Мавсум-2021|2022нинг бош қаҳрамонларидан бири Карим Бензема жароҳат туфайли бу сафарги «Эль-класико»да қатнашолмади, шунга қарамай, ҳозир кўпчилик айнан франциялик ҳужумчи ўйинини муҳокама қилмоқда. Зеро, у «ПСЖ»га қарши кечган ЧЛ нимчорак финали жавоб ўйинида «хет-трик» қайд этиш асносида нафақат «Реал»ни кейинги раундга тортди, балки голлари сони бўйича афсонавий Альфредо ди Стефанони ортда қолдириб, «Қироллик клуби» тарихидаги энг яхши тўпурарлар рўйхатида 3-ўринга кўтарилди. Фахрий ҳужумчи яқинда Realmadrid TV телеканали Real Madrid Conecta дастури меҳмони бўлиб, айни вақтдаги ҳис-туйғулари билан ўртоқлашди.
- Карим, «ПСЖ» билан ўйинда ҳамма сиздан гол кутганди, аммо кўпчилик «хет-трик» ҳақида ўйламаган бўлса керак...
- Ўйинни тўлиқ қайта кўриб чиққаним йўқ, фақат вазиятлар ва голларни кўрдим. Стадиондаги муҳит, голлар ва «камбэк» туфайли ўйин хотираларга муҳрланди, менимча. Шундай унутилмас оқшомда ЧЛ чорак финалига чиққанимиз - ажойиб. Албатта, биринчи ўйиндан кейин бор эътиборимни жавоб жангига қаратдим, ўзимни ҳам руҳан, ҳам жисмонан алоҳида тайёрладим. Умуман, майдонга тушганимда, ғалаба қозонишимизга заррача шубҳа йўқ эди. Зеро, ҳафта давомида машғулотларни кўтаринки руҳда ўтказдик ва барча йигитлар яхши футбол кўрсатиш ишқида ёнаётгандилар.
- Мана, «Реал» либосидаги голлар сони бўйича буюк ди Стефанодан ўзиб кетдингиз.
- Бу - орзунинг ушалиши. Ахир Альфредо «Мадрид»нинг чинакам афсонаси. Эсимда, «Реал» сафига қўшилганимда, у клуб президенти билан ёнимга келиб, мени бағрига босганди. Ди Стефано - афсона. Шундай экан, голеадорлар рўйхатида унинг ёнида эканлигимдан фахрланишим мумкин. Ушбу натижа мени янада кучли иштиёқ билан ишлашга ундаши тайин. Ди Стефано вақтида ажойиб маслаҳат берганди: «Карим, шундай буюк клубдаги ҳар бир кунингдан завқлан». Ҳозир худди шундай қиляпман.
- Хўш, «Реал» тарихидаги ўрнингиздан қониқяпсизми?
- Ҳозир вужудимни фахр ва ғурур чулғаб олгани аниқ - ғоят бахтиёрман. Лекин унутмаслик керак, барчасининг ортида бутун жамоа хизмати, клубга дахлдор ҳар бир инсон меҳнати бор. Жумладан, мураббийлар ва мухлислар ҳиссаси ҳам катта.
- Эҳтимол, бу сиз учун «Реал» сафидаги энг яхши ўйиндир...
- Билмадим... Дейлик, «Ливерпул»га қарши кечган ЧЛ финали ҳам хотирамга муҳрланган. Ҳа, 3та гол урганимни инобатга олсак, жуда муҳим ўйин, дарҳақиқат. Ҳақиқий «камбэк»! Ахир икки ўйин натижасига кўра, 0:2 ҳисобида ортда қолаётгандик. Умуман, жорий мавсум фаолиятимдаги энг яхшиси бўлар, балки. Лекин табиатан ҳар мавсум аввалгисидан яхшироқ ўйнашга интиламан, ҳозирча бунга эришяпман ҳам.
- Анчелотти сизни кўп мақтамоқда. Бундан бўшашиб қолмайсизми?
- Йўқ, аксинча, мураббийнинг баҳоси - қўшимча мотивация. Дон Карло жамоага ёрдам беришим учун доимо чинакам ишонч бағишлайди. Анчелотти одатда менга нисбатан кўпроқ кўрсатма беради, бунинг натижасида руҳан тетиклашаман ва катта иштиёқ билан ҳаракатланаман. Мураббий ишончи - қўшимча импульс. Жамоада ҳар доим ўйин боришини ўзгартиришга масъул футболчи топилади, бироқ ҳеч ким ҳаммасини ёлғиз уддалолмайди. Мисол учун, ҳужумчилар ажойиб узатмалар билан таъминлайдиган футболчиларсиз ҳеч нима қилолмайдилар. Ҳар доим жамоавий ҳаракатларни алоҳида қадрлайман. Чунки жамоа тўлиқ куч билан ишласа, олдинда етарлича имкониятга эга бўлишимни яхши биламан.
- Айни пайт фахрийлар қаторидасиз. Айтингчи, кундалик машғулотлар қийнаб қўймаяптими?
- Йўқ, ваҳоланки, ҳозир ҳар қачонгидан кўпроқ шуғулланяпман. Кучни қаердан оламан? Шахсий статистикамдан! Ишонинг, ишингиз натижа келтираётганини билсангиз, ўз-ўзидан тўлқинланасиз. «Реал» билан биринчи навбатда, совринлар ютиш мақсадида шартнома тузганман. Ҳа, ҳеч қачон бунчалик кўп гол уришни ўйламаганман, лекин ҳар доим одамлар қалбидан жой олишга интилганим рост. Ўйлайманки, ҳозирча бу иш уддасидан чиқяпман.
- Энди Рауль натижасини такрорлашингизга яна 14та гол керак...
- Чиндан ҳам, аввало, совринлар ютишни хоҳлайман, чунки голлар умумий зафарлар орқали келади. Рауль натижасига келсак, бу ҳақда унга бироз яқинлашганимдан кейин гаплашганимиз маъқул. Ҳозирча ишлашда давом этишим ва гол уриш имкониятидан максимал даражада фойдаланишим керак.
- Ўйинингиз тобора тобланмоқда. Бунинг қандайдир сири борми?
- «Мадрид» сафига қўшилганимда жуда ёш эдим ва бу жамоа нимани англатишини тўлиқ билмасдим. «Лион»дан келгач, шунчаки, ҳайратланганим эсимда. Муҳими, бу ерда зафар қучишга ишонганман. Мана, энди «Реал Мадрид» нимани англатишини жуда яхши тушунаман ва тўғри йўлдан кетяпман. Жамоа ичида ўзимни уйдагидек ҳис қиламан. Умуман, Мадридни ҳам, шаҳар одамлари ва ушбу мамлакатни ҳам чинакамига яхши кўраман. Чунки менга нисбатан ажойиб муносабат шаклланган. Қисқаси, бу ерда ҳар куни - машғулотлардан ҳам, ўйинлардан ҳам завқланаман. Худди буюк ди Стефано айтганидек!
ВИНИCИУС ЖУНИОР НИМА ДЕЙДИ?
Карим Бенземанинг ҳужумдаги шериги - бразилиялик Винисиус Жуниор эса Madridista Real нашрига берган интервьюсида жорий мавсумдаги ютуқларига тўхталди: «Вақт жуда тез ўтмоқда, Мадридда янада тезроқ. Фақат рақобат ва ўйинларга шайланиш учун вақт бор, холос. Йўқ, ўзимни юлдузлар қаторига қўшолмайман. Кийиниш хонаси чемпионлар, чинакам ғолиблар билан тўла - Марсело, Каземиро, Модрич, Начо, Кроос, Бензема... Улар ёнида юлдуз эмас, шунчаки, қўлдан келганича ўрганаётган футболчиман».
ФАКТ
Карим Бензема охирги 4 мавсумдан буён Ла Лигада 20тадан кам гол ураётгани йўқ. Унинг Испания чемпионатидаги рекорди (24та гол) мавсум-2015|2016да кузатилган. 34 ёшли футболчи жорий мавсум яна 3та гол урса, шахсий натижасини янгилайди.
МУҲАММАДХОН тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20