Қайднома

Қидирув

Испанияда Симеоне, Германияда Штрайх...

Испанияда Симеоне, Германияда Штрайх...

  25.03.2022 15:25
  0
  316
Испанияда Симеоне, Германияда Штрайх...

ЕВРОПАНИНГ КУЧЛИ ЛИГАЛАРИДАГИ ЭНГ БАРҚАРОР МУРАББИЙЛАР. Ға­лаба - жамоаники, мағлубият - мураббийники. Ўткинчи дунёдаги мазкур тушунча нафақат спорт, балки бутун ижтимоий ҳаётга тааллуқли. Ушбу ёзилмаган қоида айниқса, миллионлар ўйини каби жамоавий спорт турларида яққол бўй кўрсатади. Табиийки, муайян жамоани барқарор равишда узоқ йил бошқариш осон масала эмас. Демак, бугун Европанинг кучли 5та лигасида ишлаётган энг барқарор 5 нафар бош мураббийга эътибор қаратамиз.

Испания чемпионати - Диего Симеоне (Аргентина)

«Атлетико» бошқарувидаги иши давомийлиги: 10 йил 3 ой

«Матрасчилар» жорий мавсум 23 декабрь куни клубдаги 10 йиллик юбилейини нишонлаган аргентиналик мураббий бошқарувидаги энг ёмон даврни ўтказмоқдалар. «Чоло» орт­да қолган вақтда «Атлетико»ни 550 мартадан кўп майдонга олиб тушиб, 8та соврин таъминлади. Шунингдек, жамоани 2 марта ЧЛ финалига олиб чиқди. Ички чемпионатда эса, ўтган мавсум «матрасчилар»ни шоҳсупа сари етаклади. Бироқ айни паллада клубнинг юксак унвонни ҳимоя қилолмаслиги аниқ бўлиб улгурди. Хуллас, «чолизм» таназзулга юз тутди, агар Симеоне вазият назорат остида эканлигини таъкидласа, 10 йиллик мураббийлик фао­лиятида илк бор ёлғон гапирган бўлади. «Атлетико» 16 февраль куни ўз майдонида аутсайдер - «Леванте»га 0:1 ҳисобида ютқазгач, Cadena Ser ўта шов-шувли хабар тарқатди: «Диего клуб мутасаддилари ишончини тўла йўқотди. Раҳбарият яқин орада «матрасчилар» тарихидаги энг муваффақиятли мураббийдан воз кечиши мумкин».

Энди баъзи фактларга эътибор қаратинг: Ла Лигадаги аксарият мураббийлар ҳозирги жамоаларида мавсум-2020|2021да иш бошлаганлар. Атиги 2 нафар баск (Хагоба Аррасате - «Осасуна» ва Иманол Альгвасил - «Реал Сосьедад») 2018 йилдан буён битта жамоада фаолият юритмоқда. «Эль Чоло» эса 2011 йилдан «Атлетико» раҳбари. Умуман, замонавий футболда у каби садоқатли, фидойи мутахассислар кам. Шунинг учун ҳам бундай мураббийларни нафақат ўз жамоалари, балки бетараф, ҳаттоки, рақиблар мухлислари ҳам ҳурмат қиладилар. Умид шуки, дон Диего навбатдаги мураккаб вазиятдан ҳам муносиб тарзда ўтиб, суюкли жамоаси билан олға бораверади. ЧЛ чорак финали йўлланмаси бу йўлдаги катта қадам бўлса, ажабмас.

 

Англия чемпионати - Шон Дайч (Англия)

«Бернли» бошқарувидаги иши давомийлиги: 9 йил 5 ой

АПЛ клублари мураббийларининг ўртача иш давомийлиги Испаниядаги ҳамкасблариникидан анча юқори. 5 йилдан буён ўз жамоа­ларида улкан ўзгаришларни амалга ошириш баробарида совринлар ютаётган Юрген Клопп ва Хосеп Гвардиолани мисол ўрнида келтириш мумкин. Лекин ҳар иккиси «Янги Алекс Фергюсон» мақомини олишдан йироқ. Ахир АПЛда битта жамоага 20 йиллаб устозлик қилиш энди ақлга ҳам сиғмайди. Шон Дайч эса бу вақтда 10 йиллик марра сари интилмоқда. Тўғри, унинг ўзига хос юбилейни АПЛ эмас, Чемпионшипда нишонлаши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Муҳими, жамоани 6 йилдан буён элитада олиб юрган Дайч ҳозирги ҳолатдан хавотирда эмас. Бинобарин, у 2017|2018 йиллар мавсумида «Бернли»ни 7-поғонага олиб чиқиб, ЕЛ саралаш босқичига йўл очганди. Ўшанда унинг шогирдлари икки рақиб тўсиғидан ўтишган, фақат гуруҳ босқичи йўлланмаси тақдирини ҳал қилувчи «плей-офф» раундида «Олимпиакос»га имкониятни бой беришганди. Умуман олганда, «Бернли»да жорий мавсум ҳам АПЛда қолиш имконияти йўқ эмас. Бордию, ўхшамаса, қуйи дивизионга тушиб кетиш жамоа учун катта фожиа саналмайди. Дайч салкам 10 йил давомида Чемпионшипга тушиб, тезда қайта кўтарилиш тажрибасини ҳам ўзлаштирган (бир марта).

 

Италия чемпионати - Жан Пьеро

Гасперини (Италия)

«Аталанта» бошқарувидаги иши давомийлиги: 5 йил 9 ой

«А» серияда жорий мавсум иш бошлаган мураббийлар кўп. Ҳозирда энг узоқ фаолият юритган, лекин бирор совринга эришолмаган мураббий - «Аталанта» устози. Ўзи Гасперини сабр-қаноатли мутахассис, бугун келиб, эртага зафар қучадиганлар тоифасидан эмас. Оддий айтганда, у шошма-шошарликни хуш кўрмайди, аммо нодир асарлар яратишга уста. Айтиш ўринли, италиялик мутахассис «Аталанта»да танаффуссиз узоқ ишлаш бобида ўз рекордини янгилашга ҳам улгурди. Умумий ҳисоб-китоб бўйича эса унинг «Женоа»даги фаолияти залворлироқ. Ҳозирча, албатта. Унутмаслик керак, 2011 йили 5та омадсиз учрашувдан кейин «Интер»дан четлатилган мураббий «Аталанта»ни «А» серия етакчилари қаторига кўтарди, 3 марта ЧЛга йўл очди, ҳаттоки, дастлабки мавсумда жамоани нуфузли турнир чорак финалигача етаклади. Унинг амалдаги шарт­номаси 2024 йили, 66 ёшга тўлганида ниҳоя­сига етади.

Германия чемпионати - Кристиан Штрайх (Германия)

«Фрайбург» бошқарувидаги иши давомийлиги: 10 йил 3 ой

2021 йили Бундеслиганинг кўплаб жамоаларида бош мураббий ўзгарди. Бу Кристиан Штрайхни четлаб ўтган дастлабки «ғала-ғовур» эмас. У «Фрайбург» бошқарувини Симеоне «Атлетико»ни қабул қилганидан 1 ҳафта ўтгач, яъни 2011 йилнинг декабрида қўлга олганди. Жамоа Кристиан Штрайх даврида 5-ўринни эгаллаб, ЕЛ ҳавосидан баҳра олди, 17-поғонага тушиб кетиб, қуйи Бундеслига билан танишиш ва элитага қайтишга ҳам улгурди. «Фрайбург»нинг жорий мавсумдаги иштироки эса чакки эмас - яна еврокубокларга интилмоқда.

 

Франция чемпионати - Паскаль Гастьен (Франция)

«Клермон» бошқарувидаги иши давомийлиги: 4 йил 7 ой

Ўтган йили Лига 1даги барқарор мураббийлик рейтинги ўзгарди: «Анже»ни 10 йил бошқарган Стефан Мулен «Кан»ни Лига 2дан юқорига қайтариш ҳаракатини бошлади. Шу тариқа етакчилик мақоми Паскаль Гастьен қўлига ўтди. Бу мураббий элитада дебют мавсумини ўтказмоқда. У аввалги мавсумлар «Клермон»га қуйида устозлик қилиб, жамоани элитага бошлаганди.

 С.РАҲМОНОВ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz