Қайднома

Қидирув

Вундеркиндлар: 8-Лига (!)дан «А» серияга ва...

Вундеркиндлар: 8-Лига (!)дан «А» серияга ва...

  01.04.2022 11:11
  0
  468
Вундеркиндлар: 8-Лига (!)дан «А» серияга ва...

Гвинеялик 18 ёшли қочқин йигитча дебют ўйинидаёқ «Аталанта»га ғалаба келтирди. Диққат қилинг, у бир ойча олдин ҳам 8-лига (!)да ўйнаётган эди. Энди бирданига «Аталанта»дек кучли клуб сафида кўриниш берди ва бергамоликларда ЧЛ зонасига кириш умидини қолдирди.

«Аталанта» жорий мавсум барқарорликни назорат қилолмаяпти. Жумладан, «А» серия 30-туридан ўрин олган «Болонья»га қарши баҳс Жан Пьеро Гасперини жамоаси учун анча оғир кечди. Меҳмонлар ягона ғалаба голини 82-дақиқага келибгина нишонлашди. Унга Луис Муриэль, Руслан Малиновский ёки Марио Пашалич эмас, таркибга февраль ойида қўшилган гвинеялик 18 ёшли Мустафо Сиссе муаллифлик қилди. «Нотаниш» йигитча таъқибчисидан енгилгина қочди ва бўш ҳудудга кириб бориб, Пашалич узатмасидан сўнг тўпни хотиржам ҳолда дарвоза бурчагига йўллади. «Аталанта» шу тариқа ўта муҳим 3 очкони расмийлаштирди.

Бергамо клуби ҳимоячиси Мерих Демирал ўйиндан сўнг ёш футболчини алоҳида мақтади: «Бугун ғалаба қозонишимиз жуда муҳим эди, «Аталанта» ва айниқса, Мустафо учун хурсандман. У қисқа вақт ичида машғулотларда фаол ишлади, жамоага муаммосиз қўшилди. Йигитча голга лойиқ эди ва ўйлайманки, у кейинги ўйинларда янада яхшироқ ўйнайди». Ғалаба «Аталанта» учун ЧЛ йўлланмаси учун курашни давом эттириш нуқтаи назаридан ўта муҳимдир: бергамоликлар айни пайт 4-ўринда бораётган «Ювентус»дан 8 очко орқадалар. Финишгача эса яна 8 тур бор. Ҳа, ўртадаги фарқ бироз катта, финиш эса яқин. Муҳими, Мустафо Сиссе умид эрта кунда сўнишига йўл қўймади.

Энди энг катта фактга эътибор қаратинг: Сиссе «Аталанта»га йўл олишига қадар Италия чемпионати 8-дивизионида ўйнади. Яна бир томони, у мамлакатга қочоқ сифатида келган. Умуман, «Аталанта»нинг янги «топилма»си тақдири анча мураккаб. Дейлик, Мустафо қочқин мақомида Италиядан қўним топишидан олдин отасини йўқотган. Айтишларича, у Гвинеяда дараксиз ғойиб бўлган. Хуллас, Мустафо 2019 йили Лечче шаҳрида қочоқлардан ташкил топган ҳаваскорлар жамоасида ўйнай бошлади, шу аснода «Аталанта» скаутлари назарига тушди. Жорий йил февраль ойида Бергамога йўл олган гвениялик йигитча аввалига Примавера (Италия ёшлар чемпионати)да дебют қилди ва дастлабки 3та ўйинда 3та гол урди: «Милан» ва «Наполи» (2та) ёшлар жамоалари дарвозасига. Март ойи ўрталарига келиб, Жан Пьеро Гасперини ёш иқтидорни «Аталанта» захирасига олди («Женоа»га қарши ўйинда). Мана, орадан кўп ўтмай, 25 дақиқалик ўйин вақтига эга бўлган футболчи бир уринишда ғалаба голини ўз номига ёздириб қўйди. Қойил!

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz