Қайднома

Қидирув

Футбол ва тиббиёт: Тезкор тикланиш сири

Футбол ва тиббиёт: Тезкор тикланиш сири

  20.03.2022 17:17
  0
  318
Футбол ва тиббиёт: Тезкор тикланиш сири

«Барселона» аёллар жамоаси вингери Женни Эрмосо тикланиш жараёнини гипербарик камералар ёрдамида амалга оширишга иштиёқмандлардан биридир. Яқинда у Mundo Deportivo наш­рига Logik клиникасидан туриб интервью берди. Янги технологиялар, спорт ва соғ­лиқни сақлаш тизимидаги мутахассисларни жамлаган ушбу тиббиёт маркази спортчиларга жисмоний ҳолатларини бир маромда ушлаб туришлари учун ҳақиқий кўмакчи.

«Барса» ҳужумчиси марказдаги барокамерадан мунтазам равишда фойдаланади. «Logik томонидан футболчилар учун тайёрланган ҳисобот орқали мазкур технология, унинг фойдали жиҳатлари ҳақида маълумот олдим», - дейди гипербарик оксигенация (ГБО) услубини бир йилдан буён қўллаётган Женни. Умуман, Рафаэль Надаль, Рики Рубио, Леброн Жеймс ва Криштиану Роналду каби кўплаб спортчилар ГБОдан фойдаланишади. «Унинг асосий устунлиги шундаки, организм кислородга тўйинади, ўпка ҳажми ва аэробик резистентлик ортади. Биринчи навбатда, жароҳатлардан кейинги тикланиш жараёни тезлашади», - дейди «блаугранас» футболчиси.

Эрмосо ўйинлардан кейин тезроқ тикланиш учун барокамерада 60дан 90 дақиқагача туришини таъкидлади. «Камерага кирганингизда, сувга шўнғиган пайтдаги босимни ҳис қиласиз. Барчаси тез ва оғриқсиз ўтади, параллель равишда севимли сериалингизнинг навбатдаги қисмини томоша қилишингиз мумкин. Ушбу технологиядан фойдаланиш орқали формам яхшиланаётганини сезяпман», - дейди Женни.

ГБО барокамера ичида юқори босим остида 100 фоиз кислород ютиш орқали қонни тўйинтиришга асосланади. Эффект 1,6 атмосферадаги босимда сезилади, 2,5-3 атмосферада эса яққол намоён бўлади. Асосий плюс шундаки, бундай кислород қонга етиб борганда, гемоглобинга боғланмай, эркин ҳолда бўлади - унинг йўналиши қондаги реологик хусусиятлар, моддалар алмашувининг бузилиши, токсинлар таъсири билан чекланмайди, шунингдек, айрим касалликлар пайти вужудга келадиган дренаж эффектлар туфайли секинламайди. Бундай кислород оддий диффузия йўли орқали организмнинг барча тўқималарига етиб бориб, тизимли реакцияларнинг мислсиз каскадини йўлга қўяди.

ГБОдан фойдаланиш суяклар, мушаклар, тўқималар ва пайлар жароҳати, шишлар ва яллиғланиш ҳолатларида тикланиш вақтини 50 фоизга қисқартириш имконини беради. Қолаверса, ГБО интенсив жисмоний юкламалар туфайли вужудга келадиган чарчоқдан халос бўлишда асқотади. Бундан таш­қари, жадвал ва машғулотлар режасини тўғри тузиш спортчининг аэробик ва ақлий салоҳияти яхшиланишига туртки бўлади.

Ҳозирда ГБО турли патологиялар, хусусан, Ковидда ҳам самарали фойдаланилмоқда. Logik директори Начо Гонсалеснинг айтишича, клиникада ўрнатилган бир кишилик гипербарик камера Каталонияда ягона бўлиб, у 3 атмосфера босимида ишлай олади. Бу эса кўплаб касалликлар ва жароҳатлардан тузалишда ишончли ва самарали терапевтик вариантдир.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz