Қайднома

Қидирув

17 ЙИЛЛИК ТАНАФФУСДАН СЎНГ...

17 ЙИЛЛИК ТАНАФФУСДАН СЎНГ...

  28.03.2022 07:07
  0
  463
17 ЙИЛЛИК ТАНАФФУСДАН СЎНГ...

ЕЧЛ нимчорак финалининг «Спортинг»га қарши дастлабки учрашувини 5:0 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилган «Манчестер Сити» жавоб беллашувида хотиржам тўп сурди. Майдон эгалари таркибида дарвозабон алмашгани эса, голсиз ниҳоясига етган ўйиннинг энг ёрқин воқеаси бўлди.

Учрашувнинг 73-дақиқасида Хосеп Гвардиола Эдерсон ўрнига 36 ёшли Скотт Карсонни майдонга туширди. Фахрий посбон ишончли ҳаракатлари билан мураббий ишончини оқлади, ҳатто яккама-якка вазиятда ҳам дарвоза дахлсизлигини таъминлай олди.

Карсон 3 йилдан бери «шаҳарликлар» сафида - уни маҳаллий футболчилар нормасини тўлиқ адо этиш мақсадида олишгани боис, атиги икки марта майдонга тушди, холос. Энг асосийси, бу гал Карсон ЕЧЛ доирасида иккинчи учрашувини нишонлади. Нуфузли турнирдаги илк ўйинини у бундан 16 йил ва 338 кун аввал «Ливерпуль» либосида ўтказганди. Салкам 17 йиллик танаффус ЕЧЛ учун рекорд кўрсаткич.

ЕЧЛдаги дастлабки  учрашув: «Ювентус» маҳв этилди

2004|2005 йиллар мавсумида «Ливерпуль» дарвозабонлар масаласида муаммога дуч келганди: ҳеч қачон барқарор ўйин кўрсата олмаган Ежи Дудек тез-тез таркибдан тушиб қолар, шу боис клуб муносиб номзод излаётганди.

Гуруҳ босқичида Крис Киркленд (кейинчалик «Уиган» афсонасига айланган) тўп сурди, қишда «Лидс»­дан 19 ёшли Скотт Карсон харид қилинди. Йигитча профессионал мақомида майдонга тушмаган бўлсада, ноёб иқтидор соҳиби ҳисобланарди - ҳатто «Челси» унга талабгор бўлганди.

Февраль ойида ёш дарвозабон ЕЧЛдаги дебютини нишонлади. Нуфузли турнирнинг чорак финалида «қизиллар» «Энфилд»да таркибига Дель Пьеро, Ибрагимович ва Недвед каби юлдузларни жамлаган «Ювентус»ни қабул қилишганди.

«Учрашув арафасида хаёлим ягона ўй билан банд эди: «Ишқилиб, уларни уялтириб қўйма». Бошланғич таркибда майдонга тушишимни Бенитес стартдан ярим соат аввал айтганди. Эҳтимол, бу мен учун яхши бўлгандир - кўпроқ кутишга сабрим чидамасди», - деган Карсон.

Баҳс ёш посбон ва жамоаси учун хайрли ўтди. Биринчи бўлимда Карсон Дель Пьерога қарши дуэлда ғолиб чиқди, Златаннинг зарбасига дарвоза устуни тўсиқ бўлди. Лекин танаффусдан кейин «Юве» барибир гол уришни уддалади: олис устун томон йўлланган тўпни Фабио Каннаваро дарвозага жойлади. Бироқ «Ливерпуль» 2:1 ҳисобини сақлаб қолди.

«Биринчи бўлимда Дель Пьеронинг зарбасини бартараф этганимда, ҳаммаси осондек туюлганди. Каннаварога қарши вазиятда сал аввалроқ йиқилдим, тўп ёнимдан ўтиб кетди. Хайриятки, ўша пайт ижтимоий тармоқлар йўқ эди, кучли танқидларга дуч келмадим. 2:1 ҳисобида зафар қучган бўлсакда, доимо хавотирда юрдим. Фақат жавоб учрашувидан кейин енгил нафас олгандим», - дейди Скотт ўтмишни хотирлаб.

Туриндаги жавоб учрашувида дарвозани Дудек қўриқлаган, «Ливерпуль» эса 0:0 ҳисобини сақлаган ҳолда ярим финалга йўл олганди. Қизиғи шундаки, Жеррард мураббийга, Каррагер ТВ экспертига, Недвед спорт директорига айланишди. Карсон, Ибрагимович ва Буффонлар ҳамон яшил майдондалар. Скотт билан Златан жорий мавсум ЕЧЛда учрашишлари ҳам мумкин эди. Бироқ «Милан» гуруҳдан чиқа олмади.

Карсон ЕЧЛ олтин медалидан воз кечмоқчи ҳам бўлди. Чунки ўзини совринга ҳақли эмас, деб ҳисоблайди. Ёдингизда бўлса, Истанбулдаги ўша тарихий финал «Ливерпуль» ғалабаси билан якунланганди. Аммо камтарин посбон 2005 йил майидаги тантаналарда иштирок этмади. «Очиғи, ўшанда ўзимни ноқулай ҳис этгандим. Клубга келишим билан ғолибликка эришдим. Шу боис, унга ҳақли эканлигимни ҳис эта олмадим. Натижада, тантаналарда имкон қадар четроқда юрдим. Айрим жамоадошларим деярли майдонга тушмадилар, аммо нишонлашда доимо олдинги сафда туришди. Масалан, Хосеми. Менимча, «Ливерпул»даги давримда у билан бир-икки оғиз ҳам гаплашмаганмиз, инглиз тилида нимадир дея олишига ишонмайман. Лекин фотосуратларда у доимо марказда эди».

Карсон ўзининг ЕЧЛдаги медалини жароҳат туфайли финалда таркибдан четда қолган Крис Кирклендга бермоқчи бўлганди. Бироқ Крис сов-ғани мулойимлик билан рад этганди. Скоттнинг «Ливерпул»даги фаолияти муваффақиятли бўлмади. Истанбул финалидан кейин у «Шеффилд», «Чарльтон» ва «Астон Вилла»да ижарада тўп сурди - Пепе Рейна билан рақобатлашиш беҳуда эди. Евро-2008да Россиянинг бронза медалларига эришишига, қайсидир маънода, Карсоннинг 2007 йилдаги Англия - Хорватия учрашувида йўл қўйган хатоси сабаб бўлганди. Гуноҳкор посбон «Вест Бромвич»га йўл олди. Кейин «Бурсаспор», «Уиган» ва «Дерби Каунти»да ўйнади. Ҳаётнинг жиддий синовларидан ўтган посбонни «Манчестер Сити» Чемпионшипдан ўз таркибига жалб этганди.

 

Гвардиола Карсонни қадрлайди, ўйнашга имкон беради

Карсоннинг трансфери «шаҳарликлар» захира ўриндиғини узайтирди. У маҳаллий футболчи бўлгани сабабли, Англиядаги лимитлар чекловига тушмайди. Айнан шу мантиққа асосланган ҳолда, «Челси» Роб Гринни захирага олганди. Шунга қарамасдан, «шаҳарликлар» Карсонга майдонга тушиш имкониятини бериб турадилар. Ўтган йилнинг май ойида жамоа чемпионликни расмийлаштириб бўлганидан кейин Гвардиола фахрий дарвозабонни сўнгги турда майдонга туширди. Ўша ўйинда Карсон «Ньюкасл»дан 3та гол қабул қилиб олди, аммо пенальтини қайтаришга муваффақ бўлди. Дарвоқе, бу унинг АПЛ доирасида 10 йил ичида ўтказган дастлабки учрашуви эди.

«Шунчалик бахтиёрманки, буни сўз билан ифодалашнинг иложи йўқ. Элитада тўп суриш менга насиб этмаса керак, деган ўй миямни тарк этмаган бўлсада, қўлимдан келганича ҳаракат қилдим. Меҳнатимни қадрлаб, имконият бергани учун мураббийга катта раҳмат», - деганди дарвозабон.

Гвардиоланинг Карсонга бўлган ҳурмат-эҳтироми ЕЧЛ-да майдонга тушириши билан тасдиғини топди: «Биз жуда мамнунмиз - Скотт мухлисларга тез-тез кўриниш бермасада, жамоа учун муҳим ўйинчи. У Эдерсонга ҳам, Штеффенга ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Касбдошлари унинг ўгитларига риоя қиладилар. Карсон ижросидаги сэйв мағлубиятга учрамаслигимизни таъминлади».

Ёзда Карсоннинг «Сити»даги шартномаси ниҳоясига етади. Афтидан, у шундан сўнг қўлқопларини ечса керак. Лекин фаолиятига нуқта қўйиш арафасида у «Ливерпуль» билан қўлга киритган ЕЧЛ олтин медали ва «Манчестер Сити»даги озгина-ю созгина натижалари билан фахрланишга ҳақли: 2 ўйин, 2 ғалаба, ЕЧЛ-даги «қуруқ» ўйин ва ғайритабиий рекорд, АПЛдаги бартараф этилган пенальти.

Афсона!

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz