Қайднома

Қидирув

Жоан Лапорта: «Леони қўйиб юборганимиздан афсусланмай»

Жоан Лапорта: «Леони қўйиб юборганимиздан афсусланмай»

  18.03.2022 06:26
  0
  355
Жоан Лапорта: «Леони қўйиб юборганимиздан афсусланмай»

«Барселона» президенти Жоан Лапорта ўтган ёз молиявий муаммолар туфайли жамоа афсонаси Лионель Месси билан ўртадаги шартнома муддатини узайтиролмади. Оқибатда аргентиналик ҳужумчи «блауграна» билан эркин агент мақомида хайрлашди. Оддий айтганда, «ПСЖ» унинг трансферига бир чақа ҳам тўлагани йўқ. Лапорта кейинчалик Каталония клуби Ла Лиганинг маош меъёри бўйича қоидалари туфайли Мессини қўйиб юборишга мажбур бўлганини кўп бора таъкидлади. «Барса» раҳбари навбатдаги чиқишида ҳам аввало, ўша муҳим ва қалтис қарорига алоҳида тўхталди. «Ҳа, Лео билан хайрлашиш қарори жуда ачинарли, - деди Лапорта Барселона расмий ОАВ вакиллари билан суҳбатда. - Ўзимга қолса, Мессининг кетишини ҳеч қачон хоҳламасдим, лекин моҳиятан қараганда, воқеалар ривожидан асло афсусланмайман. Бинобарин, клубни амалда ҳар нарсадан, ҳаттоки, энг кучли футболчидан ҳам устун қўйишимиз шарт. Қолаверса, вазият шундай йўл тутишни тақозо этганди. Тобора ҳақиқат томон яқинлашяпмиз. Мана, ҳозир ҳеч нарса бўлмагандек туюлмоқда. Ҳар ҳолда, «Барселона» ҳикояси давом этмоқда. Фақат пухта ўйланган қарорлар устида ишлаш асносида яна муваффақият сари йўлга қайтишимиз мумкин».

Куманни ишдан бўшатиш қарори

Жоан Лапорта нидерландиялик Роналд Кумандан миннатдор. Зеро, у жамоада ёшларга кенг имконият яратиш йўлидан борди. Клуб президенти шунинг баробарида мураббийни истеъфога чиқариш қарори тўғри бўлганини ҳам ишонч билан таъкидламоқда:

Аслида биринчи мавсумдан кейиноқ Куман бошқаруви бўйича айрим шубҳалар туғилганди, фақат унга нисбатан ҳурмат туфайли сабр қилдик, маълум вақт иши қандай ривожланишини кузатдик. Бироқ вазият ўнгланавермагач, яна бир оғриқли қарор остига имзо чекиш вақти келганини тушундим. Олдинроқ жавоб бериш керакмиди? Ҳа, тан оламан, ички сезгига қулоқ тутмай, хато қилдим. Куманни «Уэмбли»да урган ўша голи, ёшлардан фойдаланишда журъат топгани учун ҳамиша катта ҳурмат билан эслайман. Ҳа, қароримиз кўнглига оғир ботгани аниқ, лекин умид қиламанки, бу алами ўтиб кетади
.

Хавининг мураббий  ролидаги старти

«Барселона» президенти ҳозир Хави Эрнандес футболчи сифатида ўзи «бош­қарган» жамоага мураббийлик қилиш имкониятидан унумли фойдаланаётганидан мамнун:

- Хави «Барселона» тақдим этган имкониятга тўғри жавоб қайтарди. Шубҳа йўқ, у клубни биладиган ва севадиган, умумий фалсафамиз ва қарорларимизга ҳурмат билан ёндашадиган, асосийси, бутун ички механизмга кучли таъсир ўтказишга қодир характерли мураббийдир. Хави қандай ўйнашимиз кераклигини аниқ тушунади, яна меҳнаткаш, футболни қалбан яхши кўради. Қолаверса, дои­мо «Барселона» футболчиларини жамоа нималигини теран англаган ҳолда яшашга мажбур қила олади. Энди Хавидек мураббийга эга эканлигимиздан хурсандман. Аминманки, у жамоани узоқ вақт бошқаради ва ҳали кўплаб катта қувончли лаҳзаларни бағишлайди.


Араухо ва Гави билан шартнома

Лапорта суҳбат жараёнида клуб Роналд Араухо ва Гави билан ўртадаги шартнома муддатини узайтириш бўйича олиб борилган дастлабки музокара натижаларига аниқлик киритишни истамади, лекин ҳар икки иқтидор янги келишув остига имзо чекишларига умид билдирди:

- Ўйинга боғлиқ турли янгиланишлар ҳақида хўп ва кўп гапириш мумкин. Факт шуки, «Барселона»нинг асосий жамоаси услубига одатий стандартларни қайтардик. Шундай экан, янги ижрочилар, хусусан, ёш футболчиларимиздан миннатдорман. Шартнома масаласига келсак, аввало, футболчиларнинг ўзлари «Барселона»да қолишни исташлари керак. Умид қиламанки, Гави ва Араухо ҳам якунда худди Ансу Фати, Педри ҳамда Нико Гонсалес каби клубда қолишга қарор қилишади. Улар билан келишувга эришиш умиди катта, лекин такрор айтаман, биринчи ўринда «Барселона» манфаати туради, барибир.


Трансферлар сиёсати

Лапортанинг таъкидлашича, клуб ёзда янги футболчилар билан келишишга имкон берадиган қарорлар қабул қилиши керак:

- Трансферлар бозорида нечоғли ишлашимиз олдимизда турган икки ойда қандай қарорлар чиқаришимизга бевосита боғлиқдир. Агар йил давомида ишланган операция­лардан лоақал айримларини амалга татбиқ этсак, мақсадга эришамиз, албатта. Ўйлайманки, бу каби вазифалар қўлимиздан келади. Умуман, футболчиларни Каталония томон чорлайдиган қарорлар қабул қилишни пайсалга солмаслигимиз керак.


«Барселона» Холандни сотиб оладими?

Табиийки, кўпчиликни Дорт­мунд «Боруссия»си голеадори Эрлинг Холанднинг эҳтимолий трансфери масаласи қизиқтиради. Лапорта эса бу мавзудаги саволга аниқ жавоб бергани йўқ. Умуман, у «Барселона»нинг ёзги трансферлар бозоридаги мақсадига батафсил тўхталишни истамади, шунчаки, клубда бу масала билан шуғулланувчи шахсларга ишонч билдирди:

- Муайян футболчилар ҳақида гапиролмайман, акс ҳолда, уларнинг трансфер баҳоси ошиб кетиши мумкин. Клуб директорлари Матеу Алемани ва Хорди Кройфф бош мураббий билан ҳамкорликда яхши ишлашмоқда. Улар Хавининг талабларидан хабардорлар. Албатта, барча позицияларни кучайтириш режаси йўқ эмас. Устунлигимиз шуки, юқори савияли футболчилар «Барселона»да ўйнаш вариантига мойиллар. Шу ҳолат бозорда ишимизни анча енгиллаштиради. Холанд? Бу футболчи ҳақида нимадир дейишимга ҳожат йўқ. Келинг, муайян ижрочиларни тилга олишни бас қилайлик. Чунки бу билан фақат уларнинг баҳосини оширамиз ва «Барселона»га зарар келтирамиз, холос. Харидлар трансферлар бозорининг бошқа жумбоқли қисмларига тегиниш воситасида амалга оширилиши керак.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz