Бразилия терма жамоасининг собиқ дарвозабони Аурелио Гомес FourFourTwo нашрига берган интервьюсида ҳужумчи сифатидаги илк кунлари, Англиядаги даври, нима учун Алиссонни эмас, Эдерсонни танлагани ва бошқа кўплаб қизиқарли мавзуларда фикр билдирди.
- «Крузейро», ПСВ, «Тоттенхэм» ва «Уотфорд»да мухлисларнинг севимлиси эдингиз. Бунинг сири нимада?
- Футбол клубида ҳамма нарса мухлисларга боғлиқ. Яъни, улар энг муҳим одамлардир. Балки айрим футболчилар буни тушунишмас ва шунинг учун ҳам ишқибозлар билан ўрталарида катта масофа сақлашаётгандир. Мен доим трибунадан олган меҳрни қайтаришга ҳаракат қилганман. Ҳар бир мухлис футболчининг клубга бўлган иштиёқини ҳурмат қилишини хоҳлайди. Футболнинг моҳияти шунда. Ўзингизни дунёдаги энг муҳим деб билиш хатодир. Фанатлар миллионлар ўйинига кўп жозиба бағишлашмоқда.
— «Саккизоёқ» лақаби қаердан пайдо бўлган?
- Ҳаммаси Рональд Куманнинг иши! У менинг ПСВдаги мураббийим эди. «Витесс»га қарши ажойиб ўйнадим ва у журналистларга менинг иккитадан кўп қўлим борлигини айтганди. «У саккизоёққа ўхшайди», деганди Рональд. Бу кўпчиликка ёқди ва...
- Ўсмирлик чоғингизгача ҳужумчи сифатида тўп сурганингиз ростми? Яхши ўйнармидингиз?
- Ҳар ҳолда, дарвозани қандай топишни билардим (кулади). Дарвозада эса илк марта 17 ёшимда турганман. Сете-Лагоас ҳаваскорлар чемпионатида ҳужумда ҳаракат қилардим, таркибимизда биргина дарвозабон бор эди, холос. Бир куни у кўринмади ва мен масъулиятни ўз зиммамга олдим, яхши ҳаракат қилдим ва турнир охиригача дарвозада қолдим. Орадан кўп ўтмай маҳаллий профессионал клуб - «Демократ» сафига қўшилдим, аммо уларда маҳоратли дарвозабонлар мураббийи йўқ эди. Натижада, 19 ёшимда, яъни «Крузейро»га ўтганимда, биринчи бор махсус дарвозабонлар машғулотларида қатнашдим.
- Сиз АПЛда ўйнаган дастлабки бразилиялик дарвозабон бўлдингиз. Ўшандан бери жамоада кўплаб ватандошларингиз пайдо бўлганидан фахрланасизми?
- Жуда фахрланаман. Ҳеч қачон Премьер-лигада ўйнашни орзу қилмаганман, биласизми? Мен шунчаки, профессионал футболчи бўлишни ва онамга уй сотиб олиш имкониятини қўлга киритишни хоҳлардим. Худо менга тасаввур қилганимдан ҳам кўпроқ нарса берди. Англияда 12 йилни ўтказдим ва бошимдан кечган барчасидан мамнунман. Кўплаб бразилиялик посбонларнинг АПЛдаги муваффақиятларини кўриш жуда ёқимли.
- Ким кучлироқ - Алиссонми ёки Эдерсон?
- Гап икки ажойиб кипер ҳақида кетмоқда. Эҳтимол, Эдерсон кўпроқ, айтайлик, мустаҳкамдир - бунга оёқлари билан ажойиб тарзда ишлаш қобилияти туфайли эришган. Алиссон улардан қандай фойдаланишни билади, бу аниқ, аммо Эдерсон таъсирчан кучга ва узоқ масофага йўлланадиган узатмалар аниқлигига эга. У фақат қисқа пасларни бермайди, ўзининг «тўққизлигини» топа олади. Биз буни вақти-вақти билан кузатамиз. Иккаласи ҳам дарвозасини сақлаб қолишда бирдек моҳир бўлгани учун, Эдерсоннинг зарба беришдаги маҳорати, назаримда, унга бироз устунлик беради.
- 2008 йили ПСВга «Тоттенхэм»ни УЕФА кубогидан чиқариб юборишида ёрдам бергансиз. Бир неча ойдан сўнг «шпорлар» сафига ўтишингизда шу нарса ҳам роль ўйнаганми?
- Шубҳасиз. ПСВда ажо-йиб мавсумни ўтказгандим, аммо ўйлайманки, ўша ўйин салоҳиятимни тўлиқ намоён этди, ишончим комилки, «шпорлар» бу натижаларни ҳисобга олишган. Уларга янги дарвозабон керак эди, мен эса Чемпионлар Лигасида тажриба тўплашга улгурган ёш йигит Европада уларга қарши ҳал қилувчи ўйинни ўтказгандим. Қандай қилиб мени хоҳламасликлари мумкин? (кулади)
- Сиз келганингизда жамоа бошида Хуанде Рамос эди, лекин бир неча ойдан кейин унинг ўрнини Харри Реднапп эгаллади. Клубдаги келажагингиз ҳақида қайғурганмисиз?
- Ҳа, жуда кўп. «Тоттенхэм»га ўтишга рози бўлишдан олдин «шпорлар»нинг чап қанот ҳимоячиси Жилберто билан гаплашдим ва у мени Лондон жамоасига қўшилиш ажойиб ғоя эканлигига ишонтирди. У мураббий яхши, клуб фантастик эканлигини ва унинг жамоадоши бўлишдан бахтиёр бўлишини айтди. Шундай қилиб, Лондонга жўнадим, аммо кейинроқ Жилберто ва мураббий кетишди! Қолаверса, у «шпорлар» сафидаги дастлабки кунларида унчалик яхши ўйнамаганди. Менда кичик жароҳат бор эди, аммо охиригача ўйнашга аҳд қилдим. Бу менинг фаолиятимдаги яна бир аҳмоқона қарор эди.
- «Тоттенхэм»даги сўнгги икки мавсум мобайнида кўп ҳам ўйнамадингиз. Аслида кўпроғига лойиқмидингиз?
- Бунга имкониятим бор эди, лекин жуда катта хатога йўл қўйдим. Бред Фридел Реднаппнинг биринчи танлови эди, лекин у энг яхши ҳолатда эмасди. Шундай қилиб, «шпорлар» «КПР»га ютқазганидан сўнг, Гарри мендан биринчи рақамда ўйнаш учун жамоага қайтишимни сўради. Лекин рад этдим, унга ўйнашни хоҳламаслигимни айтдим ва қайтиш имкониятини бой бердим. Кейин эса хатоимни тушундим ва бу менинг худбинлигим туфайли содир бўлди. Ўша икки йил мен учун жуда оғир кечди - ҳар куни сўзларимдан афсусланардим. Клуб менга унчалик аҳамият бермагани аниқ. Астойдил машқ қилишда давом этдим, лекин менинг муносабатим уларнинг режаларига кирмаслигимга сабаб бўлди.
- 2010 йилги жаҳон чемпионатига чақирув олгансиз...
- Энг йирик мусобақада ўз мамлакатингизни ҳимоя қилиш - унутилмас туйғу. Бу жамоада Кака, Лусио ва Луис Фабиано каби фантастик футболчилар кўп эди. Афсуски, унвонга қадар бора олмадик. Бу мундиал олдидан мен ҳам Роналдиньо, Роналдо, Адриано, Роберто Карлос билан ўйнаганман... Ушбу афсоналар атрофида қандай ҳаракат қилишни ҳам билмасдим! Бразилия терма жамоасида ўйнаш ҳақиқий шараф эди.
- Ҳозир нималар билан бандсиз?
- Агент сифатида ҳамон футбол ичидаман - кўплаб бразилиялик ёшлар билан ишлаяпман. Уларга орзуларини рўёбга чиқаришда ёрдам беришни жуда хоҳлайман.
Ў.УМАРОВ тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20