Қайднома

Қидирув

Нигоҳ: «ПСЖ»нинг муваффақиятсиз 10 уриниши

Нигоҳ: «ПСЖ»нинг муваффақиятсиз 10 уриниши

  21.03.2022 03:30
  0
  351
Нигоҳ: «ПСЖ»нинг муваффақиятсиз 10 уриниши

«Сантьяго Берна-беу»даги мағлубиятдан (1:3) кейин «ПСЖ» президенти Носир ал Хелайфи ўзини қўярга жой тополмай қолди: йўлида дуч келган буюмларни ғазаб билан тепиб, улоқтирди, ҳакамларнинг адабини бериб қўйишини таъкидлаб, «Реал» вакилига «сени ўлдираман» дея дўқ урди. УЕФА можаро видеоёзувини сўради. Энди ҳатто президент Чеферин ҳам қадрдон дўстини дисквалификациядан қут­қара олмайди.

Хуллас, Носир ал Хелайфи юксак мартабасига ярашмайдиган ҳаракатни амалга оширди. Лекин эҳтиросларга эрк бериб юборишининг ўзига яраша сабаблари борлигини инобатга олишимиз лозим. Охирги 11 йил давомида клуб соҳиби фақат футболчилар хариди ва иш ҳақининг ўзига 2 млрд. евродан кўпроқ маблағ сарфлади. Табиийки, шу давр ичида Хелайфи Европа футболини забт этишни чамалаганди. Бироқ маълум бўлишича, пул эвазига эришиб бўлмайдиган армонлар футболда ҳам мавжуд экан.

Жумладан, «кўҳна қитъа»нинг энг нуфузли клуб соврини ҳанузгача орзу бўлиб қолмоқда, доимо нимадир ёки кимдир унинг рўёбга чиқишига халал беради. Айниқса, жорий мавсум парижликларнинг «Реал»дан енгилишлари ўта аламли бўлди:

- биринчидан, икки учрашувдан иборат дуэлнинг интиҳоси ўта хижолатли бўлди, 150 дақиқа давомида 2 тўп фарқи билан олдинда борган «ПСЖ» қандайдир 17 дақиқа ичида чорак финал йўлланмасини бой берди.

- иккинчидан, қаторасига икки муваффақиятли (финал ва ярим финал) мавсумдан ке-йин жамоа нуфузли турнирни барвақт тарк этди. «Плей-офф» босқичининг дастлабки раундидан кейин томошабинлар сафидан жой олиш - ўта оғриқли зарба.

- учинчидан, қатарлик соҳиб айнан шу мавсумга катта умид боғлаганди. Таркибга Мессининг олиб келиниши, Мбаппенинг сақлаб қолинишидан кўзланган мақсад фақат Лига 1 чемпионлигини қайтариб олиш эмаслиги аниқ. Энди Килиан Парижни тарк этишга яқин турибди, Лео эса яна бир ёшга улғайди. Хуллас, қулай имконият бой берилди.

- тўртинчидан, бу икки жамоа ўртасидаги қарама-қаршилик аллақачон яшил майдон ташқарисига чиқиб бўлганди. Ўтган йили парижликлар Мбаппени 200 млн. евро эвазига Мадридга қўйиб юборишмади ва Парижда қолиши учун унга ўта манфаатли шартнома таклиф этишди. «Реал» устидан эришилажак ғалаба «ПСЖ»нинг руҳий устунлигини таъминларди. Амалда бунинг акси кузатилди. Юз берган омадсизлик Мбаппенинг йўқотилиши билан чекланиб қолмаслиги эҳтимоли катта.

Омадсизликнинг 50 фоизига «Реал» ва «Барселона» сабабчи

Таъкидлаш жоизки, ЕЧЛ «плей-офф» босқичида «ПСЖ» енга олмаган тўсиқлар шунчаки, анойи жамоалар эмас. Сўнгги 10 йилликда парижликларни фақат грандлар мусобақадан барвақт чиқариб юборишди: «Барселона» (3 марта), «Реал» ва «Манчес­тер Сити» (2 мартадан), «Бавария», «Челси» ва «МЮ». «ПСЖ»га қарши дуэлларда бу жамоалар юксак спорт формасида дейишга асос йўқ, парижликлар неча марта сезиларли устунликни қўлдан чиқаришгани ҳақида гапирмаса ҳам бўлаверади:

2012|2013 йиллар мавсуми. «ПСЖ» - «Барселона» (чорак финал) - 2:2, 1:1

2013|2014. «ПСЖ» - «Челси» (чорак финал) - 3:1, 0:2

2014|2015. «ПСЖ» - «Барселона» (чорак финал) - 1:3, 0:2

2015|2016. «ПСЖ» - «Манчестер Сити» (чорак финал) - 2:2, 0:1

2016|2017. «ПСЖ» - «Барселона» (нимчорак финал) - 4:0, 1:6

2017|2018. «ПСЖ» - «Реал» (нимчорак финал) - 1:3, 1:2

2018|2019. «ПСЖ» - «МЮ» (нимчорак финал) - 2:0, 1:3

2019|2020. «ПСЖ» - «Бавария» (финал) - 0:1

2020|2021. «ПСЖ» - «Манчестер Сити» (ярим финал) - 1:2, 0:2

2021|2022. «ПСЖ» - «Реал» (нимчорак финал) - 1:0, 1:3.

ЕЧЛдаги 10 йиллик омадсизликнинг ўзига хос жиҳати

Қатарлик соҳиб давридаги дастлабки «плей-офф» босқичида жамоани Карло Анчелотти майдонга олиб тушганди. Ўшанда таркибида Бекхэм ва Ибрагимович бўлган «ПСЖ» «Барселона» билан тенгма-тенг ўйин кўрсатиб, сафарда урилган гол устунлигига (ўз майдонида - 2:2, «Камп Ноу»да - 1:1) кўра мусобақани барвақт тарк этганди. 2012|2013 йиллар мавсумидан кейин дон Карло Парижни тарк этди ва «Реал» билан «Десима»ни қўлга киритди. Жорий мавсум нимчорак финалидаги «ПСЖ» устидан эришилган ғалаба Карлеттонинг иккинчи ташрифида ёрқин саҳифа бўлади.

«ПСЖ» нуфузли турнирнинг «плей-офф» босқичларида тўрт марта дастлабки беллашувларни ўз фойдасига ҳал этиб, жавоб учрашувидан кейин иштирокини тўхтатишга мажбур бўлди. «Челси», «Барселона», «МЮ» ва «Реал» ўз мухлисларини ажойиб «камбэк»лар билан хушнуд этишди. Айниқса, 0:4 кўринишидаги мағлубиятдан кейин 6:1 ҳисобидаги зафарнинг завқи ўзгача бўлгани аниқ. «ПСЖ» бунга имкон берди. Ваҳоланки, омадсизликларнинг барчасида камида 2та гол устунлигига эга бўлганди.

* 10та муваффақиятсизликнинг 3тасида «ПСЖ» ўз майдонида ҳам, сафарда ҳам рақибларига имкониятни бой берди.

* Тўлиқ устунлик нашидасини суришга «Барселона» (2014|2015, умумий 5:1 ҳисобида), «Реал» (2017|2018, умумий 5:2) ва «Манчестер Сити» (2020|2021, 4:1) клублари муваффақ бўлдилар.

Парижликлар мағлубияти билан якунланган дуэллар жуфтлиги хусусида тўхталадиган бўлсак, 9та жавоб учрашувларининг 8тасида улар имкониятни бой беришган. 2012|2013 йиллар мавсумида жамоа «Камп Ноу»даги жанговар дуранг (1:1)дан сўнг ЕЧЛ билан хайрлашганди. Қолган барча беллашувларда мағлубиятни тан олишган. Гарчи дастлабки учрашувларда рисоладагидек қаршилик кўрсатишган ва баъзан рақибдан кучлироқ (4 ғалаба, 2 дуранг, 3 мағлубият) ўйнаган бўлсалар ҳам.

Рақибларнинг «камбэк»лари, «ПСЖ»нинг яққол устунликни бой бериш одати кишини ҳайрон қолдиради. Таажжубки, жамоа бир амаллаб финалга етиб келганида, нуфузли соврин тақдирини ҳал қилган ягона голни ўзи тарбиялаган, лекин қадрига етмаган Кингсли Командан қабул қилиб олди. Ўша аниқ зарбанинг аҳамияти Бенземанинг «хет-трик»идан залворлироқ!

 С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz