Қайднома

Қидирув

Ҳаромдан ҳазар қилмайдиганга инсоф тилаймиз

Ҳаромдан ҳазар қилмайдиганга инсоф тилаймиз

  15.04.2022 09:19
  0
  9367
Ҳаромдан ҳазар қилмайдиганга инсоф тилаймиз

Рамазон ойидаги футбол учрашувлари вақти юзасидан турли хил фикрлар ҳар йили янграб туради. Масалан, кимдир «Футболчилар ҳам одам, улар оғиз очишмайдими?» - дейди. Бошқаси рўза ҳақида эмас, ишидан чиқиб келиб футбол кўриш истагини билдиради ва ҳоказо.

***

- Афсуски, бизда ҳамманинг истагини бирдек амалга ошириш имконияти мавжуд эмас. Ўтган йилги ваъдамизга вафо қилиб, Суперлига учрашувларини иш вақтида старт олдирмайдиган даражага олиб чиқдик бир амаллаб. Шанба-якшанба кунлари Европа футболи билан рақобатлашолмаётганимизни тушунтирдик. Айтайлик, трансляция масаласи ҳақида ўйламай, ўша кунларга ўйинлар қўйиб чиқишимиз мумкин. Бу ҳолда футболни уйидаги диванида ётиб кузатадиган акалар хафа бўлишади. Кейин еврофутболни хуш кўрувчи кимдир ўз вилоятидаги бирор жамоа ўйинига боргандан кўра, уйида (ёки дўстлари билан чойхонада) «МЮ» ёки «Ливерпуль» ўйинини кўришни кўпроқ истаб қолиши мумкин.

Футбол аввало, мухлислар учун. Шуни ҳис қилгани ҳолда, футболчиларимиз оғизларини майдонда ёки кийиниш хонасида очишга ҳаракат қилишяпти. Эсимни таниган вақтдан буён Тошкентга келадиган араб жамоалари ҳам шундай қиларди. Рамазон сабримизни янада тарбиялайдиган ва йилда бир келадиган байрам.

Ўзбекистон кубоги учрашувларига вақт белгилаётганда асосан икки жиҳатга қараяпмиз. Мухлислари ва футболчилари ҳурмати прожекторларини созлаб қўйган клубларнинг уй учрашувлари танаффус вақти оғиз очиш фурсатига тўғри келиши учун ҳаракат қилиняпти. Шунингдек, кўп миллат ва элат яшайдиган Ўзбекистоннинг футболга қизиқувчи бошқа қатлами ишидан бироз эртароқ чиқиб, ўйинга етиб келишини ҳам ўйлашимиз керак. Албатта, ўйинларни умуман ифторликдан кейинга қўйиш имконияти ҳам бор (шуни сўраётганлар ҳам бор). Биз бунда таровеҳ намозини ҳам ёддам чиқаролмаймиз. Яъни соддароқ тушунтирганда, Рамазон ойининг фарзларини тўлиқ адо этадиган ишли одам стадиондан туриб (балки уйидан) футбол томоша қилиши учун ҳаракатдамиз. Шу билан бирга бошқаларни ҳам ёддан чиқаролмаймиз. Рамазон - байрам, бунда ўз ишидан роҳат олиб ишлаш - икки ҳисса байрам.

Прожектори йўқ клублар уй учрашувларини ифторликка қадар якунлаяпти. Бошқа чорамиз йўқ. Чунки ток бўлмаса, ой ёруғида футбол ўйнатолмаймиз. Албатта, талабларимиз билан вақти келиб, уларга ҳам прожектор қилдирамиз, бошқа йўли йўқ. Футболчи ҳам, мухлис ҳам одам, ёзга бориб қуёш нурида футбол ўйнаш ёки кўриш осон эмас. Хуллас, талаб ва таклифларни эшитяпмиз, ўрган­япмиз, ҳаракат қиляпмиз. Менимча, бу ҳеч нарсага қарамай, ҳеч қандай принципсиз футбол ўтказаверишдан яхшироқ. Ишонамизки, сиз ҳам бизни тушунасиз.

***

- Ғаниев «Насаф», Шукуров «Машъал» ва «Бунёдкор» тарбияланувчиси сифатида ўз йўлларини топиб кетишди. Бугун «Насаф» ва «Пахтакор»да ҳам тезроқ легионерга айланиши лозим бўлган футболчилар бор. Улар саудияликларнинг кўз ўнгида ўйнаётганини ҳис қилишлари керак. Саудия клубларида пул бор, уларнинг чемпионати биздагидан икки карра кучлироқ. Машарипов ёнига Бозоров, Норчаев ёки Эркинов қўшилиши - катта ютуқ. Янада яхшироқ ўйнашса, Туркия ёки бошқа бирор мамлакат орқали Европага йўл очилиши ҳам мумкин. Аммо ўша Бозоров ёки Норчаев катта футболчига айланишда тобора кеч қолишяпти. Катта футболчилар мураккаб ўйинларда жамоани тортишлари керак. Катта футболчилар масъулиятни тўлиқ ҳис этишлари, йўқ жойдан ўйин боришини ўзгартириб юборишлари керак.

***

- ОЧЛда гол урган Муҳаммад Исаевнинг фаолияти кўпчилик учун қизиқ. Чунки у бир қадам ортга ва икки қадам олдинга ташлаётган камсонли футболчиларимиздан бири. Исаев «Гулистон» жамоаси орқали футболга кириб келган. 1994 йилда туғилган футболчи кейинроқ Олмалиқ, Бекобод қилиб юрди. Ўтган мавсум ижара асосида «Андижон»да озгина ўйнади ва кейинроқ «Металлург» орқали Душанбенинг «Истиқлол» клубига йўл олди. Тожикистон чемпионати бизникидан кучсиз. Аммо «Истиқлол» футболчиларимизни янада каттароқ майдонга олиб чиқишга қодир. Ўтган мавсум қўшниларимиз ОЧЛда ҳамманинг оғзига тушишди. Бунинг натижасида клубларимиз «Истиқлол» футболчиларига кўз тика бошлади. Муҳаммад Исаев эса шу ёшида «Насаф», «Пахтакор» ёки бошқа байроқдор клубнинг асосий таркибига жойлашиши қийин. У Осиёга ўзини «Истиқлол» орқали кўрсатишга рози бўлди. Бу қарорини олқишлаш мумкин. Чунки лигамизнинг ўртамиёна футболчиси Қатар клуби дарвозасига йўл топди. Унда айтайлик, Осиё клубларига кўриниш учун яна имконият бор. «Истиқлол»га ҳам, футболчимизга ҳам омад тилаймиз.

***

- Биринчи лига старт олди. Ундан айрим ноинсофлар бошқа мақсадларда фойдаланишларини инобатга олмаса, аслида яхши мусобақа. Биз биринчилик клубларини март охирида Тошкентда тўплаб, ҳамма билан яна бир қадар танишиб олдик. Шукрки, бу йил қизиқарли лойиҳачалар бор. Уларни қунт билан кузатиб боришни тавсия қиламиз.

* Биринчиси, «Юниред» жамоаси. Унинг эгалари Самар­қандда халқаро мактаб, халқаро таълим марказларига эгалар. Йил якунигача яхши бир университет ташкил этиш ҳаракатидалар. Таълим ва спортга эътибор берадиган кишилар доим ҳурматимизда. Умид қиламизки, танловда адашмадик.

* Иккинчиси, Тошкентнинг «Дўстлик» жамоаси. Бунисида ҳам иш болалар футболидан бошлангани ёқди. Айни вақтда Тошкент шаҳар биринчилигининг 6та  ёш тоифасида «Дўстлик» тарбияланувчилари бор. Бу ҳурматга сазовор.

* Учинчиси, «Андижон II». Кўпчилик мазкур клубни «Андижон SGK», деб номлаётган бўлса-да, устав бўйича «Андижон II». Андижон вилояти футбол академияси тарбияланувчилари ҳамда битирувчиларини қамраб олади. Вилоят ҳокими ҳар ҳафта «Соғ­лом авлод» стадионида йиғилиш ўтказиб, ҳар ой футболга вақт ажратиб юрган яхши даврда бунёд этилган академия тарбияланувчилари. Биз вилоят ҳокимлари Про лига клубларига эътибор қаратишларига эришгандик. Энди Биринчи лигада ҳам шундай жамоачалар бор. Ишонамизки, Андижон катталари вилоятнинг Суперлигадаги асосий жамоасига ҳам вақт ажратишади. Ҳозир бу жуда муҳим, чунки «Андижон» қийналяпти.

Хуллас, биринчилик анча қизиқ ўтса керак. Унда тартиб ўрнатиш учун илк турдаёқ Уйчининг «Пахтакор-79» клубини майдонга туширмадик. Талаб, регламент — ҳамма учун бир. Қолганига эса ҳаромдан ҳазар қилмайдиганларга инсоф, Биринчи лига клубларига эса омад.

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz