Қайднома

Қидирув

Зоир Жўрабоев: «Финалда Ўзбекистон термаси - фаворит»

Зоир Жўрабоев: «Финалда Ўзбекистон термаси - фаворит»

  29.03.2022 16:12
  0
  585
Зоир Жўрабоев: «Финалда Ўзбекистон термаси - фаворит»

Бугун Наманганда Ўзбекистон, Уганда, Тожикистон ва Қирғизистон термалари иштирокида ташкиллаштирилган Navruz Cup-2022 турнири якунига етади. 25 март куни бошланган мусобақанинг дастлабки учрашувида Тожикистон миллий жамоа­си чакки таассурот қолдиргани йўқ, аммо пеналътилар сериясида омад Уганда термасига кулиб боқди. Махсус мухбиримиз шу учрашувдан сўнг Тожикистон термаси ва «Сурхон» клуби ҳимоячиси Зоир Жўрабоевни суҳбатга чорлаб, унинг таассуротлари билан қизиқди.

- Зоир, жамоангиз ярим финалда аламли мағлубиятга учради. Ўйин борасида умумий фикрингиз қандай?

- Гарчи мағлубиятга учраган бўлсакда, Уганда термасига нисбатан мазмунлироқ ўйин кўрсатдик, менимча. Фақат вазиятлардан фойдаланолмаслик қимматга тушди. Бош мураббийимиз мусобақада натижа муҳим эмаслиги, асосий эътибор ўйинни шакллантиришга қаратилишини айт­ганди. Асосийси, сифат янги устозимизга маъқул келди, шекилли. Ўз ўрнида айтишим керак, маҳаллий мухлислар бизни чиройли қўллаб-қувватлашди. Бунинг учун уларга жамоа номидан раҳмат!

- Турнир ташкилотчилигида камчиликлар сезилмаяптими?

-  Ҳаммаси жойида, ташкилий ишлар юқори даражада йўлга қўйилган. Гап йўқ.

- Энди Тожикистон ва Қирғизистон термалари 3-ўрин учун баҳс олиб боради. Бўлажак ўйиндан нималар кутяпсиз?

- Ўйлайманки, қирғизлар билан ўйинда янада чиройли футбол кўрсата оламиз. Икки жамоа савияси деярли тенг. Аввалги ўзаро учрашувда қирғизларни енгган эдик. Демак, улар бу гал жиддий кураш тақдим этишади, бунга тайёрмиз.

- Янги мураббий Петар Сегрт қисқа фурсатда Тожикистон термаси ўйинини анча ўзгартиргани яққол сезилди. У бунга қандай эришди?

- Тўғриси, ўйинга қадар бу мураббий билан атиги 2 марта машғулот ўтказдик. Петр бу орада ўз фалфасасини умумий маънода тушунтирди, қандай ўйин кўришни хоҳлашини ҳам. У ярим финалдан сўнг ҳаммасини тез ўзлаштириб олганимизни эътироф этиб, руҳиятимизни кўтарди.

- Угандалик футболчилар потенциалини чамалаб олдингиз. Айтингчи, финалда қайси жамоа фаворит?

- Шубҳасиз, Ўзбекистон термаси. Очиғи, Уганда жамоаси у қадар кучли эмас экан. Қисқаси, бўлажак учрашувда жамоангиз имконияти анча баланд.

- Жорий йил бошида «Истиқлол»дан «Сурхон»га келдингиз. Бу қарорингизни қандай изоҳлайсиз?

- Ўзбекистон чемпионати савия бобида бизникидан кучлироқ. Шунинг учун «Сурхон» таклифини қабул қилдим. Боз устига, клуб ўз олдига катта вазифалар қўймоқда. Албатта, ҳозирги ишлар самара бериши учун бироз вақт керак. «Сурхон»га клуб президентининг ўзи чорлагани ҳам танловимда муҳим роль ўйнади.

- 3 мавсум олдин «Металлург»да тўп сурган футболчи сифатида айтингчи, Суперлигада ижобий ўзгаришлар борми?

- Бор, албатта. Масалан, ҳозирда кўплаб жамоаларнинг кучи деярли тенглашган. Дейлик, биз мавсумни дебютант «Олимпик»ка қарши ўйин билан бошлаб, дуранг қайд этдик. Кейинги турда эса бу жамоа «Пахтакор»га жиддий муаммо туғдирди, биз «Металлург» майдонида яққол устунликка эришдик.

- «Сурхон» бош мураббийи Анхель Лопес аввало, нималарга эътибор қаратмоқда?

- Бош мураббийимизга майдоннинг рақибга тегишли ярмида прессинг қилиш ёқади. Менимча, Лопес талабларини тўлиқ бажаришимиз учун яна бироз вақт керак. Қисқаси, «Сурхон» ўйини ҳали янада кучайишига ишонаман.

Хуршид ЮСУПОВ суҳбатлашди


Манба: Interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz