Қайднома

Қидирув

«Аякс» форвардининг ажабтовур тақдири

«Аякс» форвардининг ажабтовур тақдири

  29.03.2022 09:29
  0
  384
«Аякс» форвардининг ажабтовур тақдири

Ушу материал - муайян воқеаларга аввалдан салбий тахмин билдириш керакмаслигига яққол намуна! Себастьян Аллер эътирофга муносиб - у Чемпионлар Лигасининг жорий мавсумида 11та гол урди, дастлабки 7 учрашувнинг барчасида тўп киритиб, Марко ван Бастеннинг рекордини такрорлади. 27 ёшли ҳужумчи узоқ вақт ЧЛнинг энг яхши тўпурари номини ҳеч кимга бермади, токи Роберт Левандовски яқинда «Зальцбург» билан ўйинда «хет-трик» қайд этиб, уни қувиб ўтгунига қадар. «Аякс»нинг «Бенфика»га қарши жавоб ўйини Аллер ҳақида гапиришга сабаб топиб берди. Аммо у ЧЛнинг жорий мавсумида илк бор гол урмади, фаворит ҳисобланган амстердамликлар ютқазиб, турнирни тарк этишди. Бироқ Аллернинг мусобақада намойиш этган перформанси шу қадар ёрқин эдики, у ҳақда тайёрланган мақоладан воз кечиш айб бўларди.

«Уни ҳатто бульдозер ҳам йиҚитолмайди»

Аллер Францияда туғилиб, улғайган, ушбу мамлакатнинг ўсмирлар ва ёшлар термаларида ўйнаган. Лекин кейинроқ у тарихий ватани - Кот-Д~Ивуар шарафини ҳимоя қилишни маъқул кўрди. Асл иқтидорини эса Нидерландияда, «Утрехт» либосидаги уч мавсумда намойиш этди.

Умуман, Себастьяннинг қизиқишлари доираси футбол билангина чекланиб қолмайди. «Аллер ва Людвиг Амстердамда мен билан кикбоксингга қатнашган, ҳаммаси ажойиб эди. Бу унинг қандай инсонлигидан далолат. Агар унга нимадир ёқса, уни харид қилиб, синаб кўради. Себастьян дарҳол қўлқоп ва зарур инвентарларни сотиб олди», - дейди унинг «Утрехт»даги клубдоши Миенти Абена.

Нидерландия жамоасида форварднинг салоҳиятини жуда қадрлашган. «Унда кўринганидан кўпроқ кўникма бор. Аллерни Ибрагимович билан таққосламоқчи эмасман, лекин у айни бўй ва сифатларга эга», - дейди «Утрехт» собиқ форварди Рууд Бойманс.

Нидерландиядаги муваффақиятли уч йилдан сўнг ивуарлик ҳужумчи Германиянинг «Айнтрахт»ига кўчиб ўтди. У ердаги илк мавсумидаёқ жисмоний атлетизми билан барчани лол қолдирди. «Аллерни ҳатто бульдозер ҳам йиқитолмайди», - дея ҳужумчининг имкониятлари билан фахрланганди ўшанда Франкфуртда ишлаган Нико Ковач. Себастьяннинг «Штутгарт» (2:1) дарвозасига йўллаган голи мавсум-2017|2018да энг чиройлиси деб топилди. Ўша йилнинг ўзида унинг «Айнтрахт»и финалда «Бавария»ни енгиб (3:1), Германия кубогини қўлга киритди.

Келгуси мавсумда Аллернинг кўрсаткичлари янада яхшиланди. Бундеслигадаги 29та ўйинда 15та гол ва 9та ассист муаллифига айланди. «Ҳар доим голлар уришга интиламан. Лекин биринчи навбатда жамоавий ўйинчиман», - деганди иуварлик ўз ўйини ҳақида. «Айнтрахт» Европа Лигаси ярим финалига чиқиб, пенальтилар сериясида «Челси»га ютқазди. Етакчиларнинг топ-клубларга ўтишлари ўзини узоқ куттирмади. Анте Ребич «Милан» сафини тўлдирган бўлса, Лука Йович «Реал»нинг янги форвардига айланди. Аллер АПЛга боришни маъқул кўрди: бақувват ҳужумчини «Вест Хэм» 50 миллион евро эвазига қўлга киритди. Бу «болғачилар» учун рекорд трансфер бўлганди.

«Албатта, кўп нарсаларни муҳокама қилдик, лекин айнан бу ҳақда кам гаплашдик. Ўйлашимча, аксарият франк-фуртлик футболчиларнинг мақсади - мавсумни яхши ўтказиб, имкон қадар юқорига кўтарилиш. Қачондир клубимизни алмаштиришимизни билардик, аммо бизга «Айнтрахт» сафида ўйнаш ёқарди. Бу даврлар ажойиб эди. Бироқ футболчи сифатида янги чақирувлар олгингиз келади», - дея Англияга кўчиб ўтишини изоҳлаганди Аллер.

 

Маъмурий хато

Лекин ивуарлик футболчининг туманли ўлкада ишлари юришмади. Самарадорлиги сезиларли пасайди, «Вест Хэм»даги 53та ўйинда атиги 14та гол урди. Аммо бу ҳолат ҳам бошқа бир клуб учун рекорд трансфер бўлишига тўсқинлик қилмади. 2021 йилнинг январида «Аякс» форвард учун 22,5 миллион евро сарфлади. Амстердамликлар Европа Лигаси «плей-офф»идан аввал таркибни айнан Аллер орқали кучайтириш керак, деб ҳисоблашди. «Бу клубда ўзингизни кўрсатишингиз, Чемпионлар Лигасида қатнашиш ва ҳар йили сов-ринлар учун курашишингиз мумкин», - дея изоҳлади футболчи бу галги ўтишини.

Лекин Нидерландиядаги дастлабки мавсумида Аллерга еврокубокларда тўп суриш насиб этмади. Гап унинг ёмон формадалигида эмасди. Шунчаки, уни «заявка»га киритишга кеч қолишганди. Ҳа, айнан шундай: «Аякс» клуб тарихидаги энг қимматбаҳо футболчисини Европа Лигаси «плей-офф» босқичи учун рўйхатдан ўтказишни унутганди. «Чиндан ҳам Аллер ЕЛда қатнашадиган футболчилар рўйхатига кирмади. Гап нимадалигини аниқлаш учун Нидерландия футбол федерацияси ва УЕФА билан ҳамкорлик қиляпмиз», - деган баёнот берди «Аякс».

Маълум бўлишича, барчасига маъмурнинг ҳисоботидаги камчиликлар сабаб бўлган. «УЕФА Аллер мавсум-2020|2021 охиригача ЕЛда иштирок этолмаслиги ҳақида «Аякс»ни хабардор қилди. Маъмурий хато туфайли ҳужумчи турнирда қатнашадиган ўйинчилар рўйхатига киритилмаган», - дейилади клуб баёнотида.

 

Ван Бастендан кейин биринчи

Ушбу бемаъни воқеага қарамай, Аллер тушкунликка тушмади ва Нидерландия чемпионати ва кубогида ажойиб ўйин кўрсатди. Ивуарлик футболчи 23та ўйинда 13та гол ва 7та самарали узатма муаллифига айланди. Маълум бўлишича, бу энди бошланиши экан. Сўнгги ярим йил ичида футбол жамоатчилиги Аллерни ҳақиқий юлдуз сифатида тан олди. Унинг барча турнирлардаги 33 ўйинда қайд этган статистикаси - «32}9», яъни ҳар бир ўйин учун биттадан кўпроқ очко. Аммо энг асосийси, ҳужумчи Чемпионлар Лигасига тўфон сингари кириб борди. Гуруҳ босқичи 1-тури доирасидаги «Спортинг»га қарши баҳс (5:1) унинг учун турнирдаги дебют бўлди, аммо ивуарлик форвард ўзини йўқотиб қўймай, «покер» қайд этди. Аллердан аввал ЧЛдаги илк учрашувида тўрт-та тўп киритиш фақат Мар-ко ван Бастенга насиб қилганди.

Себастьян ҳақиқий гол машинасига айланди: «Бенфика»га қарши жавоб учрашувидан аввал барча 7 баҳсда тўп киритди, Лиссабонда эса ҳам рақиб, ҳам ўз дарвозасини ишғол қилди. Аллер танаффус олиши ҳамоноқ, «Аякс» «сочилиб кетди» ва 1|8 финалда аламли тарзда турнирни тарк этди.

Бироқ Аллердаги ўсишни ҳамма пайқади. Goal.com «Олтин тўп»га асосий даъвогарлар рўйхатини тузди, ушбу соврин соҳиби эндиликда тақвим йили эмас, мавсумдаги кўрсаткичларга қараб аниқланади. Аллер «шорт-лист»да Томас Мюллер, Кевин де Брюйне, Криштиану Роналду, Эрлинг Холанд ва Лионель Мессини ортда қолдирган ҳолда 13-ўринни эгаллади.

Эндиликда ивуарлик футболчига индивидуал соврин насиб этиши амримаҳол, лекин кейинги мавсум фаолиятини кучлироқ клубда давом эттирса, бу сюрприз бўлмайди. «Унинг савиясидан хабардор киши сифатида, таклифлар келаётганига ажабланмайман. Аммо шуни ишонч билан айтишим мумкинки, Аллернинг нархи қиммат бўлади», - деди «Аякс» бош мураббийи Эрик Тен Хаг.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz