Қайднома

Қидирув

«Авлиёлар айёрлиги охиригача "иш" берармикин?

«Авлиёлар айёрлиги охиригача "иш" берармикин?

  10.04.2022 06:36
  0
  378
«Авлиёлар айёрлиги охиригача

Диққат, агар сиз шу пайтгача АПЛнинг ўртамиёна иштирокчиларидан бири - «Саутгемптон»га етарли даражада эътибор қаратмаган бўлсангиз, бу одатингиздан воз кечишингизни тавсия этамиз. Ишонаверинг, «авлиё­лар» ўйинини қанчалик тўлиқ кузатсангиз, миллионлар ўйинида кўпчилик назаридан четда қоладиган, лекин натижага сезиларли таъсир кўрсатадиган маккорона бир нозик жиҳатни билиб оласиз. Узун захираси билан мақтанолмайдиган, боз устига, сўнгги 3 мавсумдаги энг яхши тўпурари (Дэнни Ингз «Астон Вилла»га трансфер қилинди)дан маблағни устун қўйган камтарин жамоа гўёки ҳеч нарса бўлмагандек, хотиржам тўп сурган ҳолда, гоҳида номдор рақиблардан қимматли очколарни тортиб олишда давом этмоқда. Бунда жумладан, кичик айёрлик улуши ҳам йўқ эмас. The Athletic нашри журналисти «Саутгемптон»нинг шу ажиб муғомбирона усулига эътибор қаратди. Эълон қилинган таҳлилий мақолада баён этилишича, жамоа футболчилари АПЛ жорий мавсумидан ўрин олган дастлабки 24та учрашувнинг 14тасининг иккинчи бўлими ўрталаридан эътиборан майдонда мунтазам шифокорлардан ёрдам олишган.

 

«Тайм-аут» - айёрона усул

Мақола муаллифи далил сифатида «Саутгемптон»нинг «Ньюкасл» (август ойида) ва «Манчестер Сити» (сентябрь ва январь ойларида)га қарши кечган 3та ўйини лавҳаларини илова қилган. Суратлардан маълум бўлишича, «авлиёлар» ўзига хос «тайм-аут» вақти бироз тин олишдан ташқари, қувватбахш ичимликдан ҳўплашади. Бу чарчоқдан озгина фориғ бўлиш учунгина ўйлаб топилганми? Йўқ, албатта. Футболчилар сунъий танаффус чоғи мураббийдан ўйиннинг қолган қисмида қандай ҳаракатланиш хусусида тегишли кўрсатмалар ҳам олишади. Энг диққатни тортадиган томони шуки, «Саутгемптон» футболчилари «тайм-аут»ни ҳар доим бир хил вақт - ўйиннинг 60-70-дақиқалари оралиғида юзага келтиришади. Оддий айтганда, қайсидир футболчи шу вақтда тиббий ёрдамга «эҳтиёж сезади». Ҳар сафар айнан 60-70-дақиқалар орасида бирор футболчига шифокорлар кўмаги керак бўлишини тасодифий ҳолат сифатида баҳолаш қийин. Шундай экан, «тайм-аут» - «авлиёлар» ўйлаб топган маккорона «қурол».

 

ҚисҚа танаффус жамоага

нима беради?

Ральф Хазенхюттль жамоаси ўта фаол ҳаракатга таянади: «авлиёлар» прессинг шиддати бўйича АПЛда кучли олтиликдалар. Чемпионатда майдоннинг рақибга тегишли ярмида тўпни олиб қўйиб, ҳужумга ўтиш асносида дарвозага зарба бериш бобида эса иккинчи яхши натижа айнан «Саутгемптон»га тегишли! Хазенхюттлга ротациядан манфаат йўқ, чунки жамоа захирасида муносиб ижрочилар саноқли. Бундай вазиятда тин олиш учун «тайм-аут» айни муддао. Ахир футболчилар тинимсиз ҳаракатга яраша оз-оз нафас ростлаб олишлари керак. «Саутгемптон» усули қандай ишлашига битта ёрқин мисол: жамоа вакили Натан Телла «Челси»га қарши кечган ўйиннинг 66-дақиқасигача тойчоқдек чопди, унда қандайдир муаммо сезилмади. Ана шу паллада, «кўклар»нинг навбатдаги ҳужумларидан кейин футболчи беихтиёр майдонга ўтириб олди. Натижада шифокорлар унга «тиббий ёрдам» кўрсатишга ошиқишди, қолган футболчилар бу вақтда мураббий кўрсатмаларини диққат билан тинглаган ҳолда, озгина тамадди қилиб олишга ҳам улгурдилар.

 

«Авлиёлар» ўйин пайти  нима ейишади?

2020 йилга қадар «Вулверхэмптон»да тиббий бўлимни бошқарган физиотерапевт Фил Хейворд бу саволга  бамайлихотир жавоб беради: «Футболчилар таъсири глюкозага яқин углевод - мальтодекстрин истеъмол қиладилар. Мушаклардаги гликоген миқдори кама­йиб кетган паллада гель таркибидаги углеводлар унинг ўрнини тўлдиради. Гликоген қисқа фурсатда глюкозага айланиб, қувват бағишлайди. Нима учун ичимлик эмас, гель? Гап шундаки, гель берадиган миқдордаги мальтодекстринни қабул қилиш учун жуда кўп ичимлик ичиш талаб этилади. Енгил тамадди таъсири 10 дақиқадан кейин билинади. Одатда футболчилар танаффус пайти озиқланадилар. Бироқ айрим ўйинчилар учрашувнинг сўнгги дақиқаларида қўшимча қувватга эҳтиёж сезишади. Бу айниқса, «Саутгемптон» каби тезкор, ҳаракатчан услубга таянадиган жамоа­лар учун - нормал жараён».

Маккорона «тайм-аут»да ҳаттоки, «жабрланувчи» танловида ҳам ўзига хос мантиқ бор: Тино Ливраменто (бу футболчи «Нор­вич»га қарши беллашувда чинакамига рақиби билан тўқнашиб кетганди)ни ҳисобга олмаганда, ёрдамга асосан ҳужумчилар эҳтиёж сезадилар. Бу борада Адам Армстронг - рекордчи. У 60-70-дақиқалар оралиғида нақ 4 марта шифокорлардан ёрдам олган. «Бу ҳақиқий жамоавий ҳамкорлик. /ояни спорт соҳасида фаолият юритаётган олимлар тавсия этишгани ва унинг вақтини тўғри белгилаб беришганига асло шубҳа йўқ. Хазенхюттль эса барчасини амалиётга татбиқ этди. Самарасини тўлиқ намойиш этадиган ажойиб ҳамкорлик», - дея хулоса чиқаради физиотерапевт Хейворд.

 

«Тайм-аутлар» ёрдам беряптими?

Бевосита натижаларга қарасак, айёрликнинг самараси кўринмайди. Аксинча, «Саутгемптон» 24-турга қадар ўйинларнинг 60-дақиқасидан кейин 9та гол уриб, ўз дарвозасидан 14 марта тўп олиб чиқди. «Эвертон», «Норвич», «Вулверхэмптон» билан учрашувларда дурангни, «Манчестер Сити», «Кристал Пэлас» ва «Вулверхэмптон»га қарши баҳсларда эса ғалабани қўлдан чиқарди. Дастлабки 24та ўйинда «тайм-аутлар»дан кейин қайд этилган ижобий натижа 4та: «Тоттенхэм» ва «Вест Хэм» устидан ғалаба, «Ньюкасл» билан дуранг, «Брентфорд» дарвозасига урилган гол. Лекин бошқа жиҳатларни ҳам инобатга олиш керак:

***  «Саутгемптон»да ўйинни кучайтирадиган захира ўйинчилари йўқ;

***  Шиддаткор ўйин услуби ва захира ўриндиғининг «тор»лиги жароҳатлар кўпайиб кетишига олиб келиши мумкин.

***  «Саутгемптон» ўз имкониятига нисбатан баландроқ маррага интилмоқда: жамоа бюджет миқдори бўйича АПЛда атиги 14-ўринда.

Бундай мураккаб шароитда бор имкониятни ишга солишдан ташқари, нималарнидир ўйлаб топиш, кашф этиш ҳам лозим. Фил Хейворднинг фикрича,  «авлиёлар» ўйлаб топган айёрлик муваффақиятли ихтиродир: «Улар қоидага хилоф иш қилишмаяпти, фақат қандайдир манфаат кўришга интилишмоқда. Бошқа жамоалар мураббийларига маслаҳат шуки, ҳакамларга арз қилишни тўхтатиб, «Саутгемптон» ғоясини мукаммал ўрганиб, амалда синаб кўришсин...».
***

Кеча оқшомда Англия Премьер-лигаси 31-тури доирасидаги бир қатор учрашувлар якунига етди. Хусусан, шу «Саутгемптон» ўз майдонида «Челси»га  йирик 6:0 ҳисобида мағлуб бўлди...

 

Шу тариқа, «Челси» очколари сонини 62тага етказиб 3-ўринга мустаҳкам ўрнашга бўлса, «Саутгемптон» 36 очко билан 13-ўринда қолди.
 АПЛ. 31-тур

 

Саутгемптон – Челси 0:6
Голлар: 0:1 – 8 Алонсо, 0:2 – 16 Маунт, 0:3 – 21 Вернер, 0:4 – 31 Хавертц, 0:5 – 49 Вернер, 0:6 – 54 Маунт.
Саутгемптон – Форстер, Ливраменто (Смоллбоун, 73), Беднарек, Салису, Уокер-Питерс, Армстронг, Эльюнусси, Ромеу (Валери, 36), Уорд-Проуз, Армстронг (Диалло, 46), Адамс.
Челси – Менди, Тиаго Силва (Жеймс, 63), Рюдигер, Кристенсен, Алонсо, Лофтус-Чик, Ковачич, Канте, Маунт (Зиеш, 69), Ҳавертц (Пулишич, 46), Вернер.

 

Содиқ РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz