Қайднома

Қидирув

Футбол ва бизнес: Миллиардерлар қанча сарфлашмоқда?

Футбол ва бизнес: Миллиардерлар қанча сарфлашмоқда?

  18.03.2022 04:14
  0
  384
Футбол ва бизнес: Миллиардерлар қанча сарфлашмоқда?

Оддий тушунчага кўра, футбол мухлислар учун завқли томоша бўлса, ўта бадавлат кишиларга қимматбаҳо эрмак ҳисобланади. Ҳар ҳолда, ҳозир энг сара клублар дунё миллиардерларига тегишли. Экспертлар хулосалари бў­йича айтсак, улар клубларга даромад манбаи сифатида қарамайдилар, баъзан ҳаттоки, катта-катта зарар ҳам кўрадилар. Оддий мисол, Forbes рейтингига қарасак, футболдан миллиард-миллиард фойда кўраётган бизнесменлар йўқ.

Ҳа, топ-жамоаларда айланма маблағ миқдори йил сайин ошмоқда. Бироқ телетрансляция ва ҳомийлик шартномалари ортидан келадиган даромад кўпайиши билан параллель равишда трансферлар харажати, агентлар улуши, ходимлар ва футболчилар маоши тинмай ўсмоқда. Шу фактларга қарамай, футболни ночорликка мубтало қиладиган эрмак сифатида таърифлаш ноўрин. Чунончи, кўплаб клуб соҳибларининг бойликлари ҳам тобора ортиб бормоқда. Эсласангиз, ўтган йили газетамизда Европадаги кучли 5та лиганинг 98та клуби соҳиблари ва уларнинг молиявий кўрсаткичлари ҳақида туркум мақолалар бергандик. Якуний хулоса оддий: клуб соҳибининг бойлиги футбол мусобақаларидаги натижаларга боғлиқ эмас.

***

5та кучли лига клублари соҳиблари орасида «Ренн»ни молиялаштираётган франциялик миллиардер Франсуа Пино ҳамон етакчи. Gucci, Yves Saint Laurent, Balenciaga каби брендлар соҳиби 20 йилдан буён «Ренн» билан бирга, аммо клуб ҳануз Лига 1да ўртамиёналар даражасида қолмоқда. Жамоа бадавлат соҳиб даврида 1 марта Франция кубогини ютди, яна бир бора чемпионатнинг кумуш медалига эга чиқди.

***

Италия футболидаги энг бадавлат соҳиблардан бири - бу канадалик (асли келиб чиқиши Италиядан) Жоуи Сапуто. Унинг молиявий кўмаги эвазига 2014 йили «А» серияга қайтган «Болонья» мавсум-2018|2019ни 10-ўринда якунлади. Жамоа тарихидаги энг юқори натижа шу.

***

АПЛда «МЮ»ни ўз тасарруфига олган Глейзерлар оиласи молиявий жиҳатдан «Астон Вилла» соҳиби, мисрлик Нассеф Сивирис ва «Вулверхэмптон» хўжайини, хитойлик Го Гоунчандан ортда. Табиийки, ҳар қайси соҳибнинг бизнес услуби ва кўзлаган мақсади турлича. Дейлик, Франсуа Пино ҳам «Ренн»га худди қатарлик шайхлар каби катта сармоя киритишга қодир. Бироқ у камтарона харажат билан чекланмоқда. Асосийси, она шаҳрининг жамоаси бемалол фаолият яратишини таъминламоқда.

«Астон Вилла»нинг мисрлик соҳибини ҳисобга олмаганда, Шарқий Европа ва Яқин Шарқ вакиллари ўз клубларидан маблағни сира аямайдилар. Улар учун топ-чемпионатлар, айниқса, АПЛ клублари соҳиблари қаторида юриш - Европанинг бизнес ва сиёсий даврасига йўлланма. Бунда кутилган самарага эришиш учун клубни шунчаки, бошқариш эмас, юксак савияга олиб чиқиш талаб этилади.

***

Кимлар учундир клуб хариди - барқарор даромад имкониятини берувчи бизнес-келишув. Европа клубларининг соҳиблари орасида америкалик сармоядор-банкирлар сафи кенгаётгани бежиз эмас. ТВ-шартномалар уларга ўз ҳисобларидан пул сарфламай, бош­қарувни топ-менежерларга ишониб топшириш имконини беради. «МЮ»даги Глейзерлар оиласи ва «Арсенал»даги Стэн Кронке бунга яққол мисол.

***

Эътиборли томони, клуб соҳиблари янада бойимоқдалар. Клуб соҳибларига баҳо беришда  Forbes журналининг йиллик рейтинги қўл келади. Унга қарасак, қайсидир миллиардер бирор клубни ўз тасарруфига олиши билан унинг бойлиги кўпая бошлаган. Айрим ҳолатларда ўсиш даражаси қисқа вақтда 100 фоиздан ҳам ошган. Масалан, 2019 йили «Фио­рентина»ни харид қилган америкалик Рокко Комиссонинг бойлиги 3 млрд. доллардан деярли 7 миллиардга кўтарилган. Бироқ у клубга ортиқча сармоя киритмоқчи эмас: 340 млн. доллар «Фио»нинг талаб даражасида фаолият юритишига етарли. Тўғри, на Комиссо ва на 2017 йили «Атлетико»ни ўз қарамоғига олган исроиллик Идан Офер бойлигининг кўпайишида футбол йўналиши улуши бор. Ҳаммаси асосий бизнес ишидаги ижобий ўзгаришлар маҳсулидир.

***

Шахсий бойлик ўсишини фоиз эмас, рақамларда ифодаласак, Франсуа Пино етакчи. Кейинги ўринлар «Ред Булл» асосчиси Дитрих Матешиц, нефть магнатлари - шайх Мансур ва «Лукойл» эгалари Вагит Алекперов - Леонид Федун жуфтлигига тегишли. Клуб соҳиблари рўйхатида ягона салбий кўрсаткичли шахс - Дмитрий Риболовлев. Унинг бойлиги «Монако»ни харид қилганидан ке­йинги 10 йилда 2,3 млрд. долларга камайди. Чунончи, россиялик бизнесмен Франция клуби билан келишув арафасида асосий даромад манбаи - «Уралкалий»ни сотганди. Қисқаси, пасайишнинг асосий сабабчиси «Монако» эмас. Дейлик, Риболовлев ноёб санъат асарларини харид қилишга нақ 2 млрд. доллар сарфлаган.

***

«Челси»ни сотишга қарор қилган Роман Абрамович клубдаги 17 йиллик даврида бойлигини 2 млрд. долларга кўпайтирди. Умуман, унинг Лондон клубига киритган сармояси самара берди. Ҳар ҳолда, «Челси»нинг АПЛдаги нуфузи ҳам, баҳоси ҳам сезиларли даражада ошди.

***

Соҳибларнинг клубга қанча маблағ сарфлашганини тўлиқ аниқлаш иложсиз. Зеро, УЕФА татбиқ этган молиявий чекловлар туфайли сармоя турли усулларда расмийлаштирилади. Лекин молиявий ҳисоботлар билан танишиш асносида харажатлар рейтингини тузиш мумкин. Клублар эгалари харажати бир қатор йўналишларда кўрсатилади: акция­лар харидига; инфратузилма ва таркибни кучайтиришга; бюджет танқислигида молиявий эҳтиёжларни қондиришга. Бу масалада яхлит йўналиш белгилашнинг имкони йўқ: ҳар бир жамоа ва унинг соҳибида ўз режаси бор.

***

Харажат бобида кутилганидек, Роман Абрамович ва шайх Мансур етакчи ролида. Улар йирик сармоя эвазига ўз клубларини АПЛ ва ЕЧЛ фаворитлари қаторига олиб чиқишди. «Челси» ҳисоботларидан маълум бўлишича, Абрамовичнинг жами харажати 2020 йилнинг 30 июнидаёқ 2,06 млрд. долларга етганди. Клуб учун 1 млрд. доллардан кўп харажат қилган яна бир соҳиб - америкалик Стэн Кронке («Арсенал»). Аммо у мухлислар ўртасида Абрамович каби нуфузга эришолмади. Нега? Кронке сармоясининг асосий қисми (1 млрд. доллардан кўпроғи) «Арсенал» харидига сарфланди. Жамоа ўша даврда АПЛ етакчиларидан бири эди. Қолаверса, америкалик бизнесмен клубни босқичма-босқич сотиб олди. У Алишер Усмоновга тегишли сўнгги пакет (30,05 фоиз)ни 2018 йилнинг августида харид қилди. Абрамович эса ўша вақт «тўпчилар» олдига тушолмайдиган «Челси» харидига атиги 140 млн. фунт сарфлаганди.

***

«Спартак»даги соҳиблар дуэти ҳам саховатли сармоядорлар сафида. Леонид Федун ва Вагит Алекперов 17 йил ичида 1,7 млрд. долларни «халқ жамоаси» равнақи йўлида ишлатишди. Стадион қурилишининг ўзига 0,5 млрд. доллар кетди. Боз устига, Москва клубида ТВ-ҳуқуқлар даромади анча паст, чемпионатдаги омадсизликлар эса ЕЧЛда иштирок учун бериладиган бонусларни йўққа чиқарди. «Спартак» соҳиблари харажат бўйича миллиард довонидан 2014 йилдаёқ ўтишганди. Умуман, Россия ва Европа топ-чемпионатларида клубга эгалик қилиш ўртасида катта фарқ бор. Ҳа, Европада ҳам клуб соҳиблари ўз лойиҳаларини тезлик билан амалга ошириш учун катта харажатга борадилар. Бироқ аслида кучли 5та лигадаги жамоалар саховатли соҳибнинг кўмагисиз ҳам бемалол фаолият юрита олади. РПЛда эса ҳисоб-китоб тамоман ўзгача. Шунинг учун араб шайхларининг Россия клубларига қизиқаётганлари хусусидаги хабарларни киноясиз қабул қилиб бўлмайди.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz