Қайднома

Қидирув

Тафсилот: Ақл бовар қилмас юриш

Тафсилот: Ақл бовар қилмас юриш

  30.03.2022 17:27
  0
  436
Тафсилот: Ақл бовар қилмас юриш

«Бенфика» ФИФА кунларидан олдин Португалия чемпионати 27-турида «Эшторил»ни қабул қилиб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўйинда ҳисобни хавбек Рафа Сильва очди - шедевр гол. 28 ёшли ярим ҳимоячи тўпни ўз жамоаси дарвозаси олдида олиб, бирданига афсонавий спринтер Усейн Болт режимини ишга туширди ва 3 нафар рақиби таъқиби остида нариги жарима майдонигача югуриб борди. Якунда эса ҳеч қандай муаммосиз дарвозани нишонга олди. Рафа бу юриш чоғи 83 метр масофани 11 сония (!!!)да босиб ўтди ва тўпга ҳам айнан 11 марта тегинди!

Айтиш жоиз, FIFA 22 ихлосмандлари Рафа тезлигини яхши билишади - ўйин иловасида энг юқори кўрсаткич айнан португалияликка тегишли (94). Энг ғалати томони, Рафа шундай ажиб голни нишонламади. Нега? Чунки у «Бенфика»да бахтсиз. Хабарларга қараганда, бу футболчини «Вулверхэмптон» алоҳида кузатмоқда. Ҳар ҳолда, Португалиянинг A Bola  газетаси шу ҳақда ёзмоқда. Дейлик, тезкор вингер ўйиндан кейин ҳам шедевр голига изоҳ беришдан бош тортди. A Bola тахмини - кўпчилик бош мураббий Жорже Жезуснинг ўтган йилнинг охиридаги истеъфосида айнан Сильвани айбламоқда ва у шундан хафа. Ваҳоланки, Рафа ҳозир фаолиятидаги энг яхши мавсумни ўтказмоқда - Португалия Примеросининг 26та ўйинида 8та гол ва 16та самарали узатма. Тўғри, Жезус кетгач, унинг самарадорлиги кескин пасайди. Хусусан, «Эшторил» дарвозасига урилган гўзал гол Рафа учун 2022 йил ҳисобидан биринчиси бўлди.

Рафа Сильва шахсий кўрсаткичларининг пасайиши оқибатида Португалия миллий жамоаси таркибидан ҳам тушиб қолди. Эслатиш керак, Евро-2016 ва Миллатлар лигасида ғалаба нашидасини сурган футболчи айнан 2016 йилдан буён «Бенфика»да тўп сурмоқда. У бу орада 2 марта мамлакат чемпиони бўлди. Бироқ «бургутлар» жорий мавсум миллий чемпионат турнир жадвалида 3-ўринда боришмоқда, боз устига, пеш­қадам «Порту»дан 12 очко ортда қолган ҳолда... Айни пайт «Вулверхэмптон»нинг қизиқиши анча жиддий. Клуб бош мураббийи Бруну Лаже АПЛга йўл олишига қадар «Бенфика»да вингер билан бевосита бирга ишлаган ва уни жуда яхши билади.

Олдинроқ «Бенфика» Рафа Сиьва трансфери учун «Вулвз»дан 42 миллион фунт сўраётгани ҳақида хабарлар чиққанди. Бу сумма яна 2 ойдан ке­йин 29 ёшга тўладиган ва ҳозирга қадар Португалия ташқарисида ўйнамаган футболчи учун жуда кўп, албатта. Тўғри, A Bola маълумотига кўра, «Бенфика» айни ҳолатда Сильвани чамаси 20-30 миллион фунтга сотмоқчи. Лекин футболчи ҳозирча Португалияда ва апрель ойида ЧЛ чорак финалида «Ливерпуль» ҳимоячиларидан қочиб кетишга уриниб кўриши тайин.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz