Қайднома

Қидирув

Ижодкор ақлини йўқотса…

Ижодкор ақлини йўқотса…

  21.12.2016 06:13
  0
  452
Ижодкор ақлини йўқотса…

Тасаввур ҳаддига сиғмас 10та бутса.

Балотеллига тегишли скальп (бош териси), қимматбаҳо тошлар ва бошқа ажабтовурликлар. Авваллари барчаси ўта содда ва оддий эди: бутса масаласида футболчилар 2тагина гуруҳга бўлинарди. Биринчи гуруҳга мансуб ўйинчилар оддийликни қадрлаб, шунчаки, анъанавий қора Adidas Copa бутсаларидан фойдаланишарди. Юлдузлар гуруҳига кирувчи саноқли футболчилар эса янги ва ёрқинроқ, алоҳида кўзга ташланиб турувчи бутсаларни кийишарди. Эндиликда бундай тоифалаш мутлақо йўқ. Ҳар бир футболчи ўз дидига мос турли-туман бутса танламоқда. Ўз навбатида, пойафзал ишлаб чиқарувчиларнинг талабларни қондириш йўлида кўп бош қотиришларига тўғри келмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, ўта ғалати ва сира ақлга сиғмас бутса моделлари ҳам яратиляпти. Кўрайликчи, улар охирги бир неча йил ичида қандай «жинни»ликларга қўл уришди...?

Puma evoPOWER MB 9

Марио Балотеллининг ўзигагина хос телбавор хатти-ҳаракатлари барчага маълум ва машҳур. Хўш, жанжалкаш ҳужумчини максимал даражада эслатиш учун махсус бутса ишлаб чиқарилганини ҳам биласизми? Why Always Me? («Нега фақат мен?») ёзуви Марионинг алоҳида «ташриф қоғози»га айланганини айтиш шарт эмасдир. Футболчи вақтида ўз либосида шу ёзувни кўз-кўз қилиб, катта шов-шув кўтарганди. Аммо бу ҳам Балотеллининг соч турмаги шарафига яратилган ижод намунаси олдида ҳеч нарса эмас. Хуллас. Puma evoPOWER MB 9 бутсаси таърифини сўзлашга тил, ёзишга қалам ожиз. Бошқача айтсак, соч турмагига ўхшатиб ишланган бутса - янги асрдаги энг улкан ихтиролардан бири.

Warrior Gambler

Warrior 2013 йили «Ливерпул»дек жамоа билан шартнома тузиш асносида футбол оламига катта ва жиддий қадам ташлади. Компания вакиллари келишув шарафига жаҳон футболига ўзларининг биринчи ижод намуналари - Warrior Gambler бутсасини тақдим этишди. Ушбу спорт пойафзалининг нодир белгиси орқа томонидаги тешикча бўлиб, у ғояга кўра, яхшигина эластикликни таъминлаши керак эди. Аслида чакки ўйланмаган янгилик, бироқ тешикча тез орада ножўя таърифларга муносиб кўрилди. Хуллас, Warrior ижоди ташвиқот нуқтаи назаридан даҳшатнинг ўзгинаси бўлди.

Yohji Yamamoto adiZero F50

Шарқ маданиятига кўра, аждарҳо кўпинча бойлик, муваффақият ва ривожланиш тимсоли сифатида қадрланади. Бироқ четда бошқача ёндашув мавжуд. Эҳтимол, Adidas япониялик дизайнер Ёжи Ямамото ёрдамида ҳар икки қарашни уйғунлаштиришни хоҳлагандир. Фақат шуниси борки, якуний натижани яхши дейишга тил айланмайди. Ушбу модель 2014 йили пайдо бўлди ва унча кўп «яшамади». Қизиғи, Adidas ўз ижодидан ўзгача илҳомландими, орадан яна бир йил ўтиб, шунга ўхшаш янги модель яратиб, унга Tatoo номини берди. Аммо иккинчи уринишда ҳам бутса даҳшат уйғотадиган даражада чиқди.

Serafino 4th Edge

Учи қирқилган бутса қандай кўриниши мумкинлигини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Ўзи бундай пойафзалда ўйнаб бўладими? Ҳайратланишга шошилманг, Serafino 4th Edge бу саволга жавобдир. Ушбу бутса австралиялик итальян дизайнери Жон Серафино томонидан ишлаб чиқарилган. У ўз ижоди билан футбол оламида инқилоб ясашни режалаштирганди. Бироқ ўйлаганлари амалга ошмади: кенг миқёсли тақтимот маросими ва мисли кўрилмаган шов-шув тезда тинди. Ҳа-я, «Шеффилд Юнайтед»нинг собиқ мураббийи Найжел Клаф бутса ажойиб эканлиги, бироқ унга ҳеч ким «қулоқ солмагани»ни қасам ичиб таъкидлаганди: «Шундоқ сезилиб турибди, бу бутса ёрдамида зарба аниқлиги ва кучини ошириш имконияти катта.  Очиғи, Serafino 4th Edgeнинг жаҳон спортида инқилобга йўл очишини тахмин қилгандим. Афсус, мен ўйнаган даврда бундай бутса йўқ эди-да...».

Nike Vapor

Юлдузлар баъзан жуда ошириб юборишади-да. Агар сиз қимматбаҳо бутсани биринчи бўлиб Криштиану Роналду кийганини айтсангиз, унда қаттиқ янглишган ҳисобланасиз. Зеро, айни пайт «Боруссия»да тинмай гол ураётган Пьер-Эмерик Обамеянг 2012 йилдаёқ нархи 2,5 минг фунтга тенг Nike маҳсулотини оёғига олишга жазм этганди. Нега бунчалик қиммат? Гап шундаки, Nike Vapor 4000 дона Swarovski кристалли билан безатилганди. Энг ажабланарли ва аламли томони нималигини биласизми? Африкалик футболчи шундай зийнатланган бутсадан фақат оддий машғулотларда фойдаланган, холос.

Puma evoSPEED 1.2 Camo Limited Edition

Бунисига қандай таъриф бериш мумкин? Ушбу гўзал ижод намунасининг нега «четлаштирилган» серияга мансублиги тушунарли бўлса керак? Қисқаси қандайдир изоҳ ортиқча...

Zygo Deztruct

Zygo нима? Бу Мельбурнда фаолият юритувчи Авс-тралия компанияси. У қандай «телба»ликка қўл урган? Шунчаки, ўзининг илк бутсасини бировнинг хаёл кўчасига ҳам сиғмайдиган кўринишда тайёрлаб, вақтни беҳуда сарфлаган. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, ғояга асосан, Zygo Deztructнинг бўжама устки қоплами футболчиларнинг янада кучлироқ зарба йўллашларига ёрдам бериши керак эди. Дизайнига келсак, бутса бармоқ излари билан безатилганди, бироқ якуний натижа саккизоёқнинг изини эсга солди, холос... Қарангчи, сизга ёқар балки? Ахир австралияликлар бу ижод билан чинакам шов-шув кўтаришни кўзлагандилар, бироқ ҳозирча... Тўғри, бу маҳсулотни ўзига яраша мухлислари бор, албатта.

New Balance Visaro Signal Edition

Кўм-кўк дарахтга чиқувчи мослама дизайнида ишланган New Balance Visaro Signal Edition серияси бозор юзини яқиндагина кўрди. Аммо қисқа вақтда унга нисбатан етарлича саволлар туғилди. Ҳаётда бу мосламанинг ранги ваҳший ҳайвонларда қўрқув уйғотиши керак, бироқ унга ўхшаш бутсалар футбол майдонида кулгуни қисташдан бошқасига ярамаяпти. Нима бўлганда ҳам, яхшигина уринишми? Йўқ, асло.

Adidas Primeknit FS

Савол: агар пайпоқ ва бутса ўзаро уйғунлаштирилса, нима вужудга келади? Қандайдир тушунарсиз матоҳ. Ҳа, Adidas томонидан ишлаб чиқарилган ер юзидаги биринчи «пайпоқ-бутса»ни тезроқ унутиш маъқул. Айтганча, айни пайт Nike айнан пайпоқ кўринишидаги ва ҳимоя қатлами мустаҳкамланган Magista, Mercurial ва Hypervenom сериялари билан бутсалар бозорида ҳукмронлик ўрнатишга уринмоқда.

Under Armour Speedform

Супермен ёки Бэтмен? Бу савол неча 10 йилларки, комикслар ихлосмандларини қийнаб келмоқда. Бироқ ушбу суперқаҳрамонлар ҳеч қачон ўта омадли спортчилар билан таққосланмаган. Махсус белги остидаги Under Armour Speedform бутсаси «Бэтмен Суперменга қарши: адолат уфқида» фильми (2016 йил)нинг премьераси муносабати билан ишлаб чиқарилди. Аммо уни катта футбол майдонларида кўрмасак керак.

FootballHD.ru - А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
1 Челси 20 49
2 Тоттенхэм 21 45
3 Ливерпуль 21 45
4 Арсенал 20 41
5 Манчестер Сити 20 41
6 Манчестер Юнайтед 20 37
7 Эвертон 21 33
8 Вест Бромвич 21 29
9 Сток Сити 21 27
10 Бёрнли 21 26
11 Борнмут 21 25
12 Вест Хэм 21 25
13 Уотфорд 21 23
14 Саутгемптон 20 21
15 Лестер 21 21
16 Мидлсбро 21 20
17 Кристал Пэлас 21 16
18 Халл Сити 21 16
19 Сандерленд 21 15
20 Суонси 21 15
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

"INTERFUTBOL" 6 FACE

  • ЖЧ-2018 САРАЛАШИНИНГ ОСИЁ ҚИТЪАСИ 3-БОСҚИЧИДА ЎЗБЕКИСТОН ТЕРМА ЖАМОАСИ ГУРУҲДА НЕЧАНЧИ ЎРИННИ ЭГАЛЛАЙДИ?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.