Қайднома

Қидирув

Микрофонли ҳакамлар ёхуд Венгернинг янги Ғояларига назар

Микрофонли ҳакамлар ёхуд Венгернинг янги Ғояларига назар

  10.04.2022 09:29
  0
  431
Микрофонли ҳакамлар  ёхуд Венгернинг янги Ғояларига назар

Футбол жамоатчилигига «Арсенал»даги узоқ йиллик самарали фаолияти билан танилган афсонавий Арсен Венгер қарийб 3 йилдан бери ФИФАнинг футболни глобал ривожлантириш бўлимини бошқариб келмоқда. Шунингдек, франциялик мутахассис ўйин қоидаларини ўзгартириш масалалари билан шуғулланадиган IFAB комиссиясида ҳам фаоллиги билан ажралиб туради. Яъни, унинг эътибори шунчаки, нафақага чиқиш тайёргарлигига қаратилмаган, балки футболни янада ривожлантиришга оид ғояларини ҳам ўртага ташламоқда.

Аввалроқ собиқ мураббий жаҳон чемпионатларини ҳар икки йилда ўтказиш, тўпни ён чизиқдан ўйинга киритиш усулини қўл билан эмас, оёқ билан бажаришни таклиф этганди. Энди жаноб Венгер ҳакамлар бўйнига микрофон илиб қўйишни мўлжалламоқда: «Учрашув ҳакамларига нисбатан ҳурматсизликдан фориғ бўлишнинг энг яхши усули - футболчилар уларга нима деганларини эшитиш».

Венгер бу ғоясини beIN Sports вакилларига берган интервьюсида ошкор этганди. «Эҳтимол, бунинг учун қандайдир оралиқ босқичдан ўтишга тўғри келар, аммо жамоатчилик мусаффоликка чанқоқ эканлигини инкор этишнинг иложи йўқ. Бу ҳақли талабдан узоқ вақт қочиб юришнинг иложи йўқ, деб ўйлайман. Айрим ҳакамлар билан суҳбатлашиб, уларнинг бироз хавотирда эканликларига амин бўлдим. Гап воқеаларни изоҳлаш хусусида кетмоқда: якуний қарорни ким қабул қилган, қайсидир омилнинг таъсири унинг учун ўта кучли бўлмадими? Яъни, ошкора мулоқот чоғида қўшимча гап-сўзлар юзага келиши мумкин. Бироқ менинг фикримча, ҳозир ҳакамлар ўз қарорларини изоҳлашга тайёрлар, кейинги қадам эса уларнинг фаолиятига қўшимча мусаффолик бахш этади. Мен бу ғояга қарши эмасман, ҳатто майдонда нималар дейишганини мухлислар эшитишларига ҳам. Балки, бу реферига нисбатан ҳурматсизликдан фориғ бўлишнинг энг яхши усулидир», - деди франциялик мутахассис.

Ҳар икки йилда ЖЧ - Венгернинг асосий ғояларидан бири

Мазкур таклифни франциялик мутахассис ўтган йилнинг сентябрь ойида олға сурганди. Шунингдек, у ғоянинг амалга ошиши учун айрим тезисларни ҳам илова қилганди:

*** саралаш учрашувлари ва терма жамоалар ўйинлари учун белгиланган танаффуслар сони камайтирилиши лозим. Саралаш баҳслари сони 10тадан 7тага туширилади, танаффуслар 1 ёки 2та бўлади. Яъни, саралаш турнири учун аввалгидек 50 эмас, кўпи билан 28 кун сарфланади.

*** Клублар мураббийларининг норозиликларини олдиндан ҳис этган франциялик собиқ мураббий турнирлардан кейин футболчиларга дам олиш имконияти яратилишига ваъда берди.

ФИФА Венгернинг таклифларини кўриб чиқмоқда. Лекин ҳозирча бирор-бир тўхтамга келгани йўқ.

Қуйидаги ғоялар ҳам Арсен Венгерга тегишли:

*** Ўйиндан ташқари ҳолат қоидасини енгиллатиш;

*** Аутларни оёқ билан амалга ошириш;

*** Иш ҳақи максимал миқдорини белгилаш.

Футболнинг мафтункорлигини янада оширишни мўлжаллаган «тўпчилар»нинг собиқ устози 2020 йилнинг октябрида юқорида зикр этилган ва бошқа бир қатор ўзгаришларга изоҳ бериб ўтганди:

***  Ўйиндан ташқари ҳолатга оид: «Ҳозирда ҳужумчи гавдасининг гол уриши мумкин бўлган қайсидир аъзоси ҳимоячига нисбатан дарвозага яқинроқ турган бўлса, офсайд ҳолати белгиланади. Мен эса ҳужумчининг қайсидир аъзоси ҳимоячиники билан бир чизиқда бўлгани ҳолда, бошқа аъзолари дарвозага яқинроқ бўлганида офсайдда, деб ҳисобламасликларини истардим. Бу ҳужумчига сезиларли устунлик берган бўларди»;

***  «Жарима зарбасини фақат бир футболчи амалга оширишини, дарвозага зарба бермаган ва тўпни жамоадошига узатмаган ҳолда, тўпга бир неча тегиниш ҳисобига ўзи учун қулай вазият яратиши ва дарвозани нишонга олишини истардим»;

*** «Тўп ҳавода майдонни тарк этиб, яна қайтганида, ўйинни тўхатмасликни таклиф этдим. Бу каби ҳолатларда белгиланадиган бурчак тўпларини бошқачароқ тарзда ҳал қилиш мумкин. Ҳар ҳолда, шу тариқа голли вазиятларни ошириш имкони туғилади»;

*** Венгер шунингдек, аутлар мавзусига қўшимча киритди - бу ҳаракат ҳимоячиларга кўмак беришини таъкидлади. «Тўпни ён чизиқдан ўйинга киритиш қоидасига ўзгариш киритиш тарафдориман. Ўйин тугашига 5 дақиқа қолганида у устунлик берадигандек туюлади. Лекин аслида у тўпни ўйинга киритаётган жамоанинг зарарига ишлайди. Чунки тўп ташлаётган томоннинг ўйинчилари 9 нафар, рақибники эса 10 нафар. Статистик маълумотларга кўра, аутни амалга оширган жамоа вазиятларнинг 80 фоизида тўпни йўқотади. Ўз ярим майдонида аутни оёқ билан бажаришга рухсат бериш керак»;

*** Бундан ташқари, Венгер футболчиларнинг энг юқори маошларини белгилаб қўйиш, қишки трансфер дарчасини бекор қилиш ва мослашувчан «фэйр-плей» тарафдори. Шунингдек, барча клублардаги ижарада тўп сурадиган ўйинчилар сони 5 нафардан ошмаслигини истайди.

Ортда қолган 1,5 йил ичида Венгернинг охирги таклифи қабул қилинди. ФИФА ижара қоидаларига ўзгаришлар киритди: мавсум давомида ижарага олинган ўйинчилар сони 6 нафардан ошмайди, ижаранинг максимал муддати - 1 йил.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz