Қайднома

Қидирув

Шоҳруҳ Абдураҳмонов: «Легионер бўлиш истаги устунлик қилди»

Шоҳруҳ Абдураҳмонов: «Легионер бўлиш истаги устунлик қилди»

  03.04.2022 14:24
  0
  488
Шоҳруҳ Абдураҳмонов: «Легионер бўлиш истаги устунлик қилди»

Ўтган мавсумни Самарқанднинг «Динамо» жамоасида ўтказган ярим ҳимоячи Шоҳруҳ Абдураҳмонов эндиликда фаолиятини Белоруссияда давом эттиради. У «Энергетик-БГУ» жамоаси билан шартнома имзолади. Махсус мухбиримиз самарқандликларнинг Суперлигага чиқишига катта ҳисса қўшган ва клубнинг энг яхши футболчиси номига сазовор бўлган футболчи билан боғланиб, суҳбатлашди.

- Шоҳруҳ, янги жамоангиз сафида илк учрашувда майдонга тушдингиз. Деб­ютингиз чакки эмас. Ўйиндан олинган таассуротлар қандай?

- Янги жамоам билан мавсумга жуда яхши тайёргарлик кўрдик. Тўғри, чемпионлик ёки совринли ўринлар учун курашамиз, дея олмайман. Бу клубнинг ўз режалари бор. Дастлабки ўйин ҳар доим қийин бўлади. Хайриятки, мазкур баҳсга яхши тайёрлана олдик ва мураббий кўрсатмаларига амал қилган ҳолда муваффақият қозондик.

- «Энергетик-БГУ» ўзбекистонлик футболчиларга доимо қизиқиш билдирган. Бу жамоага ўтишингиз қай тариқа амалга ошди?

- Барчасини агентлар бажаришди. Умуман, олдимда бир нечта жамоалардан аниқ таклифлар бўлганди, Ўзбекистоннинг бир нечта клублари ўз сафларига чорлашди. Шу орада вакилларим «Энергетик-БГУ» ҳам жиддий қизиқиш билдираётганини маълум қилишди. Кейинчалик оилам аъзоларим ва футбол ичидаги танишларим билан маслаҳатлашдим. Ҳаммалари шу жамоага ўтишим маъқул бўлишини таъкидлашди.

- Жамоага мослашишда қийинчилик бўлмадими?

- Айтарли муаммо юзага келгани йўқ. Адаптация жараёнида клубдошларимнинг ёрдами ҳам асқотди. Дастлабки кундан бошлаб барча билан машғулотларда тил топишиб кетдик ва биргаликда ўйнай бошладик. Мени ажаблантиргани шуки, «Энергетик-БГУ»даги футболчиларнинг ҳаммаси жуда меҳнаткаш ва ўз устида тинимсиз меҳнат қиладиган йигитлар экан. Шароит қанақа бўлишидан қатъий назар, машқлар давомида ўзларини намоён этишга катта аҳамият қаратишаркан.

- «Динамо» сизни таркибда сақлаб қолишга ҳаракат қилмадими?

- Кетишимни хоҳлашмади. Биласиз, бу жамоа мен учун қадрли ҳисобланади. Янги шартнома ҳам таклиф қилишди. Юқорида айтганимдек, фаолиятимни хорижда давом эттириш истаги сабабли ҳам раҳбариятга қароримни айтдим. Уларга миннатдорчилик билдираман. Чунки хоҳишимга қарши боришмади, менга омад тилашди.

- «Динамо»нинг Суперлигага чиқишига катта ҳисса қўшдингиз. Шундай экан, бир мавсум Суперлигада қолсангиз бўлмасдими?

- Легионер сифатида ўйнаш истаги кучлилик қилди. Шу орзуим бор эди. Суперлиганинг бошқа жамоаларидан ҳам таклиф бўлди, бироқ «Энергетик-БГУ»нинг чорлови мени кўпроқ қизиқтирди. Европада ўйнаш истаги бор. Биринчи қадамни ташламасам бўлмасди.

- Нима деб ўйлайсиз, самарқандликлар Суперлигада қолиш вазифасини уддалай олишадими?

- Ўйлашимча, ҳа. Тўғри, чемпионат баҳслари анча муросасиз кечмоқда, иштирокчилар ўз таркибларини сезиларли даражада кучайтиришган. Ҳар бир ўрин учун жиддий баҳс кечиши ўз-ўзидан маълум. Ишонаманки, «Динамо» элитада ўз мақсади йўлида дадил интилиб, муносиб қатнашади.

- Кейинги режаларингиз билан ўртоқлашсангиз.

- Ўз олдимга қўйган мақсадларим кўп. Худога шукр, ниятларимга секин-аста эриш­япман. Легионер сифатида ўйнашни орзу қилаётгандим, бунга ҳам етишдим. Кейинги режаларим - Беларусь чемпионатида ҳам яхши тўп суриш орқали тажриба оширган ҳолда, келгусида янада кучлироқ жамоалар сафига йўл олиш.

ИЗЗАТБЕК суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz