Қайднома

Қидирув

Майдон чорлаётган марралар

Майдон чорлаётган марралар

  28.12.2016 06:21
  0
  337
Майдон чорлаётган марралар

Янги йил арафасида ҳар бир кўнгил эзгу орзу-умидлар билан тўлиб-тошади. Кимдир ортда қолган вақтда йўл қўйган хатоларини таҳлил қилади, улардан тўғри хулоса чиқаришга интилади, янги йилда бошқачароқ яшаш ва ишлашни дилига тугади. Бошқа биров эса янги марраларни эгаллаш учун аниқ мақсад - режалар тузади.

Дейлик, «Обод» билан астойдил ўқув-йиғин машғулотларини ўтказаётган Рауф Инилеевнинг ўзига яраша орзу-умидлари, мақсад-режалари борлиги аниқ. Узоқ вақт мураббийлик соҳасидан четда қолган таниқли мутахассис берилган имкониятдан унумли фойдаланишни билади. Мухлислар шу пайтга қадар телеэкран ва турли нашрлар орқали унинг жўяли мулоҳазалари билан танишиб келишди. Ҳаттоки, айримлар Осиёнинг 2007 йилги энг яхши мураббийига тегишли ва кучли мантиқ уфуриб турган мулоҳазалардан ҳаяжонланиб, уни Самвел Бабаянга маслаҳатчи сифатида тайинлаш хусусида таклифлар билдиришди. Хуллас, Рауф Талгатовичнинг уйғоқ фикрли мураббий эканлиги яна бир бор ўз тасдиғини топди. Унинг матбуотдаги фаоллиги бесамар кетмади. Энди Инилеев - «Обод» бош мураббийи. Жонкуяр мухлислар унинг «Обод» тимсолида ўзлари орзу қилган ажойиб жамоани шакллантиришига умид боғламоқдалар. Бошқача айтганда, «Обод» янги мавсумда наинки олий лига, балки футболимизни обод қилишига ишонишмоқда. Биз ҳам шу умид ва ишонч рўёби тарафдоримиз. Зеро, Рауф Талгатовичда бунинг учун барча фазилат ва жиҳатлар мужассам. Ҳаммаси «Обод» футболчиларининг зукко мураббий  фалсафасига қандай муносабатда бўлишларига боғлиқ. Агар улар бош мураббий кўрсатмаларини оғишмай бажаришса, янги мавсумда «Обод»ни тўхтатиш қийин кечади. Акс ҳолда, ҳамма иш чаппасига кетиши ҳам мумкин. Шу боис, жамоа мутасаддиларидан юксак футбол маданиятини таъминлаш йўлида астойдил курашиш талаб этилади.

 Ана, «МЮ» мутасаддилари Жозе Моуриньо тимсолида энди ўзлари истаган ва излаган мураббий топилганини таъкидлашмоқда. «Беназир» «қизил иблислар»ни узоқ муддат бош­қаришини режалаштиришмоқда. Рауф Инилеев феъл-атвор бобида ундан анчайин фарқлансада, мураббийлик соҳасида Жозе каби беназирдир. Демак, Рауф Талгатович билан ҳам узоқ муддатли шартнома тузилса арзийди. Шу ўринда таъкидлаш жоиз, мураббийлар билан қатъий ва узоқ муддатли шартномалар кам тузилаётгани футболимизнинг оқсоқ жиҳатларидан бири бўлиб қолмоқда. Қаранг, Игорь Шквиринга ҳам кўз тегди. «Олмалиқ»нинг ўтган мавсумдаги баланд-паст иштироки жиддий таҳлилга муҳтож. Ишончимиз комилки, Игорь Анатольевич яқин келажакда кетиши сабабларини кўпчиликка етказади. Ҳозирча мухлислар буни жамоанинг ўтган мавсумдаги бўш иштироки билан изоҳлашмоқда. Балки Игорь Шквирин учун «ҳаво» алмаштириш зарурати туғилгандир ва ҳар икки томон ҳам мавсум якунланишини сабрсизлик билан кутгандир. «Олмалиқ» мутасаддилари эҳтимолки, янги мавсумга боғлиқ улкан мақсадларни кўзлашаётгандир. Бу борада уларга Виктор Кумиковнинг футбол фалсафаси маъқулдир балки. Бўлиши мумкин. Ҳар ҳолда, бироз «сайёр»лигини ҳисобга олмаганда, унинг нималарга қодирлиги мухлисларга маълум. Муҳими, Игорь Шквириннинг пешонасига ҳам Рауф Инилеевнинг аввалги қисмати ёзилмаса, бас. Чунки бизнинг футбол муҳитимизда малакали мураббий-мутахассислар жуда оз. Шундайлардан бири Рауф Инилеев узоқ вақт мураббийлик соҳасидан четда юрди. Бу ҳол мухлисларга тушунарсиз эди ва энди унга барҳам берилгани қувонарлидир. Нима бўлганда ҳам, футболимиз Миржалол Қосимов, Игорь Шквирин, Азамат Абдураимов каби тажрибали мутахассислар имкониятидан етарли даражада фойдаланишидан умидвормиз.

 Футболда омад ва омадсизлик ёнма-ён яшайди. Қайсидир мураббий аслида кучли мутахассис саналмаса, омад билангина кўкларга кўтарилолмайди. Буни «Челси» билан Роман Абрамович орзуларини рўёбга чиқарган Роберто ди Маттео тимсолида кўрдик. Омад уни юқори мавқеда ушлаб туролмади. Ёки «Челси»даги омадсизлиги Жозе Моуриньонинг мураббийлик рейтингини пасайтириб юбормади. Йиллар давомида тўпланган ва сайқалланган тажриба асл олтин айнимагани каби ҳеч қачон йўқолмайди. Аксинча, янада тобланади. Тўғри, биз тилга олинган мураббийларни кўп бора танқид остига олганмиз. Вазият тақозо этса, бундан кейин ҳам шу йўлдан борамиз. Бироқ унутмаслик керакки, тан­қид мутлақо воз кечишни билдирмайди. Тажрибаларнинг ўзига хос жиҳатларини ўрганиш ва уларни эҳтиёж сезилаётган ўринларга йўналтира билиш мутасаддилик бобидаги оқилликдир. «Локомотив» мутасаддилари ўтган мавсум шундай йўл тутишди ва хорижлик мутахассис ёрдамига таяниб адашишмади.

Хўш, сизнингча, замонавий автомобилларнинг эгасига айланган «темирйўлчилар» янги йил арафасида қандай орзу-режалар билан бандлар? Юзаки қараганда, уларнинг ҳар бири футболчи сифатида бошқа кўплаб ҳамкасблари етолмаган марраларни забт этди. Чемпионлик унвони ва кубок соҳиби бўлиш орзуси армонга айланган футболчилар қанча?! Ишончимиз комилки, «темирйўлчилар» юксак унвонлар оғушида эсанкираб қолишмайди ва янги мавсумда яна ҳам юксакроқ марра - ОЧЛ ғолиблиги учун курашишади. Бугун Неймар «Барселона» билан 2015 йили қайд этган натижаларини такрорлаш орзусида. Аёнки, у ўша натижаларни такрорлаш билан чегараланмайди. Негаки, юксак орзуси - жаҳон чемпиони бўлиш. Айнан шундай орзу туфайли Лионель Месси ва Криштиану Роналду ўзаро рақобатлашишдан чарчамайдилар ва тенгсиз-толмас рақобат сабаб, жаҳон футболи янги марралар сари илгарилаб бораверади. Златан Ибрагимович, Уэйн Руни каби «оқсоқол» даҳолар эса энди фаолиятларини мантиқ ва мақсадга мувофиқ давом эттириш режаси билан яшайдилар.  Руни «МЮ» клуби ва Англия термаси учун борини берди. Уэйннинг бахти шунда ва Антуан Гризманнга жой бўшатиш унинг учун фожеа ҳисобланмайди. Италия суперкубоги учун баҳс­да ўз вориси ва адаши Доннаруммага ютқазган Жанлуижи Буффон шунинг учун ёшлик тантанаси қошида бош эгади. Бу - юксак футбол маданиятининг талаби.

 Талаблар хусусида сўз борса, беихтиёр мухлисларнинг янги йил арафасидаги эътироз ва эътирофлари ёдга тушади. Улар билан мулоқотга киришар эканмиз, АПЛдаги қизғин баҳслар ва Boxing Dayнинг ажабтовурлиги хусусида сўз очамиз. Афсуски, бу борадаги савол-жавоблар узоққа чўзилмайди. Ҳаттоки, UzReport TV ҳам 31 декабрь куни соат 22:30да бошланадиган муҳим баҳс - «Ливерпуль» - «Манчестер Сити» олишувини намо­йиш этмаслиги уларни ортиқча таажжублантирмайди. «Тўғри қилишади. Ўша ўйин намойиш этилганда ҳам, барибир, кўролмасдик. Уйдагилар янги йил эшик қоқаётган бир паллада бизнинг қизиқишларимиз билан ҳисоблашишмайди!»- дейишади улар ҳазиллашиб. Ростига кўчсак, янги йил арафасида ҳам уларнинг фикру хаёллари миллий жамоамизнинг бўлажак учрашувлари билан банд. Зеро, терма жамоамиз аъзоларининг ҳозирги ҳолати, янги йил орзу-умидлари билан қизиқишмоқда. Гўёки, ғалаба майдони мухлисларни янги марралар сари чоғлаётгандек. Очиғи, еврофутболнинг юксак савиясини қадрлайдиган, аммо миллий жамоа манфаати олдида уни нари суришга қодир бундай ажойиб мухлисларни бошқа бирор юртдан топиш мушкул. Миллий жамоамиз мураббий штаби ва футболчиларнинг шу фидойилик ҳурмати янги мавсумга рақиблардан ўздирадиган ўзгача кайфият билан ҳозирланишларига ишониб қоламиз. Эшик қоқаётган янги йил муборак, азиз мухлислар!

Муҳаммад Вали

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
1 Челси 20 49
2 Тоттенхэм 21 45
3 Ливерпуль 21 45
4 Арсенал 20 41
5 Манчестер Сити 20 41
6 Манчестер Юнайтед 20 37
7 Эвертон 21 33
8 Вест Бромвич 21 29
9 Сток Сити 21 27
10 Бёрнли 21 26
11 Борнмут 21 25
12 Вест Хэм 21 25
13 Уотфорд 21 23
14 Саутгемптон 20 21
15 Лестер 21 21
16 Мидлсбро 21 20
17 Кристал Пэлас 21 16
18 Халл Сити 21 16
19 Сандерленд 21 15
20 Суонси 21 15
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

"INTERFUTBOL" 6 FACE

  • ЖЧ-2018 САРАЛАШИНИНГ ОСИЁ ҚИТЪАСИ 3-БОСҚИЧИДА ЎЗБЕКИСТОН ТЕРМА ЖАМОАСИ ГУРУҲДА НЕЧАНЧИ ЎРИННИ ЭГАЛЛАЙДИ?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.