Қайднома

Қидирув

Янги мавсум арафасидаги эски муаммо

Янги мавсум арафасидаги эски муаммо

  19.12.2016 06:41
  0
  407
Янги мавсум арафасидаги эски муаммо

Мана, Осиё Чемпионлар Лигасининг келгуси икки мавсуми учун квоталар тақсимоти аниқланди. Унга кўра, Ўзбекистон чемпионатига 3та ўрин ажратилди. Аниқроғи, битта бутун ва икки ёрти чипта. Футбол тили билан айтганда - «1+2». Яъни жорий мавсум чемпионликни қўлга киритган «Локомотив» гуруҳ босқичидан баҳсларга қўшилса, кучли учликдан ўрин олган «Бун­ёдкор» ҳамда «Насаф» жамоаларининг аввало, саралашдан ўтишларига тўғри келади. Уларнинг рақиблари ҳам маълум ва бу борада қаршиликларга бироз қийин, албатта. Чунки «аждарлар» гуруҳ раунди йўлида 2та рақиб тўсиғини енгиб ўтишлари лозим. Хуллас, «Насаф»дан  аввалига Қаршида Баҳрайннинг «Ал-Ҳидд» клуби қаршилигини синдириш, кейин эса Саудия Арабистонида «Ал-Фотиҳ»дан устун келиш талаб этилади. Ўз навбатида, «Бунёдкор»ни ҳам олдинда мураккаб учрашув кутиб турибди. «Қалдирғочлар» «плей-офф» раундида бир мартагина майдонга тушадилар, аммо шу ягона ўйин ОЧЛ-2016 ярим финалчиси «Ал-Жаиш»га қарши кечади. Бу жамоани мухлисларимизга алоҳида таништириш шарт эмас, чунки таркибида Сардор Рашидов бор. Шунингдек, яна бир қатор кучли футболчилар ҳам. «Бунёдкор»га қай даражада оғирлигини билиш учун «Насаф»нинг бу йил «Ал-Жаиш»га қарши ўтказган ўйинларини эслаш кифоя - қаршиликлар ўз майдонларида нурсиз дуранг қайд этиб, сафарда 0:1 ҳисобида мағлубиятга учрагандилар.

ОЧЛ ОЛДИДАН

Осиё Чемпионлар Лигасида бирорта жамоамиз ҳали ғолиб чиқиш у ёқда турсин, финалда ҳам ўйнамаган. Ярим финал юзини кўрганлар бор, албатта - «Пахтакор» ва «Бунёдкор». Аммо бунга анча бўлди-ёв... Эътиборлиси, қачон шундай натижа қайд этилмасин, ҳар сафар клубларимиз ўз даражаларидан бир бош баланд ўйнашгани туфайли ютуққа эришганларини яхши биламиз. Шунда ҳам ОЧЛда ғолиб чиқишимизга тўлиқ ишонолмаганмиз ва тўғри ҳам қилганмиз. Оддий мисол, «Локомотив»нинг бу йилги иштирокини олайлик. Келаси мавсум қандайдир ўзгариш бўлармикан? Балки «темирйўлчилар» нимадир кўрсатишар, аммо шу «нимадир»нинг адади ярим финалдан ўтишига ишониш қийин. Бундай кетишда ўзбек клублари финални фақат орзу қилаверишади, шекилли...

Йўқ, бу билан ҳозирдан қўлни ювиб, қўлтиққа урсак бўлаверади, демоқчи эмасмиз асло. Аксинча, Чемпионлар Лигасида қатнашишдек масъулиятли вазифа зиммасига тушган клублардан энди кўп нарса кутишга ҳақлимиз. Ахир бунинг учун озмунча пул сарфланяптими? Хўш, шу мақсад йўлида қайси клуб қандай ишларни амалга ошириши лозим? Келинг, ҳозир шу ҳақда алоҳида суҳбатлашамиз.

«НАСАФ»

«Насаф» ўтган мавсум Осиё Чемпионлар Лигасида гуруҳдан чиқолмади. Чиқолмаслик у ёқда турсин, охирги ўринда қолиб кетди. Аммо шунда ҳам қаршиликлар намойиш этган ўйин ва натижа кутилганидан-да яхшироқ бўлганини такрорлашдан уялмаймиз. Очиқ гап, «Насаф»дан бундай дадилликни кутмагандик. Зеро, жамоанинг қитъа даражасидаги кучли рақибларга қарши кечадиган ўйинларда нафақат ғалаба қозониши, балки очко олиши ҳам қийиндек кўринганди. Аммо Рўзиқул Бердиев шогирдлари ўз майдонларида кечган учрашувларда бирор марта  мағлубиятга учрамадилар ва «Ал-Аҳли»ни 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, «Ал-Жаиш» (0:0) ҳамда «Ал-Айн» (1:1) билан дуранг ўйнадилар. Бу мухлисларни анча хушнуд этгани турган гап, қаршиликларнинг  гуруҳда охирги ўринда қолиб кетганларига қарамай. Агар «Насаф» ОЧЛга фақат грандлар билан дуранг ўйнаш учун чиққан бўлса, бу яхши, албатта. Аммо гуруҳдан чиқиш ва муносиб натижага эришишни мақсад қилган клуб учун 4та иштирокчи орасида 4-ўринни олиш мақтанарли ҳолат эмас. Тан олиш лозим, «Насаф»га ўтган мавсум кучли ижрочилар етишмади. Клубнинг кўп йиллик етакчиси Артур Геворкяннинг ўйинидаги пасайиш мавсум бошиданоқ сезилиб қолганди. Бобур Абдухолиқов эса ҳали анча ёш ва бундай вазифани уддалашга тажрибаси етмайди. Тўғри, «Насаф» ёзги давралар оралиғида таркибдаги бўшлиқни тўлдириш учун Фозил Мусаев ва Шаҳбоз Эркинов каби маҳаллий футболчилар ҳамда бир қатор легио­нерлар билан шартнома имзолади. Балки Огнен Красич, Драган Черан ва Игорь Голбан жуда юқори савияли легионер эмасдирлар, бироқ олий лигада анча фойдалари теккани аниқ. Хусусан, Драган Черан иккинчи даврада сафга қўшилганига қарамай, 12та гол билан жамоанинг энг яхши тўпурари мақомини олди. Бироқ бу голлар келаси мавсум ОЧЛда ҳам урилармикан? Бунисига жавоб бериш анча қийин. «Насаф» янги мавсумда натижаларни янада яхшилашни истаса, энг аввало, таркиб масаласида жиддий иш олиб бориши лозим. Албатта, Умар Абдулраҳмон, Дуглас, Асприлья ва Бастос даражасидаги ўйинчиларни олиб келиш қийин, аммо лоақал янги Геворкянлар топилмаса, «Насаф»­нинг келаси мавсум ҳам гуруҳда сўнгги ўринда қолиб кетиши эҳтимоли анча катта. Агар аввалига ўша гуруҳ йўлланмаси қўлга киритилса, албатта.

«БУНЁДКОР»

Охирги йилларни инобатга олсак, энг кучли таркиб барибир, «Бунёдкор» ихтиёрида жамланганини тан олиш лозим. Тўғри, «Локомотив» бу борада ташаббусни тортиб олганига анча бўлди. Аммо «қалдирғочлар» фақат ўзларидан ортган етакчиларни «темирйўлчилар»га оширишгани туфайли ҳам рақобатбардошликни сақлаб қолишди. Хуллас, «Бунёдкор» ҳар доим кучли легионерлар хизматига таянган. Ҳаттоки, энг кучсизланиб қолган вақтларида ҳам. Масалан, япониялик Сато Минори ақлли ўйин жиҳатидан кўп мақталган Кахи Махарадзе ва Артур Геворкяндан сира қолишмайди. Шокир Зуаги ҳақида ҳам шундай гапларни такрорлаш мумкин. Бу икки футболчининг бир камчилиги бор, холос - жисмоний тайёргарлик. Қолган жиҳатларда эътирозга ўрин йўқ. Бир сўз билан айтганда, гарчи Юрица Бульят ва Александр Алемпиевич каби легионерлар жамоага қаердан келиб қолишганини тушуниш қи­йинроқ бўлса-да, «Бунёдкор»да кучли легионерлар ўйнашган, барибир. Қолаверса, клуб ўз мактабидан етишиб чиққан иқтидорлар эвазига яхши таркибга эга бўлиб келган, ҳозир ҳам шундай. Бироқ «қалдир­ғочлар»нинг энг катта муаммолари - бу барқарорликка эришолмаслик. Ўтган мавсум Осиё Чемпионлар Лигасида «Бунёдкор»га айнан шу жиҳат етишмади. Сергей Лушан шогирд­лари мавсумни одатдагидек кўтаринки руҳда бошладилар ва «Ал-Шабаб»ни мағлубиятга учратиб, гуруҳ босқичи йўлланмасини қўлга киритдилар. Аммо асосий ўйинларда ишонч оқланмади - бирорта ғалаба қайд этолмаган клуб 3тагина очко билан сўнгги ўринни «брон» қилди. Ёдингиздами, «Бунёдкор» 2 йил муқаддам ҳам шунга ўхшаш натижа қайд этганди. Демак, олдинга силжиш кузатилмаяпти. Энди «қалдирғочлар» янги мавсум олдидан таркибни кучайтириш йўлида бир қатор ишларни амалга оширишлари шарт. Тўғри, дунё даражасидаги юлдузларни таклиф этиш хусусида гап йўқ, аммо клуб мактабидан яна янги Шомуродов ва Ҳамдамовлар етишиб чиқишса, шунинг ўзи кифоя. Бироқ ёш футболчиларда битта камчилик ҳар доим кўзга ташланади - улар барқарорлик бобида мақтанолмайдилар. Мисол учун, «Арсенал» айнан шу муаммо туфайли  ҳар йили 4-ўрин билан кифояланмоқда. Худди «Бунёдкор» ОЧЛда «йиқилиши» сингари. Фақат фарқ шундаки, Анг­лия премьер-лигасида 4та эмас, 20та жамоа иштирок этади. Хулоса - «Бун­ёдкор» ҳам токи барқарор ўйнашни ўрганмас экан, шу тўртликдан юқорига кўтарилиши қийин бўлса керак. Бунинг учун нима қилиш лозимлигини эса, клуб мутасаддилари яхши биладилар.

«ЛОКОМОТИВ»

«Темирйўлчилар» ўтган йилги мавсумга нисбатан анча ўсишга эришдилар. Бу эътироф нафақат жамоа қайд этган натижа, балки намойиш этилаётган ўйинга ҳам тааллуқли. «Локомотив»да ниҳоят, ўз кучига ишонч ҳисси сезилди. Олий лигадаги ғалаба ва Чемпионлар Лигасида чорак финалга қадар босиб ўтилган йўл айнан шу ишонч самарасидир. Бироқ клуб жорий йилги натижаси билан чекланиб қоладиган бўлса, яна 2-3 йилдан сўнг аввалги ўрнига қайтиши ҳеч гап эмас. Ўзи бирор натижага эришишдан кўра, уни ушлаб қолиш ҳар доим қийин саналади. «Локомотив» эса уни нафақат ушлаб қолиши, балки янада ўсиши лозим. Агар жамоа Чемпионлар Лигасида чорак финалга чиққанини яна узоқ йиллар эслаб юришни истамаса, албатта. Омадсизларнинг асосий камчилиги - қайсидир йили тасодифан қўлга киритилган натижани эслаб, юбилей саналарни нишонлаб юриш бўлса керак. Албатта, бу билан Хиросима-94ни эсламоқчи эмасмиз, шунчаки, бир гапни такрорлаймиз - агар «Локомотив» бу йилги натижага таяниб қолса, қаттиқ адашади. Тўғри, «темирйўлчилар» охирги мавсум биз кутгандан яхшироқ ўйин намойиш қилдилар ва сал қолса, ОЧЛ ярим финалига чиқишарди. Бироқ барибир, тан олиш лозим, ярим финалга «Локо»дан кўра, «Ал-Айн» кўпроқ муносиб эди. Вакилларимизнинг эса бундай натижа учун ҳали кўп ишлашларига тўғри келади. Чорак финал эслаб юришга арзийдиган ютуқ эмас. Шундай экан, «Локомотив» энди дарҳақиқат, хотирлашга муносиб натижа қайд этиши лозим. Бунинг учун нима қилиш керак? Энг аввало, ҳимояда тартибли ўйнашни ўрганиш муҳим. Агар келаси мавсум ҳам «темирйўлчилар»нинг куни Неманья Яничичга қолсами, аҳвол анча оғирлашиши тайин. У каби легионерлар савиясидаги футболчилар ўзимизда ҳам етарлича топилади. Шундай экан, таркибга кучли ўйинчиларни жалб этиш мақсадга мувофиқ. Ўз навбатида, мавжуд кучли ижрочиларни ҳам олиб қолиш шарт. Темурхўжа Абдухолиқов «Локомотив» тарихида бир мавсум давомида 20тадан кўп гол урган илк форвардга айланди. Айтишларича, ҳозир унга Малайзия­дан кучли қизиқиш бор экан. «Темирйўлчилар» кучли клуб мақомини сақлашни исташса, мана шундай футболчиларни қўйиб юбормасликни ҳам ўрганишлари лозим.

ЯКУН

Ўзбек клублари Осиё Чемпионлар Лигасида ғалаба қозона олишадими? Албатта, ҳа. Футболда ҳар қандай натижа қайд этиш мумкинлиги ўтган мавсум  «Лестер» клуби ва Португалия терма жамоаси мисолида яна бир карра  исботланди. Бироқ бу исбот кўпроқ тасодиф ва омадга асосланиши ҳам аниқ. Тасодифий ютуқларнинг умри эса узоқ бўлмайди. Ишонмаганлар «Лестер»нинг АПЛдаги натижаларига бир қарашсин. Биз албатта, клубларимизнинг ютуқлари арзирли ва давомийлик касб этишини истаймиз. Бунинг учун кўп ишлаш лозимлиги барчага аён. Хўш, клубларимиз бунга тайёрми?

ЗАФАР Қосимов

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
1 Челси 20 49
2 Тоттенхэм 21 45
3 Ливерпуль 21 45
4 Арсенал 20 41
5 Манчестер Сити 20 41
6 Манчестер Юнайтед 20 37
7 Эвертон 21 33
8 Вест Бромвич 21 29
9 Сток Сити 21 27
10 Бёрнли 21 26
11 Борнмут 21 25
12 Вест Хэм 21 25
13 Уотфорд 21 23
14 Саутгемптон 20 21
15 Лестер 21 21
16 Мидлсбро 21 20
17 Кристал Пэлас 21 16
18 Халл Сити 21 16
19 Сандерленд 21 15
20 Суонси 21 15
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

"INTERFUTBOL" 6 FACE

  • ЖЧ-2018 САРАЛАШИНИНГ ОСИЁ ҚИТЪАСИ 3-БОСҚИЧИДА ЎЗБЕКИСТОН ТЕРМА ЖАМОАСИ ГУРУҲДА НЕЧАНЧИ ЎРИННИ ЭГАЛЛАЙДИ?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.