Қайднома

Қидирув

Байрамга ҳали эрта…

Байрамга ҳали эрта…

  29.09.2016 06:21
  0
  1039
Байрамга ҳали эрта…

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг кетма-кет 2та ғалабаси ҳиссиётларни яна жунбушга келтирди. 1 сентябрь кунги ютуқ, 2 сентябрдаги улкан йўқотиш, 6-санадаги ёқимли зафар... Ҳа, футболимиз каби мухлисларимиз ҳам  бир ҳафта давомида турли ҳиссиётлар тўлқини оғушида қал-қиб юришди.

Миллий жамоамиз бош мураббийи Самвел Бабаян айтган ватанпарварлик туйғуси ҳар бир футболчимиз қалбини эгаллаганини яна бир бора кўрдик. Ҳарқалай, мадҳия янграган пайт бизнинг йигитлар Қатар миллий жамоаси ўйинчилари каби лом-мимсиз сақич чайнаб туришгани йўқ. Лекин байрам қилишга ҳали анча эрта. Чунончи, гуруҳда аутсайдерлардек кўринган жамоалардан очко тортиб олдик, холос. Бизнинг кўчада ҳам байрам бўлади, лекин ҳозир эмас. Жамоамизнинг 2та ўйинини кузатиб, шундай таассурот уйғонди: Самвел Бабаян шогирдлари худди ёғочлари чирик кўприкдан ўтиб кетаётгандай... Озгина қалтис ҳаракат қилинса, тамом: ҳамма пастга қулайди. Биринчи нав-батда, жамоа бош мураббийи, чунки таркиб учун айнан у масъул. Биламизки, Самвел Вячеславович ажо-йиб менежер, лаёқатига шубҳа бўлиши мумкин эмас. Озгина муболаға билан айтганда, йўқ нарсани бор қила оладиган инсон. Гўёки, унинг қони қизил эмас, «Пахтакор» тимсоли рангида. Энг заиф нуқтаси ҳам шу ерда. Чунончи, «Пахтакор»га мажнунларча ошиқлиги ҳар маҳбубда бўлганидай, унинг кўзини атрофга теран боқиш, яъни бошқаларни ҳам кўришдан тўсиб қўйган. Шахсий фикримча, Бабаян миллий жамоа бош мураббийи сифатида катта ютуқни кўзлаётган экан, аввало, шу ишқмандликдан воз кечиши шарт. Бошқача айтганда, клуб ва ўз шогирдларига нисбатан муҳаббатдан миллий жамоани устун қўйиши керак.

Дейлик, айни пайт Игорь Сергеев мутлақо яхши формада эмас. Миллий жамоамиз эса навбатдаги учрашувларда яримта имкониятдан ҳам гол уришни эплайдиган голеадор ҳужумчига эҳтиёж сезиши тайин. Хўш, Игорь Хитой клубида  нечоғли ўйин амалиётига эга бўлмоқдаю, нечта гол урди? Савол туғилади: унинг ўрнида миллий чемпионатимиз бош тўпурарини синаб кўришга нима халақит беради? Ахир замонавий футбол қонуни оддий-ку - ўйин пайти ким яхши спорт формасида бўлса, майдонга айнан у тушади. Шу ёзилмаган қонуниятга кўра, футболчининг олдин қандай ўйнаганию, авваллари нечоғли наф келтиргани этиборсиз қолиши керак.

Боз устига, «Пахтакор»нинг жорий чемпионатдаги аҳволини ҳаммамиз жуда яхши биламиз. Омадсизлик табиийки, футболчиларнинг руҳий ҳолатларига салбий таъсир қилади. Қолаверса, «Пахтакор»нинг айни натижалари унинг аъзолари қандай спорт формасида эканликларига нишона. Бироқ Бабаян буларнинг барчасидан кўз юмганча миллий жамоага айнан «пахтакорчилар»ни кўпроқ чақирмоқда. Энг қизиғи, 2 йилча олдин «Пахтакор» чемпион бўлганида, миллий жамоани бошқарган Миржалол Қосимов унинг ўйинчиларини йиғинларга чорламай, энсамизни роса қотирганди. Наҳотки, буларнинг барчаси тактикага боғлиқ бўлса? Дейлик, чемпионатимиз етакчи жамоаларидан бири  «Насаф»дан ким чақирилмоқда? Қандай мураббий кучли ҳисобланади? Жавоб битта - қўл остидаги йигитларнинг савияларига қарамай, уларни ўз тактикасига мослаштириб, натижани таъминлайдиган мураббий! Шу маънода айтсак, Бабаян ҳам энди даврани кенгроқ олиши, «Фалончи тактикага мос келмайди» қабилидаги гапларни йиғиштириб, энг муносибларни ўйнатиш ва улардан максимал наф чиқаришни ўйлаши зарур. 

Охирги ўйинларда дилни хира қилган яна бир ҳолат жамоанинг ўнг қанот ҳимоясига боғлиқ. Назаримда, шу позиция айни пайт термамизнинг энг заиф нуқтаси бўлиб турибди. Рақиблар бунга кучли эътибор қаратишларигача барчасини тўғрилаш мақсадга мувофиқ. Ҳа, Ислом Тўхтахўжаевнинг иқтидорига шубҳа билан қарашга асло асос йўқ. У ажойиб ўйинчи ва толмас жангчи. Лекин Исломнинг ўз позициясида ўйнамаётгани унинг мухлислар олдидаги обрўсига ҳам путур етказмоқда. Қўпол айтганда, айрим мухлисларимиз эндиликда Тўхтахўжаевга нўноқ, оғир ўйинчидай қарамоқдалар. Аслида эса бундай эмаслигини барчамиз яхши биламиз. Минг афсуски,  Роналдудек тезкор, шиддатли Сардор Рашидов ҳам айни пайт яхши ҳолатда эмас экан. Ишқилиб, Сардор ҳам замонавий футболда моддий рағбат қурбонига айланган  кўплаб иқтидорлар сафини тўлдирмасин-да. Дейлик, Марио  Балотеллидек истеъдодни айнан пул «сўндирди». Шу маънода айтсак, Сардор Қатар чемпионатида узоқ қолмаслиги керак. Чунончи, ушбу биринчилик ҳамюртимизнинг талаб даражасида ўсишига ёрдам бермайди. Биз эса Рашидовни яқин келажакда Осиё даражаси эмас, дунё миқёсида сара юлдузлар қаторидан жой олишини истаймиз. Ҳа, Қатар чемпионати айни ҳолатида ўзимизникидан анча юқорида - ҳам рақобат, ҳам футболчилар савияси ва инфратузилма бобида. Аммо унинг еврофутболдан анча йироқда эканлиги барчага аён.

Яна жамоамизга қайтсак, бахтимизга, ҳозирча «сеҳрли таёқча» иш бериб турибди. Бироқ унинг ҳар доим наф келтиришига кафолат борми? Албатта, тушунарлики, бундай  мулоҳазалар, туйғулар Самвел Бабаянга ҳам ёт эмас. Шубҳа йўқ, унинг кўп нарсаларга ақли етади, футболни ҳар қандай мухлисдан яхшироқ тушунади. Лекин туман ичида қолган инсонлар бир-бирларига ишора беришса, чақиришса, ёруғ йўлга қайта чиқиб олишади. Шуни назарда тутиб, баъзи мулоҳазаларимни қоғозга туширдим ва асосан салбий фикрлар учун мухлисларимиздан узр сўрайман. Ахир кўпчилик ҳозирдан байрамни бошлаб юборди. Ҳа, 2та ғалаба ва 100 фоизли натижа жиддий аргумент. Аммо такрор айтаманки, баралла байрам қилишга ҳали эрта. Самвел Бабаян, футболчиларимиз ва барча-барчамизга ҳар бир турдан сўнг шу эрталик тобора яқинлашиши тарафдориман, албатта. Байрамни Россия-2018 мундиалида ҳам бевосита давом эттириш насиб этсин, Азизлар!

Улуғбек Султонов, Учтепа тумани

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
1 Челси 20 49
2 Тоттенхэм 21 45
3 Ливерпуль 21 45
4 Арсенал 20 41
5 Манчестер Сити 20 41
6 Манчестер Юнайтед 20 37
7 Эвертон 21 33
8 Вест Бромвич 21 29
9 Сток Сити 21 27
10 Бёрнли 21 26
11 Борнмут 21 25
12 Вест Хэм 21 25
13 Уотфорд 21 23
14 Саутгемптон 20 21
15 Лестер 21 21
16 Мидлсбро 21 20
17 Кристал Пэлас 21 16
18 Халл Сити 21 16
19 Сандерленд 21 15
20 Суонси 21 15
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

«InterFUTBOl» газетаси 5-сонининг юзи

  • ЖЧ-2018 САРАЛАШИНИНГ ОСИЁ ҚИТЪАСИ 3-БОСҚИЧИДА ЎЗБЕКИСТОН ТЕРМА ЖАМОАСИ ГУРУҲДА НЕЧАНЧИ ЎРИННИ ЭГАЛЛАЙДИ?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.