Қайднома

Қидирув

Панадаги потенциал ёки футболда мутлақ ҳақиқат бўлмаслиги барчага аён-ми?

Панадаги потенциал ёки футболда мутлақ ҳақиқат бўлмаслиги барчага аён-ми?

  08.04.2022 06:36
  0
  376
Панадаги потенциал ёки футболда мутлақ ҳақиқат бўлмаслиги барчага аён-ми?

«Бетис» клуби «Осасуна»ни йирик ҳисобда енгган учрашувнинг сўнгги дақиқасида бош қаҳрамон Хуанми захирага олинди. Жамоа мураббийи атайлаб шундай йўл тутди, футболчи ҳам бундан мамнун бўлди. Чунончи, мухлислар уни чинакамига олқишлашди, улуғлашди. Aна, аншлаг! Aна, завқ! Aна, бирдамлик ва қўллаб-қувватлаш! Мамлакатимиз футбол муҳитида алоҳида мухлиси топилиши амри-маҳол саналган икки жамоа ўртасидаги учрашув шукуҳидан кайфиятимиз кўтарилди. Ҳалол ўйин, муросасиз рақобат, майдондаги адолат - барчаси ажойиб, ҳавас қиладиган даражада!
«Пaхтакор» - «Навбаҳор» учрашувидан кейинги ҳолат эса, аксинча, кайфиятимизни бузганди. Ҳақоратлар, ноўрин ҳайқириқлар, адолатсизликдан нолишлар - буларнинг ҳаммаси ўзбек футболининг бугунги манзараси. «Сельта» дарвозасига 3 марта пенальти белгиланганидан Яго Aспас жиддий изтиробда. У Испанияда, Ўткир Юсупов эса Наманганда. «Навбаҳор» дарвозабонининг кўнгли хижил юз берган воқеликдан. Aспасдаги изтироб, Ўткир Юсуповдаги хижилликни тушунса бўлади. Умуман олганда, ҳар икки футболчидаги руҳий ҳолат сабаби адолатсизлик билан боғлиқ. Ҳар ҳолда, воқеликларга нисбатан хулосамиз шундай. Лекин вазият бошқача тус олиши ҳам мумкин эди. Яъни Aспас мағлубиятни мардонавор тан олиб, жим турса бўларди. Ўткир Юсупов ҳам ғашига теккан мухлис билан «шуғулланиш»ни ўзига эп кўриши шарт эмасди.

Футболда мутлақ ҳақиқат бўлмаслиги барчага аён. Мухлис ҳар қандай вазиятда ҳақ эканлиги эса - икки карра икки тўртдек гап. Хўш, унда Аспас нега мағлубият аламига чидолмай, бош ҳакамни айблади, Ўткир Юсупов ўзини тутиб туролмади? Лидерлар ўзларини панага олган жойда, албатта, шундай хунук воқеалар юз беради. Ўткир Юсупов ЎФA ва ПФЛ мутасаддиларига ишонса, аниқроғи, ишонганида, ўша мухлисга ташланмасди. Яна бир томони шуки, агар Ўткир мухлиснинг ноўрин қилиғига нисбатан муносабат билдирмаганида, мутасаддилар бу вазиятга эътибор қаратишмасди, ёпиғлик қозон ёпиғлигича қолаверарди. Бирор учрашувдаги адолатсизликка нисбатан мураббий ёки футболчиларнинг муносабати ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинмагунича мутасаддиларнинг юз берган ноҳақликдан кўз юмишлари одат тусига кириб бормоқда. Вазият шундайки, жабрланган томон «Кўряпсизми, мен жабрланяпман?!»- дейишга мажбур. Ҳолбуки, жабрланиш жараёнига кўпчилик гувоҳ бўлади, жумладан, футболимиз мутасаддилари ҳам. Савол туғилади, ноҳақликка нисбатан ҳар доим дод-вой кўтариш, ижтимоий тармоқларни «портлатиш» шартми? Ҳар ким ўз иши билан виждонан шуғулланса бўлади-ку?!

Ҳамкасбларимиз билан шу мавзуда суҳбатлашар эканмиз, улардан бири «Қўйинг-е, бундай романтик бўлманг! қайси виждонни айтяпсиз?» - деди астойдил хуноби ошиб. Биз ҳам унинг реакциясига нисбатан «Наригисини!» дедик пинак бузмай. Бундай мулоқот ва мулоҳазалардан маълум бўладики, футболимизда ривожланиш учун муносиб потенциал мавжуд. Фақат ундан етарли даражада  фойдаланилмаяпти. Футболимиз мутасаддилари жамоатчилик потенциали даражасини ўлчашга интилмайдилар. Ҳудудлардаги бўлимлар том маънодаги мутахассислар, футбол тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш салоҳиятига эга зукко мухлислар билан кўламдор ишлар олиб бормайди. Қанча-қанча тажрибали мутахассислар, зукко мухлислар бир четда ўзаро баҳслашиб, бир-бирларига мулоҳаза билдириб юраверишади. Уларни эшитадиган мутасадди йўқ. Натижада икки ўртада футболимиз сарсон-саргардон, шикаста...

Ҳа, аслида истеъдодлар ва уларнинг салоҳиятини юзага чиқариш имкониятлари бўла туриб, футболимиз ривожланишдан ортда қолмоқда. Миллий терма жамоамиз потенциали жаҳон чемпионатига бориш лаё­қатига етарли бўлса-да, ҳамиша йўлланмадан маҳрум. ЖЧ-2022 финал босқичида иштирок этувчи терма жамоалар рўйхатини кўздан кечирар эканмиз, беихтиёр Канада ёки Тунис футболидан кам эмаслигимизни ўйлаймиз. Йўқ, Канада ёки Тунис футболи савияси пастлигини баралла айтмоқчи эмасмиз асло! Шунчаки, мамлакатимиз футболи потенциали мундиалда қатнашишга муносиблигини таъкидламоқчимиз, холос. Биламиз, Канада ёки Тунис футболи ўзидаги мавжуд потенциалдан ортиқ даражада фойдаланди, бу йўлда изланди, имкон топди. Бизда эса ҳақиқий потенциал ҳозиргача панада. Потенциал салгина ўзини кўрсата бошласа, дарҳол кимлардадир ният ва режа ўзгаради. Миржалол Қосимов ва Самвел Бабаян миллий терма жамоа­мизни максимал даражада мундиалга яқинлаштиришди. Бу борада ҳар икки мураббий фаолиятининг даст­лабки босқичида мақтовга сазовор ишлар кўзга ташланганди. «Aна, энди ҳаммаси яхши бўлади!» - деб турилганда, бирдан миллий жамоамиз таркиби кескин ўзгаришларга учради, асл потенциал четда қолиб, ўртамиёналар ёки функционал жиҳатдан муҳим ўйинларга тайёр бўлмаган футболчилар асосий таркибга жалб қилинди. Ўша қулай имкониятларни ҳали-ҳануз афсус билан эслаймиз. Футболимиз жамоатчилиги ўшанда таркибни шакл­лантириш билан боғлиқ хатоларга нисбатан ўз вақтида норозилик билдирди. Aммо футболимиз штаби ўз билганидан қолмади. Жамоатчиликнинг тараққиётга кўмак берувчи потенциалидан фойдаланилмади.

«Пахтакор» - «Навбаҳор» учрашувидан кейинги матбуот анжуманида Самвел Бабаян жамоаси мағлубиятини мавжуд потенциалдан фойдаланолмаслик билан изоҳлади. Самвел Вячеславович миллий ва олимпия терма жамоалари, «Пахтакор» ва «Локомотив» клубларини бошқарганида ҳам, унга айнан потенциалдан унумли фойдаланмаслик панд берганди. Қарангки, Бабаян ўша эски «касаллик»дан ҳамон фориғ бўлмабди. Бу кетишда буткул қутулолмайди, шекилли! Эссиз, «лочинлар»даги шунча потенциал. Бугунги «Пахтакор»ни енгиш учун «Навбаҳор»дан юқори даражада сайқалланган техник-тактик тобланиш талаб қилинмасди. Футболчилар шунчаки, ҳозирги даражаларида тўп суришса, кифоя қиларди. Бироқ бундай бўлмади. Драган Черан «Навбаҳор» дарвозасига жуда осонлик билан, ўйнаб-кулиб гол урди. Қойил, Славче Войнески! У мураккаб вазиятда жамоасини ғалаба сари чорлади. Славче Войнески шаклланган жамоани тайёр ҳолатда қабул қилгани, Самвел Бабаян эса ҳаммасини нолдан бошлагани ҳақидаги гап-сўзлар мухлисларни ҳақиқий ҳолатдан чалғитади, муаммоларни хас-пўшлашдан нарига ўтмайди. Ҳақиқат шуки, мураббийнинг потенциали жамоа потенциалини очишга қодир эмас! Aлбатта, бу - шахсий фикримиз. Футболимиз жамоатчилиги Суперлига жамоаларини бошқараётган аксарият мураббийлар фаолияти билан анчадан буён яхши таниш. Улардаги потенциал аллақачон барчага маълум. Кимдир тактик жиҳатдан моҳир, лекин жамоа асосий таркибини шакллантиришда шахсий «мен»дан устун чиқолмайди. Бошқа биров асосий таркибни танлашда адолатли, аммо тактик томондан анчайин нўноқ. Хуллас, футболимиз ривожланиши учун гоҳ у, гоҳ бу жиҳат етишмайди ҳамиша. Мавжуд потенциални ягона байроқ остида бирлаштириш, олтин мувозанатни топиш ҳамон футболимиз мутасаддиларига насиб этмаяпти. Мухлислар орзуси рўёбини таъминловчи мазкур жонбахш жараён футболимизда қачон бўй ростлайди? Таассуфки, бу саволга аниқ жавобнинг ўзи йўқ! Жавобга қодир потенциал эса панада...

Муҳаммад ВАЛИ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz