Қайднома

Қидирув

Яшавор, Язижи!

Яшавор, Язижи!

  02.04.2022 14:14
  0
  455
Яшавор, Язижи!

Россия чемпионати тарихида бирор легионер бошидан Юсуф Язижидек самара кўрсатган эмасди. Қишда Москванинг ЦСКА клуби сафига қўшилган турк ярим ҳимоячиси дастлабки 4та ўйинда 6та гол урди! Қойилмақом старт! «Ҳарбийлар» 20 март куни «Рубин»ни қабул қилиб, 6:1 ҳисобида ғалаба қозонишди - голлар шоусини айнан Юсуф Язижи очиб берди ва ёпди. Орада яна бир гол ва «хет-трик» нақд!

Язижи аввалига тўпни боши билан дарвозага йўллади, иккинчи бўлимда яқин масофадан мўлжални аниқ олди, якунда пенальтидан фойдаланди. ЦСКА Юсуфни январь ойи ўрталарида «Лилл»­дан ижара келишуви асосида олди. Қарангки, у бир нафасда рус футболини забт этишга киришди. Ҳар ҳолда, чемпионатдаги 4та ўйин­да 6та гол уришдан таш­қари, кубок турнирида ҳам 2 марта ўзини кўрсатишга улгурди. Умуман олганда, Россия элит лигаси тарихида бирор легионер дастлабки 4та ўйинида кетма-кет гол урган эмасди. Демакки, туркиялик ярим ҳимоячи қисқа вақтда рекордчига айланди-қўйди. Боз устига, ЦСКА тарихида бирор футболчи бундай ёрқин дебют қайд этмаганди.

Хорижликлар орасида Рос-сия чемпионатидаги юриш-ни голлар серияси билан бош-лаш бўйича рекорд натижа сенегаллик Аблай Мбенгга тегишли эди. У Грознийнинг «Ахмат» клуби сафида даст­лабки 3та ўйинда гол қувончини туйганди. Энг қизиғи, Мбенг жамоа сафига қўшилгач, аввалига нақ 8та ўйинда захирада ўтирган ва шундан сўнг қаторасига 3 турда голлар сериясини қайд этганди. У бу орада жумладан, «Спар-так»ка қарши баҳс(4:2)да «дубл»га эришган ва бунинг учун Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировдан катта совға олган - Toyota Corolla автомобили. Назарий жиҳатдан қарасак, «Локомотив»нинг янги вакили Вильзон Изидорда ҳам ҳали Язижи натижасини такрорлаш имконияти бор. Ҳар ҳолда, франциялик футболчи «темирйўлчилар» либосидаги кетма-кет 3та ўйинда гол урди. Демак, ҳозир РПЛда икки нафар фаол дебютант-легионер бор.

Қизиқ, РПЛда афсона даражасига кўтарилган футболчилар юришни қандай бошлашган? Мана, баъзи номдор легио­нерларнинг дастлабки 4та ўйиндаги натижалари: Кевин Кураньи - 3та гол, Вагнер Лав ва Сейду Думбия - 2тадан гол, Халк, Сардор Азмун, Данни ва Веллитон - 1та гол. Квинси Промес дастлабки 4та учрашувда гол уришни эпламаган бўлса, бразилиялик Жо дебютни «қуруқ» ўтказиб, иккинчи ўйинда «Шинник» дарвозасига 4та гол «қамаган». Шунинг ҳисобига унда дастлабки 4та баҳсда 6та гол йиғилган.

Маълумот учун, Язижининг ижара келишуви муддати мавсум охиригача мўлжалланган, аммо ЦСКА бош директори Роман Бабаев аллақачон унинг трансферини тўлиқ сотиб олишга ҳаракат бошланганини маълум қилди. Зеро, «армиячилар» энди равон йўлга тушиб олишди - РПЛда кетма-кет 6та ғалаба, умумий голлар нисбати - 14:2. Турк футболчисининг агенти Адем Чебежининг айтишича, Язижи ҳам ғоят мамнун: «Агар Юсуф Европанинг катта клубига ўтишни истаса, буни айнан ЦСКА орқали амалга оширади. Чунки Москва клуби одамларга ҳақиқий Язижини кўриш имкониятини берди. Дейлик, Березуцкий мижозимга қаттиқ ишонади. Асосийси, Юсуф ЦСКАни яхши кўриб қолди, у бу ерда бахтиёр. Бош мураббий футболчига тўлиқ ишонч билдирмоқда, у бунга ўз ўйини билан жавоб бермоқда - ажойиб. Футболда ЦСКАдагидек ижобий муҳитни ҳар доим ҳам топиш қийин...».

РПЛ: голли серия бўйича энг яхши старт олган легионерлар

 №        Футболчи                   Мамлакати      Натижа

1.   Юсуф Язижи          Туркия             4 та ўйин (6та гол)
2.   Аблай Мбенг         Сенегал                       3та ўйин (4та гол)
3.   Вильзон Изидор    Франция                      3та ўйин (3та гол)

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz