Қайднома

Қидирув

УЗОҚ КУТИЛГАН СИФАТ ВА НАТИЖА

УЗОҚ КУТИЛГАН СИФАТ ВА НАТИЖА

  16.10.2016 19:49
  0
  648
УЗОҚ КУТИЛГАН СИФАТ ВА НАТИЖА

11 октябрь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2018 саралаш босқичининг навбатдаги 4-туридан жой олган Хитойга қарши ўйинини ўтказди. Ушбу учрашувнинг муҳимлиги шунда эдики, агарда биз ўз майдонимизда яна очко йўқотганимизда, Россияга бориш имкониятимизни кескин тушириб юборишимиз мумкин эди. Эронга қарши намойиш этилган ўта суст ўйиндан керакли ва тўғри хулоса қилиниб майдонга чиқиш зарур эди. Амалда шундай ҳам бўлди. Қуйида учрашув давомида содир бўлган эътиборга молик эпизодлар ва ўйинга таъсир этган факторлар хусусида фикрлар келтириб ўтилган.

ЎЙИН ҲАҚИДА

Дарҳақиқат, олдинги ўйиндан керакли хулосалар қилинган кўринади шекилли, ўйинни футболчиларимиз ўта кескин ва агрессив руҳда бошлашди. Аммо, шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, Чин юрти вакиллари ҳам айнан шундай кайфиятдаги ва руҳдаги футбол таклиф этишди ва бунга ҳар томонлама тайёр эдилар. Икки томоннинг кучи тенг келди чоғи, дарвозалар томон зарбалар учрашув бошида ва умуман биринчи тайм давомида жуда кам берилди. Бизнинг футболчиларимизнинг дарвоза томон тепган биринчи зарба (ноаниқ бўлса ҳам) 20-дақиқадан ўтибгина берилгани гапимизга исбот деб ҳисобласак бўлади. Қизиқарлиси, хитойликлар ҳам бу борада биздан қолишмадилар.

Агрессив ва курашларга бой ўтган биринчи тайм майда фолларга ва жароҳатларга бой бўлди. Айниқса, Д. Ҳошимовнинг хитойлик химоячи Сун Ке билан тўқнашувидан кейин рақиблар биринчи алмашинувни амалга оширишди. Албатта, тезкор ва ҳужумкор ўйинларда бу одатий ҳол.

Миллий терма жамоамизнинг дастлабки бўлимдаги ўйинига баҳо берадиган бўлсак, асосан комбинацион ва тезкор ҳужумларни қайд этиб ўтиш керак. Эрон билан намойиш этилган ўйиндан фарқли ўлароқ, бу ўйиндаги ҳужумларда қандайдир маъно ва мантиқ сезилгандай бўлди. Тўғри, термамизнинг анча йиллардан бери қўллаб келаётган қанотлар орқали ҳужум стратегияси кўпчилик учун сюрприз бўлмаган бўлиши мумкин, аммо ундаги сифат бу сафар бошқача бўлди. Айниқса В. Денисовнинг қанотдан ёриб ўтишлари ва айнан унинг қанотида ва унга нисбатан жуда кўп фоллар натижасида стандартларга эга бўлдик. Қизиғи, ўнг томонда ҳам Шомуродов-Ҳошимов жуфтлиги бир-бирини тўлдирган ҳолда жуда фойдали ўйин намойиш этишди. Бабаян ишонч билдирган Бикмаев ҳам ўйинда йўқолиб қолгани йўқ. Ниҳоят, бош мураббий Сергеевни ўз нуқтасида ўйнатди. Демоқчиманки, аввалги ўйинларда Игорь ҳужумкор ярим ҳимоячи вазифасини бажариб қанотдан марказга ҳаракатланиб турарди. Биламизки, бу амплуани унга Хитойда “сингдиришмоқда” ва Бабаян бир неча бор хитойлик касбдошлари борган йўлдан борди ва адашган эди. Марказий ҳужумчи ролида кеча Сергеев жуда фаол ўйнаб икки ҳимоячини ўзида ушлаб турди ва бўш ҳудудлар яратди. Жепаров ва Ахмедовлар марказни яхши ушлашди ва қанотларга ўтиб ҳужумларни бошлаб беришди. Айниқса Одилнинг амалга оширган “рейд”лари жуда хавфли чиқди.

Иккинчи бўлим кескин ва тезкор руҳда ва Ўзбекистон миллий терма жамоа аъзолари устунлигида бошланди ҳамда ушбу устунлик тезда ҳисобда акс этди. Кўплаб хитойлик ярим химоячилар ҳужумга ўтиб кетганликларидан фойдаланиб футболчиларимиз қарши ҳужум ташкил этишди ва Шомуродов ошириб берган тўпни Бикмаев дарвозабон билан деярли бирга-бир чиқиб узоқ масофадан дарвозани аниқ мўлжалга олди. Кейнги вазифа аниқдай кўринди: ҳимояни яхши ушлаб қарши ҳужум ва стандартлардан максимал даражада фойдаланиш. Бу тактика ҳам ўз самарасини берди. Ўзи шундоқ ҳам ҳисобда олдинда бора туриб яхши ўйин намойиш этаётган терма жамоамиз ҳисобни О. Шукуровнинг голи ҳисобига мустахкамлади. Тўғри, гол “рикошет” ҳолатидан кейин киритилди, аммо шуниси аниқ эди, бу вазиятда гол бўлмаганида, кейинроқ албатта тўп киритилар эди. Чунки, айтганимдай, голнинг “ҳиди” бундан олдин ҳам келаётган эди. Сергеев ва Денисовнинг зарбалари тўсинга тегиб қайтгани бунга исбот.

Умуман олганда, хитойликлар ҳам жуда ёмон ўйнашгани йўқ. Улар муносиб қаршилик кўрсатишди. Шунчаки, бизникилар руҳан яхшироқ тайёргарликка эга эдилар. Фикримча, айнан шу фактор эвазига ғалаба биз томонда бўлди. Уларнинг 2-3 та “ҳамла”  лари айниқса жуда хавфли чиқди. Лобанов ва ҳимочиларнинг бехато ўйинлари бизни голдан сақлаб қолди.

Шу тариқа, ўйин бизнинг устунлигимизда ўтиб бизнинг ғалабамиз билан якун топди. Биз жуда ҳам керакли уч очкони қўлга киритдик ва жадвалдаги ҳолатимизни яхшилаб олдик. Ха, афсуски, фақатгина яхшилаб олдик. Агарда, эронликлар билан ҳеч бўлмаганда бир очко олганимизда вазифамиз бир мунча осонлашиб, жадвалда пешқадам бўлардик.

 

            МУРАББИЙЛАР ТЎҒРИСИДА

            Иккала мураббийнинг ҳам олдида жуда қийин вазифа турганилиги ҳеч кимга сир эмас. Хитойликларнинг парадоксал салбий натижалари, Ўзбекистон терма жамоасининг эса беқарорлиги кўпчиликни хайратлантиргани рост. Мураббийларнинг вазиятдан қандай қилиб чиқиб кетишларини кузатиш мухлислар, мутахассислар учун жуда қизиқарли бўлган бўлиши мумкин. Айниқса, хитойлик мураббий Гао Хонгбо учун салбий натижа истеъфони англатишини маҳаллий нашрлар қайд этишган эди.            Хайриятки, Самвел Вячеславович, тўғри тактика ярата олди ва энг муҳими футболчиларга керакли сўзларни айтиб уларни руҳлантира олди. Акси бўлганда, биз яна олдинги ўйиндаги сценарийни кўрардик.

 ҲАКАМЛАР ТЎҒРИСИДА

Умуман олганда, шри-ланкалик хакамлар бригадаси ўйинни ёмон бошқаргани йўқ.  Учрашув фақатгина майда фолларга бой ўтганлигини инобатга олсак, ўйин ҳакамга оғирлик қилмади, менимча. Тўғри, бош ҳакам бир-икки вазиятда сариқ карточкага тортадиган вазиятларда футболчиларни аяган бўлиши мумкин, аммо, фикримча, ҳисобга ва ўйинга таъсир этувчи хатоликларга у ва унинг ассистентлари йул қўйишмади. Қолганини баҳолаш, мутахассислар ихтиёрида!

МУХЛИСЛАР

Ўйинга қизиқиш юқори бўлганлиги учун Хитойдан 200 дан зиёд ишқибозлар ва 70 дан зиёд журналистлар келишгани хабар қилинди. Бу ҳам ўзига яраша ўйинни безади десак янглишмаймиз.

Ўзимизнинг мухлислар ҳақида фикр юритадиган бўлсак, кўпчилик ишқибозларимиз бу сафар ўйинни телевизор орқали кўришни лозим топишди. Биринчи галда бунга асоссий сабаб, юқорида айтиб ўтганимиздай, терма жамоанинг эронликлар билан намойиш этган муваффақиятсиз ўйинидир. Албатта, чипталар билан кузатилаётган воқеалар ҳам таъсирини ўтказмай қолмади, албатта. 21 мингдан ортиқ ишқибозлар барибир шу кеча стадиондан туриб футболчиларимизни олдинга ундаб , бўш қолган 13 минг ўриндиқни ўз ҳайқириқлари билан тўлдиришди.

Умид қиламизки, кейинги учрашувларда терма жамоамиз янада ёрқинроқ ўйин намойиш этиб мухлислар эътиборини яна қайтаради ва стадион аввалгидай тўлиб-тошади.

 

ХУЛОСА

Ха, ўзимиз хоҳлагандай уч очкога эришдик. Ҳар тарафлама жуда ҳам қийин кечган учрашувда муносиб рақибга қарши узоқ кутилган сифатли ўйинни кўрсата олдик. Албатта, бу уч очко бизга ҳали ас қотади. Энг муҳими, Эронга ўзимиз бериб қўйган уч очко бизга қимматлик қилмаса бўлди охирида.

Шунингдек, футболчиларимизга раҳмат айтиб қўйган ҳолда, шуни айтмоқчиманки, сизлар кеча ютган ўйин бу авваламбор мухлислар олдидаги ўзига хос “реабилитация”. Сизлар аслида қандай ўйнай олишларингни амалда кўрсатдинглар ва шу руҳда давом этишингиз зарур.

Чиройли ғалабадан сўнг, қандайдир танқид қилиш ҳам ёқмас экан. Аммо, барибир ҳаммасига холис баҳо бериш керак. Кўрсатилган ўйин чакки чиққани йўқ, лекин ярим ҳимоя билан ҳужум ўртасида якдиллик ҳали-ҳамон сезилмаяпди, яъни яратувчанлик юқори даражада эмас. Бу эса ўз-ўзидан сермаҳсулликка эришишда тўсқинлик қилмоқда. Қачонки бизнинг ҳужумчилар тўпни дарвозага орқалари билан туриб қабул қилишни тўхтатиб, яна орқага пас беришни бас қилишса, шунда кўпроқ гол кўрармидик, менимча.

Нима бўлганда хам, биз ғалаба қозондик ва бу қўйилган энг муҳим қадамлардан биридир. Кейинги Жанубий Корея билан бўладиган ўйинга шиддат ва шижоат билан тайёрланиб, сув ва ҳаводек зарур бўлиб турган очколар билан қайтишга умидвормиз.

Жасур Саломов

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
1 Челси 20 49
2 Тоттенхэм 21 45
3 Ливерпуль 21 45
4 Арсенал 20 41
5 Манчестер Сити 20 41
6 Манчестер Юнайтед 20 37
7 Эвертон 21 33
8 Вест Бромвич 21 29
9 Сток Сити 21 27
10 Бёрнли 21 26
11 Борнмут 21 25
12 Вест Хэм 21 25
13 Уотфорд 21 23
14 Саутгемптон 20 21
15 Лестер 21 21
16 Мидлсбро 21 20
17 Кристал Пэлас 21 16
18 Халл Сити 21 16
19 Сандерленд 21 15
20 Суонси 21 15
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

«InterFUTBOl» газетаси 5-сонининг юзи

  • ЖЧ-2018 САРАЛАШИНИНГ ОСИЁ ҚИТЪАСИ 3-БОСҚИЧИДА ЎЗБЕКИСТОН ТЕРМА ЖАМОАСИ ГУРУҲДА НЕЧАНЧИ ЎРИННИ ЭГАЛЛАЙДИ?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.