Қайднома

Қидирув

Луис Диас: «Ливерпуль» ўйинларини анчадан бери кузатаман»

Луис Диас: «Ливерпуль» ўйинларини анчадан бери кузатаман»

  29.03.2022 11:44
  0
  387
Луис Диас: «Ливерпуль» ўйинларини анчадан бери кузатаман»

Луис Диас мерсисайдликларнинг қишки трансферлар ойнасидаги илк ва ягона, лекин шу билан бирга, ўта муваффақиятли хариди бўлди. Португалия гранди - «Порту»дан 45 миллион евро эвазига «Ливерпул»га кўчиб ўтган Диас клуб расмий сайтига илк интервьюсини берди.

- Луис, хуш келибсиз! Илк таассуротлар қандай?

- Аввало, қабул қилганингиз учун катта раҳмат. Ушбу буюк клубда эканлигимдан жуда хурсандман. Аллақачон жамоадошлар, катта футболчилар ва «Ливерпул»­нинг ҳақиқий расмийлари билан тил топишишга улгурдим.

- Трансферингиз эълон қилинганида, терма жамоангиз ихтиёрида эдингиз. Колумбия бу хабарни қандай қабул қилди?

- Юртимда бу хабар катта портлаш каби кутиб олинди. Una locura - бизнинг тилда айтганда, телбалик.Ҳаммаси шундай бўлгани ва трансфер амалга ошганидан жуда хурсандман. Чунки бу Колумбия футболи учун тарихий воқелик, у ердаги барча мухлислар бундан жуда ҳаяжонда. Барча яқинларим - оилам, дўстларим, ота-онам мендан хурсанд бўлишди.

- «Ливерпуль» ва Премьер-лига ҳақида нима дея оласиз?

- «Ливерпуль» ўйинларини анчадан бери кузатиб келаман. Премьер-лига дунёнинг энг яхши лигаларидан бири ва мен ҳам миллионлар каби болалигимдан инглиз футболини томоша қиламан. «Ливерпул»га келсак, менимча, кўп марта айтилган гапларни такрорлашнинг ҳожати йўқ. Ажойиб клуб, кўплаб кубок ва унвонларни қўлга киритган ҳақиқий эталон.

- Ўйин услубингиз «Ливерпул»га мос келади, деб ўйлайсизми?

- Менимча, ҳа. Бу ерга ўтишга рози бўлишимнинг асосий сабабларидан бири ҳам айнан шу. Ҳозир мавсумнинг муҳим палласи ва мен тўлиқ тайёр бўлиш учун кўп меҳнат қилишим керак.

- Юрген Клопп ҳақида нима дея оласиз?

- Портуда «Ливерпуль» билан тўқнашганимизда, Юрген Клопп жуда яхши таассурот қолдирди ва бу масаланинг фақат футбол томонига тегишли эмас. У билан ишлаш имкониятига эга бўлганимдан хурсандман ва бу менга, фаолиятимга ёрдам беради, деб умид қиламан. «Ливерпул»да талаблар жуда юқори ва мен буни яхши биламан.

- «Ливерпуль» ўйинларини кузатиб келганингизни айтдингиз. Кўп ўйинларини кўрганмисиз?

- Айтиш қийин. Чемпионатнинг жорий мавсумида, менимча, аниқ бешта ўйинни томоша қилдим. Чемпионлар Лигасида эса ҳаммасини кузатдим, лекин ўшанда бор эътиборимни «Порту»га қаратгандим. Имконият бўлганда, «Ливерпул»нинг йирик ўйинларини томоша қилишга ҳаракат қилдим.

- 23-рақамни олдингиз. Нимага?

- Профессионал фаолиятимни «Атлетико Хуниорс»да шу рақамда бошлаганман. Айнан ўша ерда футболдаги илк қадамларимни қўйганман. Демак, айнан шу рақам билан футболчи бўлдим. Шунинг учун буни мантиқан тўғри қарор деб ҳисобладим. Энди билдимки, Жейми Каррагер ва Робби Фаулер ҳам «Ливерпул»да айнан 23-рақам остида ҳаракат қилишган. Шубҳасиз, мен бунга муносиб бўлишим, яхши ўйнашим ва жамоа, мураббийлар штабига қўлимдан келганича ёрдам беришим керак.

- Ва ниҳоят, мухлисларга нима деган бўлардингиз?

- Тезлик, маҳорат, тўп техникаси ва дриблинг борасида жамоага кўп нарса келтира оламан, деб ўйлайман. Бу менинг футболчи сифатидаги кучли томонларим. Қолаверса, гол ҳам ура оламан! Умуман олганда, мухлисларга салом айтаман ва жамоа учун боримни бериб ўйнашга ваъда бераман.

МУҲАММАДХОН тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz