Қайднома

Қидирув

Нигоҳ: Мундиалдан мосуволик машаққати

Нигоҳ: Мундиалдан мосуволик машаққати

  12.04.2022 17:07
  0
  468
Нигоҳ: Мундиалдан мосуволик машаққати

Россия термаси ЖЧ-2022да қатнашмайди. ФИФА ушбу мамлакат миллий жамоасини ўз тасарруфидаги турнирлардан четлатди. Умуман, бу футбол тарихида жаҳон чемпионатидан четлатиш бўйича ягона ҳолат эмас. Хўш, яна қайси термалар шу каби тақиққа учраган?

Испания, ЖЧ-1938

Дастлабкиси - испанлар. 1936 йилнинг ёзида мамлакатда фуқаролик уруши авж олиб, у уч йил давом этди. Шу сабабли Испания термаси ЖЧ-1938дан четда қолди. Мазкур ҳолатда талқинлар турлича: ё ФИФА испанларни турнирдан четлатган ёки уларнинг ўзлари қатнашишни исташмаган. Аниғи шуки, Францияда мундиал Испания термаси иштирокисиз ўтган.

Германия ва Япония, ЖЧ-1950

Ҳа, ЖЧ-1950 немислар ва японларсиз ўтган. ФИФА ушбу мамлакатларни турнирдан четлатган, сабаби ҳам аниқ - уларнинг Иккинчи жаҳон урушидаги тажовузкорлиги. Маълум бўлишича, 1945 йили, яъни урушдан кейин ташкил топган БМТ футбол мулозимларининг қарорига таъсир ўтказган.

Олти мамлакат ва ЖЧ-1954

Ғалати воқеалар. Бирданига олти мамлакат 1954 йилги жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятидан мосуво бўлишди. Булар - Исландия, Боливия, Кос­та-Рика, Куба, Вьетнам ва Ҳиндистон. Сабаби, ушбу термалар вакиллари «заявка» топширишнинг сўнгги муддатига амал қилишмаган.

Жанубий Корея ва  Эфиопия, ЖЧ-1958

Яна бир ажабтовур ҳолат. ЖЧ-1958 саралашида Жанубий Корея ва Эфиопия қатнашмади. Айтишларича, ушбу мамлакатлар сўнгги палладагина «заявка» топширишган ва ФИФА саралаш форматини сақлаб қолиш мақсадида уларга рад жавобини берган. Ўша кезлари Африка ва Осиёда маҳаллий конфедерациялар эндигина ташкил этилган, шу боис икки қитъа битта саралашда қатнашган. Бу борада расмий маълумотлар йўқ.

ЖАР ва яна уч

мамлакат, ЖЧ-1966

ФИФА ЖЧ-1966га ЖАРни қўймади. Сабаби - сиёсий тузум туфайли қора танлиларнинг таҳқирланиши. Мамлакатни Африка конфедерациясидан чиқариб юборишди. Ўшанда ЖАР Осиё сари интилди, бироқ ФИФА жанубий африкаликларнинг саралашдаги иштирокини чеклаб қўйди. Ўша мундиал саралашига яна уч мамлакат - Гватемала, Конго ва Филиппин термалари ҳам қўйилмаган. Биринчиси муддатга амал қилмаган, кейингиси «заявка»ни хат кўринишида бермаган, филиппинликлар эса бадал пулини тўлашмаган.

Гвинея ва Конго ДР, ЖЧ-1970

Африка яна эътибор марказида. Кутилмаганда, ЖЧ-1970 саралашида Гвинея ва Конго ДР иштироки чекланди. Сабаблар номаълум. Шунингдек, квалификация баҳс-ларида Албания ҳам қатнашмаган - негалиги яна мавҳум.

МАР, ЖЧ-1982

12 йилдан сўнг жаҳон чемпионатига қўйилмаган Африка термалари рўйхати яна биттага тўлдирилди. Бу сафар Марказий Африка Республикаси мураккаб аҳволга тушди. Ушбу мамлакат вакиллари «заявка» топширишда кечикишдан ташқари, бадал пулини ҳам тўлашмаганди.

Эрон, ЖЧ-1986

Кейинги жаҳон чемпионатида ҳам бир мамлакат термаси тақиққа учради. ФИФА Эронни Ироқ билан уруш туфайли мусобақалардан четлатди. Эътиборлиси, можаро иштирокчиларидан бири ҳисобланган ироқликлар нафақат саралашда қатнашишди, балки турнирнинг финал бос-қичига чиқишни ҳам уддалашди. Эслатма, Мексикада ўтган ўша мундиалда аргентиналик Диего Марадона порлаган, Англияга қарши баҳсда эсда қоларли «дубл»ни қайд этган, умуман, мамлакатига тарихдаги иккинчи совринни туҳфа этганди.

Мексика ва Чили,  ЖЧ-1990

Ҳа, Мексика мундиал мезбонлигидан тўрт йил ўтиб, ЖЧ-1990ни ўтказиб юборди. Барчасига фирибгарлик сабаб бўлди. Мексикаликларни ёшлар ўртасидаги ЖЧ саралаши пайти футболчилардан бирининг ёшини яширганликда айблашди. Натижада, бундан асосий терма жабр кўрди - уни 1990 йилги жаҳон чемпионатидан четлатишди. Шунингдек, Чили термаси ҳам турнирга бормади. Жамоа саралаш доирасидаги Бразилияга қарши баҳсдаги можаро туфайли дисквалификацияга учради. Ҳисоб 0:1 бўлиб турганда, чилиликлар дарвозабони Роберто Рохас трибунадан отилган файер туфайли шикастланганини кўрсатди, натижада ўйин тўхтатилди - жамоа майдонни тарк этиб, қайтишни истамади. Аммо кейинроқ маълум бўлдики, кипер қўлқопи орасига яширган лезвия ёрдамида ўзини шикастлаган экан. Режа тушунарли - агар «трюк» иш берганда, бразилияликларга техник мағлубият ёзиларди. Рохас умрбод футболдан четлатилди, термасига эса техник мағлубият ёзилди.

Югославия ва Ливия, ЖЧ-1994

Кейинги жаҳон чемпионатига АҚШ мезбонлик қилди. ФИФА эса Югославия ҳамда Ливияни иштирокдан маҳрум қилди. Бирининг ҳудудида уруш давом этаётганди, бошқаси эса терроризмни қўллаб-қувватлаганликда айбланган. Ўша мундиалда бразилияликлар тўртинчи бор чемпионликни нишонлашди. Финалда италиялик афсона Роберто Баджонинг пенальтилар сериясидаги ноаниқ зарбаси ҳозиргача эсланади.

Гвиана, ЖЧ-2002

ЖЧ-2002 саралаши Франция назоратидаги мамлакат - Гвиа­на термаси иштирокисиз ўтди. Мазкур жамоани молиявий сабабларга кўра, мусобақага қўйишмаган. Япония ва Жанубий Корея мезбонлигида ўтган ўша мундиалда Роналдо порлаганди. «Сўйлоқ» энг яхши тўпурарга айланиб, финалда Германия термасига дарвозасига иккита тўпни жойлаб қўйганди. Шу тариқа бразилияликлар ўз тарихларидаги бешинчи кубокка эга чиқишди.

Бруней, ЖЧ-2014

Кейинги четлатишни нақ 12 йил кутишга тўғри келди. ЖЧ-2014 саралашида аҳолиси сони ярим миллионга етмаган митти давлат - Бруней термаси қатнашолмади. ФИФАнинг қарорига изоҳ: ҳукумат миллий футбол федерацияси ишига аралашган. 2014 йилги мундиалда содир бўлган воқеаларни яхши эсласангиз керак. Узоқ кутилган тўртинчи совринни қўлга киритган Германия миллий жамоаси йўл-йўлакай мезбон бразилияликларни тор-мор этиб, бутун стадионнинг кўз ёш тўкишига сабабчи бўлганди. Лео Месси эса Марадонанинг қаҳрамонлигини такрорлаш имкониятига эга чиққани ҳолда, ундан фойдалана олмаганди.

Индонезия ва  Зимбабве, ЖЧ-2018

Эҳтимол, буни билмагандирсиз, лекин ФИФА Россия мезбонлигида ўтган жаҳон чемпионати саралашига икки мамлакатни қўймаганди. Индонезия, худди тўрт йил аввалги Бруней сингари ҳукуматнинг маҳаллий футбол федерацияси ишига аралашуви туфайли иштирокдан мосуво бўлганди. Зимбабвенинг четлатилишига сабаб - жамоанинг бош мураббийига бир неча ой мобайнида маош тўланмаган. Эслатма, ЖЧ-2018 Франция ва янги юлдуз - Килиан Мбаппенинг қойилмақом иштироки билан ёдда қолганди. Турнирнинг энг яхши футболчиси номи эса Лука Модричга насиб қилган. Бир неча ойдан кейин эса хорват «Олтин тўп»ни қўлга киритди.

Ў.УМАРОВ тайёрлади 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz