Қайднома

Қидирув

Камерунлик руснинг саргузашти

Камерунлик руснинг саргузашти

  12.04.2022 20:20
  0
  426
Камерунлик руснинг саргузашти

Камерун терма жамоаси ЖЧ-2022 йўлланмасини қўлга киритди, унинг таркибида дебютини нишонлаган Гаэль Ондуа эса Россия заминида дилига тугиб қўйган орзусига эришди. Қуйидаги ҳикоя «Ганновер»нинг 26 ёшли ярим ҳимоячиси ҳақида.

ЦСКА ва «Локомотив» академиялари

Ондуа Камерун пойтахти Яундеда дунёга келди. Онаси болалар боғчасида тарбия-чи, отаси Камеруннинг Москвадаги элчихонаси хизматчиси эди. Гаэль болалик пайтида отаси ёнига йўл олган, лекин бунгача ўз ватанида тенгдошлари билан қумли тупроқда яланг оёқ тўп суришга улгурганди. «Футболнинг асосий қонун-қоидалари билан айнан ўша пайтларда танишганман. 7-12 ёшли давримда онам мени ҳафтада бир марта маҳаллий мураббий машғулотига олиб борарди. У ер академия ёки футбол мактаби эмас, шунчаки, футболга қизиқувчилар шуғулланадиган маскан эди», - дея хотирлайди африкалик рус sports.ru сайтига берган интервьюсида.

Москвага келганидан ке-йин Гаэль тез орада «Локомотив» академиясига йўл олди. Кўрик қиш фаслида ўтказилган бўлсада, Ондуа барча талабларни уддалаб, академияга қабул қилинди. Дастлаб очиқ ҳавода шуғулланиш серқуёш юрт вакили учун осон бўлмади - ўта совуқ кунларда 3 қават қўлқоп кийиб майдонга тушган пайтлари ҳам бўлди. «Темирйўлчилар» сафида у Миранчук ва Жикиялар билан шуғулланган бўлсада, асосий таркибга кўтарила олмади. Лекин 2014 йилда ЦСКАга ортиқча муаммоларсиз жойлашиб олди. Леонид Слуцкий 18 ёшли хавбекни асосий таркибга ҳам жалб эта бошлади. Бироқ Ондуа фақат ёшлар жамоасида майдонга тушди ва бир йилдан сўнг «армиячилар» сафини тарк этди.

Ҳеч вақосиз «Анжи» сари

ЦСКАдан кейин бир йилча ишсиз қолган камерунлик футболчи қатор кўриклардан ўтди, ҳатто «Сахалин» ва «Орхус»да ҳам бўлди, якунда Даниянинг иккинчи лигаси вакили - «Вайле»дан қўним топди. Лекин бу жамоада ҳам ўз ўрнига эга бўлолмагач, Россиядан иш ахтара бошлади. Ниҳоят, украин клуби - Юрий Вернидуб бошқараётган Луганскнинг «Заря»си унга қизиқиш билдирди. Бироқ бу жамоада ҳам унга жой топилмади: «Украинада 3 ой бўлдим, жамоанинг Туркиядаги йиғинларида иштирок этиб, 4та ўртоқлик учрашувида майдонга тушдим. Аммо Россия фуқароси бўлганим боис, менга виза беришмади».

Ана шу мураккаб паллада «Анжи» африкалик ўйинчини саргардонликдан халос этди. Ондуанинг тўлақонли фаолияти айнан Маҳачқалъа клубида бошланди. 2018 йилнинг ёзида, у таркибга қўшилган пайтда «Анжи»нинг парвози пасайиб қолганди: етакчи ўйинчилар жамоани тарк этишган, клуб РПЛ аутсайдерига айланганди. Ижобий томони, Ондуа доимо асосий таркибдан жой олди: 2018|2019 йиллар мавсумида «Анжи» ўйинчиларидан фақат Андрес Понсе Гаэлдан кўпроқ майдонга тушганди. Шу давр ичида Ондуа 2та нохуш ҳолатга кўникишга мажбур бўлди: жамоа РПЛдан тушиб кетди, клуб Ондуага иш ҳақи бера олмади. Охир-оқибат, футболчи Швейцариянинг «Серветт» клубига ўтиб кетди, «Анжи» эса Гаэлдан қарздор бўлиб қолди.

Россиялик рафиқа ва Магадан таътили

Швейцариядаги икки йиллик амалиёт туфайли Ондуа савияли футболчи мақомига кўтарилиб, 2-Бундеслиганинг таниқли клуби бўлган «Ганновер»дан таклиф олди. Ҳозир у жамоанинг асосий таянч ярим ҳимоячиси саналади. Гаэлнинг Камерун терма жамоасига жалб этилишининг асосий сабаби ҳам шу. У Жазоирга қарши беллашувларнинг ҳар иккисида майдонга тушишга улгурди. Дастлабки баҳсда 5 дақиқа кўриниш бергани ҳолда, жавоб учрашувида бошланғич таркибда майдонга тушиб, қўшимча бўлимларнинг иккинчисида, айнан Жазоирнинг голи арафасида захирага олинди. Лекин Камерун 124-дақиқада мундиал йўлланмаси тақдирини ҳал қилган ғалаба голини уришга муваффақ бўлди. Зафардан кейинги кийиниш хонасидаги шодиёнани Ондуа ўзининг телеграм-канали орқали намойиш этди.

Ҳа, рус тилида равон мулоқот қиладиган камерунлик футболчи ўз канали ва блогига эга. Бу икки манба ор­қали Гаэль мунтазам равишда янгиликларни тарқатиб туради, интервьюлар беришни, умуман, Россияни яхши кўради. «Мен 95 фоизга рус ўғлониман, қолган 5 фоизи - қора танли эканлигим», - дейди футболчи. Гаэль рус қизига уйланган, ўтган йили таътилни Магадан вилоятида ўтказиб, -53 даражали изғиринда қортепаларда сайр қилди. Россиялик футболчилар орасида таътилни шу тарзда ўтказишни хуш кўрадиган, совуққа чиниққанлар борми?!

Энг муҳими - Россия терма жамоаси шарафини ҳимоя қилиш. Айнан шу орзусини Ондуа бир неча бор қайта-қайта таъкидлаганди. «Болалик давримдан бошлаб Россия терма жамоаси таркибида ўйнашни орзу қилардим: йирик мусобақаларда доимо шу жамоа мухлиси бўлганман. Қолаверса, футболчи бўлишимга айнан шу мамлакат сабабчидир. Ўз миннатдорчилигимни терма жамоадаги ўйинларим орқали изҳор этиш ниятидаман», - деганди камерунлик рус «Чемпионат» нашрига берган интервьюсида.

Ондуа шунингдек, бундан бир неча ой муқаддам бўлиб ўтган Африка Миллатлар кубоги турнири арафасида Камерун терма жамоаси таклифини рад этганлигини ҳам тан олди. Бироқ Россия футбол иттифоқидан бирор-бир таклиф бўлмади. Шу сабабли, Гаэль киндик қони тўкилган юрт шарафини ҳимоя қилишни маъқул кўрди. Афтидан, бу масалада футболчи хатога йўл қўймагандек - Ондуанинг жорий йил Қатар майдонларида ўтадиган мундиалда майдонга тушиш эҳтимоли жуда юқори.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz