Қайднома

Қидирув

Янги футбол маркази

Янги футбол маркази

  20.12.2016 04:39
  0
  793
Янги футбол маркази

Яна қишки трансферлар бозори эшик қоқмоқда, жамоалар мавсумолди ўқув-йиғин машғулотларини бошламоқдалар. Айни шу сабабга кўра, футболчиларнинг бир жамоадан иккинчисига кўчиб ўтишлари мухлисларни кўпроқ қизиқтирмоқда. Мазкур мақола ёзилиши арафасида Лионель Месси, Златан Ибрагимович, Алексис Санчес, Сеск Фабрегас каби машҳур футболчиларга Хитой клубларидан тушаётган таклифлар ҳақидаги хабарлар тарқалди. Мамлакатимиз футбол мухлисларининг бундай гап-сўзларга алоҳида эътибор қаратишлари табиий. Зеро, яқин келажакда Одил Аҳмедовнинг ҳам Хитой супер-лигасида тўп суриши эҳтимоли йўқ эмас. Демак, келгусида етакчи футболчимиз яна жаҳоннинг машҳур юлдузларига рақиблик қилади ёки улар билан битта жамоада ўйнайди. Умуман, Одил Аҳмедовнинг Хитой супер-лигасида ҳам худди «Анжи» ва «Краснодар»даги каби ўзи учун янги оламни кашф этиши аниқ, трансфери амалга ошса, албатта. Шу маънода биз баъзи мухлислардан фарқли ўлароқ, Одилнинг Хитой супер-лигасига кўчиб ўтиши тарафдоримиз. Нега? Чунки миллий жамоамиз сардори Россия премьер-лигасида имкониятларини шараф билан синовдан ўтказди, нималарга қодирлигини амалда исботлади. Вақт ўтиб, шундай вазият етилдики, унда янги футбол ҳавосига эҳтиёж сезилди.

Хўш, биз назарда тутаётган эҳтиёж қайси омилларда яққол кўзга ташланади? Аввало, шуни таъкидлаш жоиз, Аҳмедов миллий жамоа таркибида майдонга тушар экан, рақиблар ва айрим жамоадошлари ҳаракатларидан азият чекди, асабийлашди. Бошқача айтганда, Россия футбол ҳавосига кўниккан Одилда  осиё­ча тўп суришни қабул қилолмаслик кайфияти кузатилди. Жанубий Корея ва Япония футбол муҳитида бундай босим билинмайди. Чунки ҳар икки юртнинг еврофутболда фаолият юритадиган лигионерлари кўпчиликни ташкил этишади. Қолаверса, Жанубий Корея ва Япония миллий чемпионатларидаги муҳит еврофутболга нисбатан яқин. Одил Аҳмедов ва Виталий Денисовда бундай қулайлик йўқ. Миллий феъл-атвор нуқтаи назаридан қарасак, Виталий Денисовда ҳам бу каби кўзда тутилмаган босим кузатилмаслиги мумкин. Одил Аҳмедов эса бу жиҳатлар бўйича бошқалардан мутлақо фарқланади. Чунки у нафақат ажойиб футболчи, балки мухлислар эътиборида турадиган етакчи шахс ҳамдир. Тушунарлики, алоҳида эътиборда турадиган шахсларга ҳеч қачон осон бўлмаган ва бундан кейин ҳам осон бўлмайди. Одил Аҳмедовнинг Хитой супер-лигасида тўп суриши эса, табиий равишда миллий терма жамоамизга дахлдор баъзи муаммоларни ҳал қилишда қўл келади. Ҳарқалай, жамоамиз олдида турган муҳим учрашувлар арафасида унинг Хитой футболи билан яқиндан танишуви биз учун ғоят фойдалидир.

Биринчидан, Одил каби меҳнаткаш етакчининг фаолиятидаги янгиланиш, таъбир жоиз бўлса, футболимиз учун кутилмаган уфқларни очади. Албатта, ҳаммасини вақт кўрсатади. Бироқ озгина илгарилаб айтамизки, Хитой супер-лигаси тимсолида қитъамизда янги футбол маркази бўй ростламоқда. Анъанавий ва минтақавий жиҳатлар боис, Жанубий Корея ва Япония футболи оммавийлик касб этиши қийин. Қатар Юлдузлар лигаси эса у ердаги аҳоли сони нуқтаи назаридан келажаги порлоқ ҳисобланмайди. Хитой футбол муҳитида эса тараққиёт учун зарур барча жиҳатлар мужассам. Марчелло Липпидек машҳур мураббийнинг Хитой терма жамоасини бошқараётгани ҳам фикримиз далилидир. Италия миллий жамоаси билан жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан мутахассис бежиз хитойликлар таклифини қабул қилмаган. У аввалига «Гуанжоу Эвергранд» клуби билан ОЧЛ бош сов­ринини ютди ва шу жараёнда Хитойдаги футбол ислоҳотлари келажагига ишонди. Мана, энди Одил Аҳмедовни Феликс Магатдек мураббий қўл остида тўп суриши кутилмоқда. «Темир Магат»нинг еврофутболдаги обрў-эътибори ортиқча таърифга муҳтож эмас. Шундай мураббийнинг маҳорати ва тажрибаси табиийки, Хитой футболи ривожига жуда асқотади. Боз устига, мамлакат клублари ҳаттоки, Лионель Месси ва Златан Ибрагимовичдек даҳо футболчиларга фантастик миқдорда иш ҳақи беришга тайёр туришибди. Бошланаётган фаол ҳаракат сабаб, Хитой супер-лигаси тез орада еврофутболга рақобат туғдирадиган даражага кўтарилиши ҳеч гап эмас. Яна такрорлаймиз, юқорида таъкидланган сабабларга кўра, Жанубий Корея ва Япония чемпионатлари «аншлаг»дан холи қолаверади. Бир вақтлар Хитой иқтисодидаги тезкор мўъжизавий юксалиш бутун дунё­ни ҳайратга солганди. Энди Чин юрти футболи ҳам шундай ақлга сиғмас ишларга ҳозирланмоқда.

Иккинчидан, аёнки, қадимий яқин қўшничилик муносабатлари туфайли футболчиларимиз ҳам бошқа юртдошларимиз каби Хитойда ўзларини нисбатан эркин ҳис қилишади. Шундай экан, Одил Аҳмедовнинг Хитой супер-лигасида тўп суришидан наинки унинг ўзи, балки футболимиз ҳам жуда катта манфаатдордир. Аксарият юртдошларимиз ЖЧ-2018ни Россия стадионларида томоша қилиш иштиёқида юришибди. Уларнинг истак-хоҳишлари тушунарли, албатта. Зеро, бундай имконият ҳар доим ҳам топилавермайди. Узоқ хорижда ўтадиган жаҳон чемпионатига бориш эса барчага ҳам насиб этавермайди. Мамлакатимизда мухлисларнинг ЖЧ-2018ни ўзгача интизорлик билан кутишаётганининг яна бир сабаби шу. Бу - Россия билан ҳудудий яқинлик натижаси. Тахмин қилиш мумкинки, 2030 йилга бориб, Хитой жаҳон чемпионати мезбонлик ҳуқуқи учун жиддий тарзда рақобатлашади. Демак, кун келади ва кўплаб юртдошларимиз жаҳон чемпионати ўйинларини яна бевосита воқеа жойида, тўғридан-тўғри томоша қилиш имкониятига эга бўлишади. Маълумки, 2002 йили Жанубий Корея ва Японияда ўтказилган жаҳон чемпионатига бориш юртдошларимиз учун эҳтиёжга айланмаганди. Агар энди Хитой жаҳон чемпионатига мезбонлик қилса, бу ҳол юртдошларимизда катта қизиқиш уйғотади.

Хуллас, шундоққина ёнимизда, яқингинада барпо этилаётган кучли ва янги футбол марказининг дадил овози янграмоқда. Бу овозни тинглаш биз учун қулай ва ёқимли. Унутмайликки, жамоамиз фақат Осиё футболи орқали жаҳон чемпионатига боради. Узоқ йиллик кузатишларимиз шуки, миллий футболимизда Жанубий Корея ва Японияда амалда оширилган ишларни такрорлаш - душвор масала. Такрорлаш шарт ҳам эмас. Ҳаттоки, истеъдодли футболчиларимизнинг евроареналарда тобланиш масаласи ҳам анчагина мунозарали мавзу. Еврофутболдаги фаолият кўпроқ «кўҳна китъа» учун фойда келтиради. Бир-биридан кескин фарқланадиган икки футбол ҳавоси аро истеъдодли ўйинчи руҳияти қийналаверади. Тасаввур қилинг, ҳакам қайсидир жамоамизни аввал қизил, кейин олти марта сариқ карточка билан «сийласа», «газак» сифатида  дарвозаси томон пенальти белгиласа, футболчилар ўзларини қандай тутишади? Ҳар ҳолда, бундай вазиятда қайсидир жамоамизнинг сўнгги дақиқага қадар астойдил курашиши тасаввурга сиғмайди. Халқаро учрашувларда неча бор бунга гувоҳ бўлиб, афсуслаганча бош чайқадик. Еврофутбол феъл-атвори эса бу каби босимни кўтаришга тайёр. Акс ҳолда, «Лестер» 2:0 ҳисобида ютқаза туриб, «Сток Сити»дан 1 очко тортиб ололмасди. Ҳаммаси - еврофутбол руҳияти ва Клаудио Раньери меҳнатлари самараси. Қарангки, Хитой футболи шу икки жиҳатни ўзига сингдириш ниятида. Чин юртида истеъдодларни еврофутбол муҳитида тоблашдан кўра, «кўҳна қитъа» юлдузлари ёғдуларидан фойдаланиш маъқул саналмоқда. Ҳақиқатан ҳам, мухлислар ва тараққиёт уйғунлиги ғоят манзур стратегия. Футболимиз мана шу улуғвор стратегиянинг ҳар бир қадамини синчиклаб кузатиб, ўрганиб борса, имкон қадар у билан бирга одимлашга интилса, ислоҳотлар жараёни тезлашади. Зеро, қўшнимиз тараққиёти бизнинг ҳам тараққиётимиздир. Футбол ривожининг қон томири - шу. Футбол тараққиёти шундай қўшничилик билан тирик!

Муҳаммад Вали

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
1 Челси 20 49
2 Тоттенхэм 21 45
3 Ливерпуль 21 45
4 Арсенал 20 41
5 Манчестер Сити 20 41
6 Манчестер Юнайтед 20 37
7 Эвертон 21 33
8 Вест Бромвич 21 29
9 Сток Сити 21 27
10 Бёрнли 21 26
11 Борнмут 21 25
12 Вест Хэм 21 25
13 Уотфорд 21 23
14 Саутгемптон 20 21
15 Лестер 21 21
16 Мидлсбро 21 20
17 Кристал Пэлас 21 16
18 Халл Сити 21 16
19 Сандерленд 21 15
20 Суонси 21 15
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

"INTERFUTBOL" 6 FACE

  • ЖЧ-2018 САРАЛАШИНИНГ ОСИЁ ҚИТЪАСИ 3-БОСҚИЧИДА ЎЗБЕКИСТОН ТЕРМА ЖАМОАСИ ГУРУҲДА НЕЧАНЧИ ЎРИННИ ЭГАЛЛАЙДИ?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.