Қайднома

Қидирув

Вундеркиндлар: Модричга ворис тайёр

Вундеркиндлар: Модричга ворис тайёр

  11.04.2022 04:40
  0
  477
Вундеркиндлар: Модричга ворис тайёр

Яқинда Goal.com томонидан эълон қилинган рейтинг қироли - 18 ёшли Жуд Беллингем номи бўлажак трансферлар миш-мишларида тез-тез қулоққа чалинмоқда. 2020 йилнинг июлида «Бирмингем»дан «Боруссия Дортмунд»га кўчиб ўтган вундеркинд, иккинчи йилдирки, ёшига хос бўлмаган барқарорлик ва сифатни намойиш этиб, асосий таркибнинг ажралмас қисмига айланди.

Беллингем жорий мавсум барча турнирларда 37та ўйин ўтказиб, 6 гол ва 13та самарали узатма қайд этди. Бундан аввалги кампанияда эса 46 марта майдонга тушиб, 4та тўп киритган ва шунча ассист муаллифига айланганди. 2020 йилнинг ноябридан Англия термасига чақирув олаётган Жуд миллий жамоа либосида 10та ўйин ўтказишга улгурди, улардан 3таси Евро-2020га тўғри келди. Ўсиш шундоққина кўриниб турибди. «Боруссия»га ўтганидан буён Беллингемнинг Transfermarkt порталидаги нархи 11 млн. евродан 75 млн. еврогача ошди. «Қовоғарилар» унинг учун 25 млн. евро тўлашганди. Марказий хавбекнинг шартномаси 2025 йилнинг ёзигача мўлжалланган, аммо истеъдодли футболчи ҳозирги клубида кўпи билан фақат яна бир мавсум тўп сурадигандек кўринади.

18 ёшида «Боруссия» етакчиларидан бирига айланган йигитчанинг кучли жиҳатлари сифатида тўпни назорат қилиш, прессинг, тўпни олиб қўйиш, самарали алдаб ўтишлар, рақиб узатмаларига блок қўйиш ва яккакурашлардаги ажойиб ҳаракатларини кўрсатиш мумкин. Унинг ёшидаги марказий ярим ҳимоячи учун бу жуда яхши кўрсаткичдир. Ҳужумнинг дастлабки қисмида унинг ижросидаги юришлар - Жудга тегишли асосий кўзир ҳисобланади, бироқ ҳужумнинг кейинги босқичларида тез-тез муаммоларга йўлиқади. Лекин уларни ҳал этиш мумкин.

Кўп ҳолларда шерикларига ҳал қилувчи узатмаларни йўллашда адашади, ўзи йўллаган зарбалар эса ё ноаниқ, кучсиз чиқади ёки ҳимоячиларга тегиб қайтади. Камчиликларни тўғрилаш учун унда вақт ва имкониятлар етарли. Ҳозирги кўрсаткичларидан келиб чиқсак, Жуднинг уларни бартараф эта олишига ишониш мумкин. Айниқса, уни турли позицияларда синаб кўришганини инобатга олсак: чап қанот вингери, ўнг қанот вингери, ҳужумкор хавбек, «бокс-ту-бокс». Буларнинг бари «Боруссия»да кузатилди. «Бирмингем»да ҳам у ярим ҳимоянинг марказий ва таянч чизиқларида ўйнаган.

Жуднинг савиясига «Ливерпуль» сардори ва термадаги шериги Жордан Хендерсон баҳо берди: «Унинг ўйини менга жуда ёқади. Характери ҳам мақтовга лойиқ. Ўзини майдонда тутиши эътиборга молик. Умуман, Беллингем ҳақида фақат илиқ фикрлар билдиришим мумкин. Ажо-йиб йигит, фантастик даражадаги ўйинчи, ишончим комилки, ёши улғайгани сари янада кучли футболчи бўлиб бораверади. Жуд ҳозир ҳам катталардек тўп сурмоқда. Унинг имкониятлари чексиз».

Хуллас, Беллингем исталган гранд жамоанинг майдон марказидаги салоҳиятини ошириши мумкин. Уни қўлга киритишни истаётган даъвогарлар ҳам кам эмас.


«Реал»

Трансфер маълумотларида номи энг кўп тилга олинаётган даъвогар. Сўнгги хабарларга кўра, мадридликлар Беллингемнинг вакиллари ва агентлари билан алоқага чиқиб улгуришган, ўтиш шу ёзнинг ўзида амалга ошиши мумкин. Лекин трансфернинг эҳтимоли юқори варианти 2023 йилнинг ёзига тўғри келиши айтилмоқда: яъни, бу даврда Лука Модрич ва Тони Кроос «қаймоқранглилар» сафини тарк этишга тайёргарлик кўраётган, Жуд эса шу вақт ичида юқори салоҳиятига барчани ишонтирган бўлади. Трансфер суммаси 80-90 млн. евро атрофида бўлиши кутилмоқда.

Sport1 маълумотига кўра, Жуд «Боруссия»да яна бир мавсум қолиш ниятини билдирган, зеро ҳозирги клубини ривожланиш учун идеал жой деб билади. «Дортмунд» эса, ўз навбатида, потенциал харидорлар рўйхатида биринчи ўринда бораётган «Реал» таклифини кўриб чиқишга тайёр.


АПЛдан ҚизиҚиш бисёр

ОАВда ёзилишича, «Ливерпуль», «Манчестер Юнайтед» ва «Манчестер Сити» Беллингемни туманли ўлкага қайтариш ниятида. Ушбу триода мерсисайдликлар имкониятлари юқорироқ баҳоланмоқда. Ҳар ҳолда, Англия клублари орасида энг кўп «қизиллар» номи тилга олинмоқда. Юрген Клопп ва «Юнайтед»нинг бўлғуси мураббийи майдон марказини мустаҳкамлаши керак, Хендерсон ва Милнернинг ёши ўтиб бормоқда, «иблислар» эса Погбага жавоб беришади. Шунингдек, Жудга «Ньюкасл» ҳам қизиқаётгани айтилди, аммо, бугунги кунда кимларнинг номи «ҳаккалар» билан боғланмади, дейсиз.

Декабрь ойида Football Insider «Боруссия Дортмунд» «Бирмингем» вингери, Жуднинг 16 ёшли укаси Жоб Беллингем билан шартнома имзолашни хоҳлаётгани ҳақида ёзганди. Шу тариқа акани қолишга кўндириш осон кечиши кутилганди. Албатта, матбуотчилар кенжатойни ҳам назардан четда қолдиришмайди, юқоридаги маълумотнинг тўғри-нотўғрилиги катта аҳамиятга эга эмас. Зеро, воқеаларнинг шундай ривож олиши ҳамма учун фойдали, айниқса, Жоб ҳам акаси сингари иқтидорга эга бўлса.


Мақсадлар

Чемпионлар Лигаси финалигача етиб боришга қодир грандлардан бирининг таркибида Жуднинг ўйинини томоша қилиш қизиқ бўлади. Йигитча ҳозирда «Боруссия» ўйи­нига нафақат футбол нуқтаи назаридан, балки психологик жиҳатдан ҳам таъсир ўтказмоқда. «Сен бирорта ҳам тузукроқ пас беришни эплолмайсан. Ҳар сафар шунақа ҳолат такрорланади» - 18 ёшли Беллингем Европа Лигаси 1|16 финал доирасидаги «Рейнжерс»га қарши баҳс-да 28 ёшли Нико Шульцга шундай сўзлар билан эътироз билдирди. Бундан аввал унинг шикоя­т­­ларидан Тома Менье ва ҳаттоки, Аксель Витсель ҳам бебаҳра қолишмаганди. Германия ОАВнинг таъкидлашича, клубдошлари, мураббийлар ва раҳбарият англияликнинг майдонда ўзини бундай тутишини оқлашади.

Матс Хуммельс ҳам яқинда берган интервьюсида буни тасдиқлади: «Эҳтимол, Жудга уни яхши кўришимни 25 марта айтган бўлсам керак. У мен билган 18 ёшли йигитчалар орасида энг ақлли ва энг жиддийсидир».

Катта эҳтимол, Белли Дорт­мундда яна бир мавсум тўп суради, бир нечта сабабларга кўра, воқеаларнинг шундай ривож олиши ёш футболчига ижобий таъсир қилади. «Реал», АПЛдаги учлик ёки бошқа топ-клублар эса кутиб туришади.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz