Қайднома

Қидирув

Элдор Шомуродов билан барчаси ҳақида катта интервью....

Элдор Шомуродов билан барчаси ҳақида катта интервью....

  12.04.2022 10:55
  0
  503
Элдор Шомуродов билан барчаси ҳақида катта интервью....

Яқинда юртимизда бўлган россиялик машҳур журналист Игорь Рабинер миллий жамоамиз ва «Рома» клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродовдан катта интервью олди ва бу суҳбат «Спорт-Экспресс» газетасида чоп этилди. Қуйида унинг энг қизиқарли қисмлари билан танишишингиз мумкин.

РАБИНЕР ТААССУРОТИ

- Ўзбеклар худди исландлар каби ҳайқиришади. Ўзбекистон, йўқ-йўқ, балки бутун Марказий Осиёда Намангандагидек қони қайноқ ва сершовқин мухлислар топилмаса керак. Пойтахт - Тошкентда ўйинларга асосан 3-4 минг мухлис тушса, «Навбаҳор» учрашувида мунтазам камида 20 минг киши тўпланади. Трибуналардаги шовқин даражасига эса Европада ҳам ҳавас қилишлари тайин. Тўғриси, уруш вақти  бувим ва амаким қўним топган бундай экзотик ўлкада бўлишни ҳам ўйламагандим. Тақдир экан, Фарғона водийсига «Рома» ҳужумчиси Элдор Шомуродовнинг Ўзбекистон миллий жамоасидаги ўйинини кўриш учун келдим ва бундан бағоят хурсандман.

Наманганда «Наврўз кубоги» учрашувларидан сўнг марказий трибуналардан «У! У! У!» ҳайқириғи эшитилди - ҳаммаси Евро-2016да исландияликлар кўрсатган мухлисликка ўхшайди. Матбуот вакиллари учун қўйилган йирик мониторларни кўриб, ҳайратдан ёқа ушладим. Бунақаси РПЛда йўқ.

Ўйин бошида Қирғизистон термаси урган голга айнан Элдор жавоб қайтарди. Лекин бу йўлда анча тер тўкишига тўғри келди. Дейлик, биринчи бўлим охирида оёғига кучли зарба беришди ва у маълум муддат ўрнидан туролмади. Шунда мухлислар «Элдор! Элдор!» дея бақиришди. Футболчи ўрнидан туриб, қадам ташлай бошлагач, рус тилида хитоб янгради: «Молодец! Мужик!»

Дарвоқе, Ўзбекистонда Элдор Шомуродовнинг фаолият йўлига бағишланган ҳужжатли фильм яратилмоқда. Айни пайт ЎФА биринчи вице-президенти лавозимида ишлаётган машҳур собиқ ҳакам Равшан Эрматовнинг айтишича, бундан кўзланган мақсад - маҳаллий ёш иқтидорларда ўз кучларига нисбатан ишонч ҳиссини ошириш, уларга қўшимча мотивация ва туртки бериш.

ЭЛДОР БИЛАН МУЛОҚОТ

- Ҳозир рус тилида анча равон сўзлашяпсиз?

- Ҳа, Римда рус тилида гаплашадиганлар кўп. Масалан, Мхитарян. Клубда айнан Генрих билан яқинман.

- Эшитишимизча, Ўзбекис­тон - Эрон учрашувида Сардор Азмун билан русчада сўзлашибсизлар.

- Шундай. Русчани ундан яхшироқ биламан. Италияда «Аталанта»га қарши ўйнаганимизда, Миранчук ва Малиновский билан ҳам бироз суҳбатлашдик.

- Улар чиндан ҳам, ўзаро дўстми?

- Албатта.

- «Ростов»дан кимлар билан гаплашиб турасиз?

- Карпин билан, уни қишда Дубайда кўрдим. Баъзан ижтимоий тармоқларда йигитлар билан ёзишиб турамиз.

- Ҳозир энг яхши лигалардан бирида ўйнаяпсиз, дунёнинг энг машҳур шаҳарларидан бирида яшаяпсиз. РПЛда эса аксарият футболчилар ҳеч қаёққа кетишни хоҳламайдилар...

- Эҳтимол, таваккал қилишни хоҳламаслар. Генуяга йўл олишим катта таваккалчилик эди. Зеро, ўйнай олиш-олмаслигим аниқ эмасди. Тўғри, болалигимдан айнан Европада тўп суришни хоҳлардим.

- Ростовда йигитлар билан шу мавзуда суҳбатлашганмисиз?

- «Рома»га ўтгач, Паршивлюк билан гаплашдим. У тўғри йўл танлаганимни айтиб, мени мақтади. Ўйлайманки, Россияда «А» серия талабига жавоб бериш салоҳиятига эга йигитлар кўп.

- «Ростов»да дастлабки шартнома бўйича ойига 10 минг доллар олардингиз. Айтишларича, Хитой, Қатар ва Саудия Арабистони клублари бундан 10 баравар кўп пул таклиф этишган...

- Россияга борганимда, пул ҳақида ўйламагандим. Мана, «Ростов»даги фаолият менга кўп нарса берди. Асосийларидан бири - профессионаллик.

- Россиялик футболчилардан кимларни яхши дўст сифатида тилга оласиз?

- «Ростов»да барча йигитлар ажойиб эди - Паршивлюк, Песьяков, Байрамян, Зайнутдинов.

- Жамоада футболчи ва шахс сифатида ўсишингизда кимлар кўпроқ ёрдам беришди?

— Клуб сафига қўшилганимда, Калачев ва Гацкан етакчилар мақомида бўлиб, фақат ғалаба қозонишни хоҳлашарди, қаттиқ гапиришарди, шунинг баробарида ҳар доим ёрдам беришди. Асосийси, «Ростов» аввало, жамоа сифатида кучли эди.

- Карпин «Ростов»га қайтганидан хабарингиз борми?

- Ҳа. Аммо уни ҳали табриклаганим йўқ.

- Россия термасининг ЖЧ-2022дан четлатилганига қандай қарайсиз?

- Менимча, бу тўғри эмас. Спорт сиёсатдан холи бўлиши керак.

- Карпин ўргатган энг муҳим нарса нима?

- Руҳий томондан қарасак, футболга муносабат. Агар яхши шуғулланмасангиз, хонасига чақирарди ва майда икир-чикирларга ҳам қизиқарди. Яна ҳазиллашишни хуш кўрарди, лекин кўпинча жиддий қиёфада юрарди.

- Италияга мослашишда ўша сабоқлар таъсири сезилдими?

- Ҳа. Мисол учун, тўғри овқатланиш масаласи. Вақт ўтиши билан бу футболчи учун жуда муҳимлигини тушунасиз. Европада бунга профессионал тарзда ёндашадилар.

- Карпин терма жамоада ширинликлар ва крахмалли таомларни тақиқлади. «Ростов»да ҳам шундаймиди?

- Шакарни тақиқламаганди, фақат оқ қанд ўрнига жигаррангини тановул қилардик. Яна меъёрида.

- Карпин севимли таомингиз - паловни ҳам тақиқлаганмиди?

- Албатта, фақат базада. Лекин ташқарида эмас.

- Энди Италияга нечоғли мослашганингизни текшириб кўрайлик: палов ёки макарон?

- Палов.

— Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятида ўзига хос палов бор. Сизга қайси бири маъқул?

- Тўй оши.

- Италияда ҳам бу таомни истеъмол қилиш имкони борми?

- Ҳа, рафиқам уйда тайёрлайди. Аммо маҳсулотлар бош­қача, бу ердагидан фарқи катта.

- Карпин «Спартак»да ҳар 100 грамм ортиқча вазн учун жарима солган. «Ростов»да қандай эди?

- Жарима солишини айтарди, лекин жазоламасди. Фақат ортиқча вазн кўпайиб кетса, чора кўрарди. Мен ҳеч қачон жаримага тортилмаганман.

- Карпиндан қўрққанмисиз? У билан ишлаш қийин эмасмиди?

- Йўқ, фақат фидойисизлик учун танбеҳ берарди.

- Карпиннинг сизга тааллуқли энг ёрқин ҳазили...?

- Мени «қийшиқоёқ»қа чиқарди. Машғулотларда нотўғри ҳаракатлансангиз, ҳар доим шу иборани қўлларди. Бундан ранжимасдим.

- Карпин аввалига сизни Ўзбекистонга қайтариб юборишни ўйлаган экан.

— Таътилдан жуда ёмон формада қайтгандим. Дастлабки ўйинда ҳеч нарса ўхшамади. Эҳтимол, шунга қараб, қайтаришни ўйлагандир. Муҳими, кейинроқ менга муносабати ўзгарди. Бунга қадар мени ижара сафарига юбормоқчи эди. «Арсенал» ва «Тосно» варианти юзага ҳам келганди. Ҳаттоки, Мирзов қўнғироқ қилиб, бориш-бормаслигимни сўради. Якунда Карпин мени олиб қолди.

- Афғонистон билан чегарадош Ўзбекистонда улғайган йигит «А» серияда қандай тўп сураётганини тушунтириб бера оласизми?

- Аввало, Аллоҳ сўраганимни берди. Аммо сўрашнинг ўзи билан иш битмайди. Ўз олдингизга мақсад қўяётганингизда кўпинча шубҳалар туғилади ва уларни енгиб ўтишингиз, ҳеч нарсага чал­ғимай, олға боришингиз керак.

- Ўзи кучли 5та лигадан қай бирига боришни хоҳлардингиз?

— Аҳамияти йўқ. Фақат «Челси»га меҳрим баланд эди.

— Термиздан 40 километр узоқликда, Афғонистон билан чегарадош мўъжаз Жар­қўрғонда туғилгансиз. Асосий хотираларингиз қандай?

— 12 ёшга қадар Жарқўрғонда яшадим, сўнг «Машъал» академиясига йўл олдим. Эсимда, сигир ва қўйларимиз кўп эди. Дўстларим ва укаларим ҳам футболни севишарди. Ота-оналар эса аввалига мол боқишни тайинлашар, кейин стадионга боришга рухсат беришарди.

- Афғонистон билан чегара яқинлиги вазиятга таъсир қилармиди?

- Йўқ, ҳаммаси тинч. Ота-онам тарбиямга доимо эҳтиёткорлик билан ёндашганлар, қаерда эканлигим, нима билан машғуллигимни назорат қилишган.

- Ота-онангиз ҳали ҳам сиз улғайган уйда яшашадими?

- Ҳа, дадам уйни жуда яхши кўради. Чунки деярли ўзи қурган.

- «Анжи» ва «Краснодар»нинг собиқ футболчиси Одил Аҳмедов болалар академия­си очди. Сизда ҳам шундай ғоя борми?

- Келажакда ҳаммаси яхши бўлса, албатта, академия очаман.

- Фаолиятингизни якунлагач, Ўзбекистонга қайтасизми?

- Шубҳасиз!

— Эшитишимча, вақтида барча қатори пахта теришга чиққансиз...

- Шундай. 4-синф ўқувчилари учун меъёр 3 килограмм эди. Оғирроқ чиқиши учун пахта ичига баъзан тош ҳам солардик.

— Маошингизнинг катта қисмини ота-онангизга юборар экансиз.

- Олдин шундай эди. Энди кўпроғини олиб қўйишга тўғри келмоқда. Дейлик, уй учун.

— Рим ёки Самарқанд?

- Қийин савол. Ўзбекистонликман ва менга Самарқанд яқинроқ. Аммо Рим ҳам жуда чиройли. Дарвоқе, генуяликлар Самарқанд ҳақида кўп нарса билишади.

- Оила ва фарзанд сизни қай даражада ўзгартирди?

- Катта масъулият ҳисси шаклланди.

- Тўйингиз икки босқичда бўлди - Тошкент ва Жар­қўрғонда. Дастлабки базм­да 500 киши иштирок этибди.

- Аниқ рақамларни айтолмайман, лекин жуда кўпчилик келди.

- «Машъал»дан Ўзбекистоннинг етакчи клубларидан бири «Бунёдкор»га ўтгансиз. Ривалдо, Зико ва Сколаридан дастхат олганмисиз?

- «Бунёдкор» ва «Машъал» ўйинида Ривалдо майдонга қўлимдан ушлаб тушганди! Ажойиб воқеа - дунёнинг энг яхши футболчиси сени майдонга олиб тушмоқда! Бундан ташқари, бирга суратга тушганмиз.

— «Бунёдкор»да агент билан шартнома тузганмисиз?

- Ҳа. Уларни Ўзбекистон миллий жамоасини бошқарган Самвел Бабаян тавсия қилганди.

- Мусулмонлар каби 5 вақт намоз ўқийсизми?

- Ҳа.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz