Қайднома

Қидирув

Гвардиола ёрдамчиси – сув полоси юлдузи

Гвардиола ёрдамчиси – сув полоси юлдузи

  25.12.2016 06:20
  0
  250
Гвардиола ёрдамчиси – сув полоси юлдузи

«Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола ҳақида кўп ва хўп ёзилган, ёзилмоқда. Уни замонавий футболдаги энг кучли мутахассис сифатида таърифлайдиганлар ҳам бор. Умуман, Гвардиоланинг футбол ривожига қўшган ҳиссасини ҳеч ким инкор этмаса керак. Лекин барча ишларга бир ўзи улгуролмаслиги ҳам айни ҳақиқат.

Буюк ватерполчи

Мануэль Эстиарте - буюк спортчи. Эҳтимол, кўпчилик у ҳақда эшитмагандир, зеро, испаниялик спортнинг сув полоси тури билан шуғулланган. Унинг буюклигини биргина факт аниқ тасдиқлайди - Каталониянинг ХХ асрдаги энг яхши спортчиси мақоми айнан Эстиартега тегишли! Эътибор беринг, буюк «Барселона»нинг бирор футболчиси эмас, балки айнан ватерполчига! Мануэлнинг совринларини бирма-бир санашга ўтамиз: у қаторасига 7 йил (1986-1992) давомида жаҳоннинг энг яхши ватерполчиси номини бегона қилмаган. Шунингдек, Мануэль 6та Олимпиадада қатнашган 2 нафар ватерполчидан биридир. Қолаверса, бу мусобақанинг 2та финали (1992 ва 1996)да «хет-трик»ка эришгани билан мақтаниши мумкин. Тўғри, Барселонада мезбон сифатида ўйнаган испанлар ҳал қилувчи баҳсни итальянларга 8:9 ҳисобида бой беришганди. Улар яна 4 йилдан сўнг Атланта Олимпиадаси финалида хорватларни  енгиб, узоқ кутилган олтин медални қўлга киритишган. Умуман олганда, Эстиарте ўзи қатнашган барча Олимпиадаларда нақ 127та гол урган ва бу сув полоси учун рекорд натижа ҳисобланади. Бунга қўшимча равишда, Мануэлнинг жаҳон чемпионлигини қўлга киритгани ва яна 2та финалда ўйнагани, Европа чемпионатида ҳам кумуш медаль эгасига айланганини айтсак арзийди. Клублар даражасига келсак, Эстиарте Испаниянинг 5 карра ва Италиянинг 4 карра чемпионидир. Қолаверса, еврокубокларда 6 марта зафар қучган. Шу натижалари эвазига «дельфин-голеадор» лақабини олган, бошқача айтганда, у сувдаги Марадона демакдир.

Гвардиола билан дўстлик

Эстиарте футболга тасодифан - дўстлик туфайли кириб келади. Хуллас, ватерполчи 1991 йили Хосеп Гвардиола билан танишиб қолади. Бир йилдан кейин улар Барселона Олимпиадаси очилиш маросимида бирга иштирок этишади. Италия клубларидаги фаолият эса, уларни янада яқинлаштирди. Чунончи, Эстиарте ўйинчилик фаолиятини якунлагач, Италиянинг «Пескара» клубига президентлик қилди, шунинг баробарида Халқаро олимпия қўмитасида иш бошлади. 2008 йилга келиб, Гвардиола «Барселона» бошқарувини қўлга олди ва дарҳол қадрдон дўстини ёнига чақирди - ўшанда у ишсиз юрганди. Аниқроғи, Эстиарте Каталония клубининг ташқи масалалар бўйича директори лавозимига та-йинланди. Собиқ ватерполчи юзага келган вазиятдан имкон қадар самарали фойдаланди. Яъни клуб раҳбарияти ва мураббийлар штаби фаолиятини аъло даражада ўрганди. Албатта, бунда унга Гвардиола томонидан билдирилган юксак ишонч қўл келди. Шундай қилиб, Эстиарте вақт ўтгани сайин мураббийнинг нафақат ҳамкасби, балки ҳақиқий таянчига айланди. Гвардиола «Бавария» бошқарувига ўтганида, дўстини ҳам ортидан эргаштирди. Табиий савол туғилади: «Мюнхенда собиқ ватерполчи нима қилган?» Яқинда Гвардиоланинг ўзи бу саволга аниқ жавоб берди: «Шахсан мен унга эҳтиёж сездим. Мураббийлар жуда-жуда ёлғизлар, ҳаддан ташқари ёлғиз. Шунинг учун Мюнхенда Мануэль ёнимда бўлишини истадим».

Эстиарте зиммасидаги вазифалар

Эстиарте айни пайт Гвардиоланинг «ўнг қўли» ҳисобланади, аммо мураббийлик жараёнида эмас, балки медиаҳудудда. Собиқ ватерполчи матбуот билан алоқани назорат қилади. Яъни унинг вазифаси - ёш ўйинчиларнинг журналистларга ортиқча гапириб юбормасликларини таъминлаш. ОАВга ким интервью беришини айнан Мануэль белгилайди. Шунингдек, Гвардиолани суҳбатга чорлаган мухбир барчасини унинг содиқ ёрдамчиси билан келишган ҳолда ташкиллаштириши лозим. Баъзан Эстиарте матбуот анжуманларида Гвардиолага бевосита кўмаклашади ҳам. Жорий йилнинг августида, «Манчестер Сити»нинг «Вест Хэм»га қарши ўйинидан сўнг журналистлар «шаҳарликлар» бош мураббийидан «Жон Стоунснинг алмаштирилиши жароҳат билан боғлиқ эмасми?» -  деб сўраб қолишди. Гвардиола эса унинг кўз қисми бироз лат еганини билмаганди. Табиийки, журналистлар буни телетрансляция давомида илғашган. Натижада мураббий ёрдам илинжида Эстиартега боқди, у ўз навбатида, имо-ишоралар орқали дўстига кўмаклашиб юборди.

Эстиарте футболчилар билан мулоқотларда ҳам яқиндан ёрдам беради. «Манчестер Сити» мураббийи «Бавария»даги ҳамкорликни шундай баён этганди: «Мануэль юқори даражадаги ўйинчилар масаласида бир тўхтамга келишимда кўп кўмаклашади. У доимо қатъий гапиради: «Тўхта, бундай қилма». Бу ҳаёт ичидаги ҳаётдир. Шундай вазиятлар бўладики, барчасига ҳар томонлама баҳо бериш талаб этилади. У айнан шундан ҳолатларда менга кучли таъсир ўтказади, спортга юқоридан назар ташлашимга  кўмаклашади».

Хуллас, Гвардиоланинг муайян бир қарор қабул қилишида Эстиартенинг ўрни катта. Дейлик, Пеп машҳур Самуэль Это~Онинг сотиш жараёни ва Жо Хартни ижара келишуви асосида Италияга юборилишида яқин ёрдамчиси маслаҳатига қулоқ тутган. Нима бўлишидан қатъий назар, Эстиарте ҳозирча бош мураббий эмас ва бу имконсиздай ҳам.  Аммо унинг Хосеп Гвардиола - футбол тарихидаги энг буюк мураббийлардан бирининг фаолиятида беқиёс ўрин тутишига шубҳа йўқ.

Sports.ru - И.ОБИДОВ



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
1 Челси 25 60
2 Манчестер Сити 25 52
3 Тоттенхэм 25 50
4 Арсенал 25 50
5 Ливерпуль 25 49
6 Манчестер Юнайтед 25 48
7 Эвертон 25 41
8 Вест Бромвич 25 37
9 Сток Сити 25 32
10 Вест Хэм 25 32
11 Саутгемптон 25 30
12 Бёрнли 25 30
13 Уотфорд 25 30
14 Борнмут 25 26
15 Суонси 25 24
16 Мидлсбро 25 22
17 Лестер 25 21
18 Халл Сити 25 20
19 Кристал Пэлас 25 19
20 Сандерленд 25 19
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

Қийин – қийин «Барселона»га қийин бўлди

  • Олий лиганинг қайси жамоасига мухлислик қиласиз?

  • Олий лиганинг қайси жамоасига мухлислик қиласиз?

  • ЖЧ-2018 САРАЛАШИНИНГ ОСИЁ ҚИТЪАСИ 3-БОСҚИЧИДА ЎЗБЕКИСТОН ТЕРМА ЖАМОАСИ ГУРУҲДА НЕЧАНЧИ ЎРИННИ ЭГАЛЛАЙДИ?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.