Қайднома

Қидирув

Голеадордан чиққан голкипер

Голеадордан чиққан голкипер

  24.03.2022 08:38
  0
  448
Голеадордан чиққан голкипер

Англия Лига кубогининг навбатдаги финали «Ливерпуль» тарафкашлари ва бетараф мухлисларга роса ёқиб тушгани тайин: ўта муросасиз ва қизиқарли тўқнашувлар, инобатга олинмаган нақ 4та гол, давомли пенальтилар серияси ва «қизиллар»нинг 11:10 ҳисобидаги ғалабалари... Ўйиндан кейинги серияда майдонда бўлган 22 нафар футболчи ҳам қатнашиши - кам кузатиладиган ҳолат. «Челси»га қарши кечган драматик учрашувда «Ливерпул»дан охирги зарбани йўллаш Юрген Клоппнинг захира голкипери Куивин Келлехер зиммасига тушди ва у мукаммал ижро билан назарга тушди. «Челси» дарвозабони Кепа Аррисабалага аксинча, «осмондаги юлдузни урмоқчи бўлди», гўё... Sports.ru сайтининг қуйидаги мақоласи ҳужумчидан дарвозабонга айланган Келлехер ҳақида.

Ҳа, асосий факт шуки, нуфузли совринни «қизиллар»га собиқ ҳужумчи тортиқ этди - Куивин Келлехер 14 ёшига қадар майдонда ҳужумчи ролини бажарган. Ҳа, кўпчилик учун чинакам «сюрприз» янгилик. «Бу - жиддий ўзгариш. Футболда тарбияланувчи амплуасини шу қадар кескин ўзгартириш ҳолати жуда кам учрайди. Куивиннинг оёқлари билан ишончли ўйнаши бежиз эмас. У болалигида дарвозада турмаган, майдонда ҳаракатланган. Келлехер ҳаттоки, марказий ҳужумчи позициясида ватани шарафини ҳимоя қилишга ҳам улгурганди», - дейди 23 ёшли дарвозабонга Ирландияда сабоқ берган болалар мураббийи Эдди Харингтон.

Айтишларича, Куавин 14 ёшигача ҳар мавсум 20-30тадан гол урган ва кейинчалик отасининг маслаҳати ҳаммасини ўзгартириб юборган. Хуллас, ҳужум бобида иқтидори чакки бўлмаган йигитчанинг футболчилик тақдири кутилмаган тасодиф туфайли бутунлай ўзгариб кетади. «Куа­вин 3-4 йил давомида жамоамизнинг марказий ҳужумчиси саналган. Кейин отаси Рэйнинг кутилмаган қўнғироғи ҳаммасини ўзгартириб юборди. Аслида ўша мавсумни бошқа дарвозабон - Робби О~Лири билан бошлагандик. Болакай анча ёш бўлсада, U-13 тоифасидаги ўсмирлар жамоасида бинойидек ўйнарди. Бироқ бора-бора ўзидан катта болалар сафида ўйнаш унга оғирлик қилди. Қисқаси, ҳафтада 2та учрашув ва тиғиз машғулотларга чидай олмади. Робби кетгач, мураккаб вазиятга тушиб қолдик. Навбатдаги машғулотдан ке­йин Куивиннинг отаси мен билан боғланди: «Эдди, ўғлимни дарвозага қўйсанг қандай бўларкин?» Аввалига таклифни рад этдим, чунки у энг яхши ҳужумчимиз эди. Кейин бу масалани касбдошларим билан муҳокама қилдик. Улар ҳам иқтидорли ҳужумчидан айрилишни истамадилар. Бироқ якунда анчайин но­ўрин туюлган тўхтамга келдик ва охир-оқибат, Рэйга жавоб қайтардим: «Қулоқ сол, Рэй, қароримиз қанчалик тўғри ёки нотўғрилигини билмайман. Лекин маслаҳатингни инобатга олдик - Куивинни дарвозада синаб кўрамиз. Кўрайликчи, бундан нима чиқаркин...», - дея ўзгариш тарихини сўзлаб берганди Эдди Харрингтон The Athletic нашрига берган интервьюсида.

«Рингмахон Рейнжерс» клуби котиби Шон Фитцжеральд эса вазиятга ўзига хос тарзда изоҳ беради: «Тўғриси, ўша қилмишимиз ҳозир Юрген Клоппга «Салоҳни дарвозага қўй», дейиш билан баробар». Унинг айтишича, Келлехер фаолиятидаги мажбурий ўзгаришга муаммосиз мослашган. Бунда ёш йигитнинг руҳий барқарорлиги асосий омилдир: «Ҳар мавсум 20-30та гол урадиган тўпурар илк ўйиндан дарвозани ишончли қўриқлай бошлади. У янги позицияда хотиржам ўйнайверди, ҳаракатида на тушкунлик ва на иккиланиш сезилди. Қисқаси, майдонда аввалги Куивинлигича қолди». Жамоа ярим ҳимоячиси Кайлин Коттер эса Келлехерни дарвозада кўргач, бошида ҳайратдан қотиб қолган экан: «Куивин бизда энг яхши тўпурар эди. Уни дарвозада кўриб, аввалига кўзларимга ишонмадим. Ахир Куавин Корк шаҳрининг энг яхши тўпурари бўлишга яқин турганди. Наҳотки, дарвозада туриш учун ҳаммасидан воз кечган бўлса...». Келлехер дарвозабон сифатида майдонга тушган дастлабки учрашувда унинг жамоаси 0:1 ҳисобида имкониятни бой берганди. «Янги кипер илк зарбалардан бири қаршисида ожиз қолди. Бироқ бу омадсизлик Келлехер руҳиятини синдиролмади. У кейинги дақиқаларда ишончли ҳаракатлари билан мухлис ва мутахассисларни ҳайрон қолдирди», - дея хотирлайди Коттер.

Куавин «Рингмахон Рейнжерс»даги 2,5 йиллик таҳсилдан сўнг Ирландиядан Англия­га йўл олиб, «Ливерпуль» академиясида шуғуллана бошлади. Аслида у «МЮ», «Астон Вилла» ёки «Блэкберн» тизимини танлаши ҳам мумкин эди. Чунончи, Келлехер ўша 2015 йили Ирландия U-17 терма жамоаси билан қитъа биринчилигида иштирок этиб, 3та ўйинда майдонга тушганди. Харрингтоннинг фикрича, шогирди Ливерпулга ёруғ юз билан йўл олган: «Унинг клубимиздаги охирги учрашувида сўнгги зарба эвазига ғалаба қозониб, чемпионликка эришдик. Совриндан умидни узган пайт бурчак зарбасини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлдик. Шунда таваккалга қўл уриб, Ку­ивинга олдинга чиқишини тайинладик. Ўша оқшом мўъжизавий эртак яратишимизга халал берган ягона жиҳат шуки, мувозанатни бошқа ўйин­чи тиклади. Муҳими, 1:1 ҳисоби бизни шоҳсупага олиб чиқди. Лекин Куивин голда рақиб ўйинчисини чалғитиш асносида катта роль ўйнади. Финал ҳуштаги чалинганидан кейин эса ақлдан озишига бир баҳя қолди. Чунки бу жамоамизнинг 6 йил давомида қўлга киритган дастлабки соврини эди».

Юрген Клопп 2019 йили Келлехерни «Ливерпул»нинг асосий таркибига жалб эта бошлади. У жумладан, сентябрь ойида Лига кубоги доирасидаги учрашувда дебютини нишонлади. Кенг жамоатчиликка эса «Аякс»га қарши кечган ЧЛ ўйини (1:0) орқали танилди: Алиссон Беккер ўрнига майдонга тушиши билан Клас-ян Хунтеларнинг ўта яқин масофадан йўллаган зарбасини бартараф этди. «Қизиллар» якунда камтарона ғалаба эвазига гуруҳ ғолиби сифатида «плей-офф»га йўл олишди. Ирландиялик дарвозабон жорий мавсум Лига кубоги турнирида мунтазам майдонга тушиб, ишончли ўйинлари билан финалгача етиб келди. Якунда ҳал қилувчи беллашувда қаҳрамонлик! Клопп барчасини ўзига хос тарзда изоҳлади: «Ҳатто футболдек шафқатсиз спорт турида ҳам инсоний фазилатлардан воз кечиш адолатсизлик саналади. Куивин - чинакам ҳаётга кириб келаётган навқирон йигит, мусобақанинг бошидан охиригача талаб даражасида ўйнади. Бундай вазиятда уни финалдан маҳрум қила олармидим? Бунга виждоним йўл қўймади. Ҳа, профессионал мураббийман, шунинг баробарида аввало, инсонман. Қисқаси, ички мунозарада инсонийлик устун келди - Келлехер финалда ўйнашга ҳақли эди. Машғулотлар базасида жа-моа­миз билан қандайдир сов­рин ютган дарвозабонлар учун ажратилган алоҳида девор бор. Энди Куивиннинг портрети ҳам ўша жойга осиб қўйилади. Аслида ҳам шундай бўлиши керак - бу жуда ажойиб».

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz