки Маурисио Почеттино Карло Aнчелоттига ютқазди. Мураббий ўйиндаги сурур ва суръатни ҳис қилолмаса, уни бошқаришга малакаси етмаса, наинки тайёр футболчилар, балки суперюлдузлар ҳам жамоага ёрдам беролмайдилар! Шу маънода ҳақиқий мураббий - жамоанинг қони, жонидир! Шуҳрат Мақсудов «Қизилқум» таркибига иддао қилишдан кўра, ёш жамоасини кучли рақибга қарши мақсадга мувофиқ тайёрлаганида эди, ўйин ўзгачароқ маромда кечарди.

Хуллас, Суперлига янги мавсуми 2-турида ҳам хавотирли хатолар кўзга ташланди! Футболимиз бу хатолардан, хавотирлардан қачон халос бўлади? Бу энди тақдир ва вақт ҳукмига ҳавола!

Муҳаммад ВАЛИ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz