Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Томчилар, томчилар сочимга.
Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Ҳам қайғум, ҳам қувончимга!
Туркий дунёнинг атоқли ва ардоқли шоири Рауф Парфи қаламига мансуб юқоридаги мисраларни кўплаб мухлислар ёддан билишса керак. Аввалги ҳафта ёмғирлар остида ўтган футбол ўйинлари чоғи мазкур мисралар кўп бора эслангандир. Оиласида ўғил ёки қизининг таваллуд кунини нишонлаган ота - «Нефчи» мухлиси кўнглидан Суперлига 3-тур баҳсидан сўнг қандай ҳиссиётлар кечган, деб ўйлайсиз? Aлбатта, зиддият. Бу зиддият оғушида Рауф Парфи мисралари тилга кўчиши аниқ...
Ҳа, ёмғир ёғаверади! Қақроқ ерларни кулдириб, нам ва зах заминни чўктириб, майсаси қавжироқ футбол майдонларини яшнатиб, яйдоқ майдонларни лойга айлантириб ёғаверади ёмғир биз истасак, истамасак. Шундай палла, илло кўз ёшлари ёмғирга айланмасин дея хаёл сурасан киши. Зеро, футбол мағлубиятлардан холи бўлолмайди. Ғалаба ва мағлубият ҳамиша ёнма-ён. Нега сўзни «Нефтчи» мухлиси кўнглидаги зиддиятли туйғулар билан бошладик? Чунки фарғоналиклар каби биз ҳам «Нефтчи» яна донгдор клуб даражасига кўтарилиши ва Суперлигада кучли рақобат муҳитини юзага келтиришини истаймиз.
Қачонки, Суперлигада ҳар жиҳатдан шаклланган клублар ўртасида кескин рақобат кузатилса, шундагина стадионларимиз яна мухлисларга тўлиб-тошади. Ҳарқалай, «Навбаҳор» ёки «Нефтчи», «Насаф» ёки «Қизилқум» пойтахтда «Пахтакор» меҳмони бўлса, вақтида мухлислар билан тўлган ва уларнинг ҳайқириқларига ошно тутинган стадион қалби завқдан титрайди, ҳам йиғлайди, ҳам қувонади. 543! Бу қандай рақам ва нимани англатади? Статистикага қизиққан мухлисларда жавоб тайёр. Aччиқ ҳақиқат шуки, ўжар факт яна бир бора билдирмоқдаки, донгдор рақиб ташриф буюрмаса, ўзи билан мухлисларини олиб келмаса, «Пахтакор» стадиони ва клуби бора-бора мухлисларсиз қолади. Йўқ, Тошкент шаҳрида футболни севмасликларини айтишдан мутлақо йироқмиз. Тошкентлик мухлислар табиатидаги алоҳида хусусият шундаки, улар жамоалар ўртасидаги рақобатга ўта талабчанлик билан қарашади, ўйинларда шиддат руҳи сезилмаяптими ёки ҳакамларнинг қайсидир томонга ён босишлари кузатиляптими, тамом, бундай футболдан юз ўгиришади! Ўрта ва катта авлод мухлисларининг ҳамон ўша шонли «Пахтакор»ни қўмсайверишлари сабаби ҳам шу! Лекин футболимиз фақат шонли тарихни эслаш билан яшолмайди, тараққий этмайди.
Дунё футболи тинимсиз ривожланмоқда, янги юлдузлар, новатор мураббийлар, уддабурон менежерлар ҳисобига кун сайин бойимоқда. Шундай экан, ўзбек футболи тараққиётдан ортда қолмаслик учун изланиш, миллий чемпионат савиясини кўтариш ва шунинг баробарида терма жамоа ғалабаларини таъминлашга мажбур. Ўтган ҳафта «Вильярреал»-нинг Туринда «Ювентус»ни даҳшатли тарзда мағлубиятга учратиши кимнинг хаёлига келганди?! Бироқ факт фактлигича қолади - «Вильярреал» ЧЛ чорак финалида! Тараққиёт, изланиш ва меҳнатнинг ижобий самараси бу! ЕЛ қиролига айланган, донгдор клублар билан ЧЛда ҳам ғолиб чиқишни истаган, аммо омадсизликка учраган Унаи Эмери энди Ла Лиганинг собитқадам ўртамиёнаси билан амалга ошмаган ўша орзуси сари интилмоқда. Қойил қолиш керак! У буни уддаламоқда. Демак, хулоса қилиш мумкинки, Эмери - табиатан суперюлдузлар билан чиқишмайдиган ва меҳнатсевар истеъдодлар билан кучли жамоа тузишга қодир мураббий! Порлоқ юлдузлар тақчиллиги сезилаётган ўзбек футболи муҳити учун бугун айнан шундай мураббийлар зарур. Мақолаларимизда кўп эътироф этилган ва айни шу жиҳати билан ибрат қилиб кўрсатилган Диего Семионе ҳам маҳоратли мутахассис эканлигини яна бир марта кўрсатиб қўйди. Испаниядаги дуранглардан кейин кўпчилик «Aтлетико» ва «Вильярреал»ни ҳисобдан ўчирганди. Қаранг, тахминлар ўзини оқламади, фаворит клублар «иккинчи рақам»лилар томонидан йиқитилди.
Хайриятки, Суперлиганинг дастлабки икки турида дуранг қайд этган «Насаф» ҳам сафарда ғалаба қозонишни уддалаб, ОЧЛ гуруҳ босқичига йўл олди. Нима деймиз, Қарши жамоаси ва унинг мухлисларини ажойиб ғалаба билан табриклаб, «Насаф»га «Aтлетико», «Вильярреал» ва «Бенфика» йўлини тилаймиз. «Насаф» таркиби ҳам ЕЧЛ осмонини титратган мазкур жамоалар каби суперюлдузларга бой эмас. Муҳими, жамоада европалик ҳамкасблари йўлидан бораётган Рўзиқул Бердиев ишламоқда. Ниҳоят, «Пахтакор» ва «Насаф» учун ОЧЛда бор имкониятларини кўрсатадиган пайт келди. Aкс ҳолда, биз алоҳида таъкидлаётган «543» рақами янада пастлашиб кетиши мумкин.
Тўғри, Виктор Кумиков ва Дилявер Ваниев «Хоразм» ҳамда «Янгиер» майдонлари футболга яроқсиз эканлигидан нолишди, чимнинг аянчли ҳолати чинакамига ўйнаш имконини бермаганини таъкидлашди. Буни ҳеч ким инкор этмайди. Ҳақиқатан ҳам, мамлакатимиздаги футбол майдонлари янгиланишга муҳтож. Лекин ҳалол рақобат руҳига майдонлар сифатининг мутлақо алоқаси йўқ. Демоқчимизки, ҳалол рақобатнинг йўқлиги ёки кўзга кам ташланаётгани ортидан футболимиз савияси тобора тушмоқда. «Олимпик» ва «Пахтакор» ҳавас қилса арзийдиган майдонда рақобатлашди, тўп сурди. Ўйиндан кейин эса Темур Кападзе нимадандир кўнгли тўлмаганини яшириб ўтирмади. У «Турон»нинг собиқ мураббийи Ислом Исмоилов каби ҳаяжонга берилмади. «Локомотив»нинг собиқ мураббийи Микаэль Секейра каби муаммоларни очиқ-ойдин айтмади, аммо ўзида ички норозилик борлигини сездирди. Луисма Эрнандес ва Славче Войнески ҳам ўзларидаги қониқмаслик туйғуси ҳақида сўзлашди. Бу нимадан далолат? Aнглаш лозимки, талабчан мураббийлардаги қониқмаслик туйғуси ва ўша «543» рақами ўртасида жиддий алоқадорлик мавжуд. ЎФA мутасаддилари ва мутахассислари айрим ҳакамларнинг қарорлари тўғри эканлигини исботлаш учун ҳаддан зиёд жон куйдириш ўрнига уларни тез-тез ҳалоллик вакцинаси билан эмлашгани маъқул! Назаримизда, энди биргина йўл футболимиздаги вазиятни тубдан ўзгартириб юборади. Бу йўл - ЎФA мутасаддилари ва футбол мухлислари ўртасида онлайн очиқ мулоқот ўтказиш. «Олимпик» - «Пахтакор» учрашуви ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали мулоҳаза билдираётган мухлислар бугун ЎФA мутасаддилари билан баҳслашишга тайёрлар! Фақат ЎФA мутахасислари тайёр бўлишлари керак. Чунки очиқ мулоқот чоғи мухлислар саволлари аёвсиз бўлади ва улар қаршисида ишонч билан туриш осон эмас!
Олдинда футбол мухлисларини «Наврўз» кубоги кутмоқда. Наврўз кайфияти миллий терма жамоамиз ғалабаларига ҳамоҳанг бўлсин! Наврўзингиз муборак, азиз мухлислар!
Муҳаммад ВАЛИ
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20